Линклар

Шошилинч хабар
04 апрел 2020, Тошкент вақти: 19:55

The Insider: Сергей Лавровнинг 600 миллион рубль қийматга эга кўчмас мулки бор


The Insider нашрининг ёзишича, Россия ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Сергей Лавров тахминан 600 миллион рубль қийматидаги кўчмас мулкка эга.

Бу миқдор Лавровнинг расмий даромадидан анча юқоридир. Лавров расмий ойлиги билан 120 йилда ҳам бу мулкни бозор нархида сотиб ололмаган бўларди.

Лавров 16 йилдан бери Россия Ташқи ишлар вазирлигига етакчилик қилиб келади. The Insider маълумотларига кўра, амалдор Рублево-Успенский шоссесидаги Жуковка қишлоғида майдони 499 квадрат метр бўлган уч қаватли уйга эга.

Авваллари бу ерда давлат дала ҳовлилари бўлган, аммо ҳозир у Москва вилоятининг энг қиммат ҳудудларидан бирига айланган. The Insider ҳисоб-китобига кўра, Лавровнинг Жуковкадаги уйи 300 миллион рублдан қиммат бўлиши мумкин.

Нашр, шунингдек, Лавровнинг Москва марказида, Пушкинская метро бекати яқинида майдони 247 квадрат метр уйи борлигини аниқлади. The Insider ушбу квартиранинг ҳам бозор қийматини 300 миллион рублга баҳолади.

Лавровга бу квартирани қизи совға қилган. Қизи эса, ўз навбатида, уни аввалги эгасидан бошқа квартирага алмашган. Квартирани олганида Лавровнинг қизи 25 ёшда бўлган, ҳеч қандай бизнеси бўлмаган.

Лавровнинг ўзи ҳозирча бу хабарни изоҳлагани йўқ.

Лавров Дмитрий Медведев ҳукумати истеъфосидан кейин амалдаги ташқи ишлар вазири вазифасини ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG