Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:50

Луганскда аҳоли қўрқув ва хавотирда


20 февраль. Айирмачилар назоратидаги Луганск шаҳри ва ҳукумат назоратидаги ҳудудни ажратиб турувчи  Станица чегара постидан ўтаётган аёл ва унинг қизи.
20 февраль. Айирмачилар назоратидаги Луганск шаҳри ва ҳукумат назоратидаги ҳудудни ажратиб турувчи  Станица чегара постидан ўтаётган аёл ва унинг қизи.

28 ёшли Наталья Украинада саккиз йил аввал уруш бошланганда, отишмалар вақтида ертўлага яширинган эди.

“Энди вазият бошқача. Мен болаларимдан хавотирдаман”, деди у.

Наталья Луганскни тарк этиб Украина томонга йўл олган. 3 ёшли ўғли ва 5 ёшли қизи билан кетаётганини маълум қилган.

Украинанинг шарқий Донбасс минтақасидаги узоқ давом этган зиддият янада авж олиш арафасида турибди. Россия билан Киев ва Ғарб ўртасида кескинлик кучаймоқда.

Вазият жиддий. Россиянинг янги босқини ҳақидаги хавотирлар ортган. Владимир Путиннинг Украина ҳукумати Донбасда “геноцид” амалга оширмоқда, деган ёлғон даъволари фонида 18 февраль куни Луганск ва Донецкдаги айирмачилар етакчилари Россияга оммавий эвакуация ҳақида бонг урди. Кейинчалик 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркаклар учун умумий сафарбарлик эълон қилиниб, айни ёшдаги эркакларнинг ҳудудни тарк этиши тақиқланди.

Айирмачилар етакчилари ҳеч бир далилсиз Украина ҳукумат кучлари тез орада ҳужумга ўтишини даъво қилмоқда. Киев буни рад этди. Ғарб расмийлари Москва ва айирмачиларни Россиянинг Украинага янги босқинига баҳона қидираётганликда айблади.

20 февраль куни назорат-ўтказиш пунктида одамлар оқими кўпайган. Улар эвакуация чақирувларига аҳамият бермаяпти. Кўпчилик ўз уйини ташлаб кетмоқда. Уларнинг айтишича, Луганскда, зўравонликлар кучаймоқда.

Айтишларича, Луганскдаги Станица чегара постидан ўтиш ҳар доимгидек ноқулайлигича қолмоқда. Пандемия сабабли чегарани кесиб ўтишга чекловлар ўрнатилгандан сўнг, бу катта муаммога айланди.

Чегара назорат пункти яқинида кўплаб кичик маиший дўконлар очилаëтгани кузатилмоқда.
Чегара назорат пункти яқинида кўплаб кичик маиший дўконлар очилаëтгани кузатилмоқда.

Расмийлар 21 февралдан мактабларни ёпишга буйруқ берди.

"Бизни ҳеч қаерда хоҳлашмайди"

Аня исмли аёлнинг айтишича, у ўғиллари билан чегарани кесиб ўтишидан бир неча кун олдин ўнга яқин портлаш овози эшитилган. Унинг сўзларига кўра, бу овозлар қаердан келгани ва ким айбдор эканини айтиш қийин. “Бутун дунё бу ердаги можаро ҳақида унутди ва ҳали ҳам бу ҳудудда одамлар жон сақлашга ҳаракат қилаётганини дунё билмайди” дея таъкидлайди у.

"Бизни ҳеч қаерда хоҳлашмайди, на Киевда, на Москвада. Европа ёки Қўшма Штатларда биз ҳақимизда ўқишаётганидан хурсандман" қўшимча қилади аёл.

Ўзини Анатолий деб таништирган асаларичи Луганскдаги Станица яқинидаги ўтказиш пункти ëнида асал сотади.
Ўзини Анатолий деб таништирган асаларичи Луганскдаги Станица яқинидаги ўтказиш пункти ëнида асал сотади.

Луганскдаги Станицанинг ўзида икки кун аввал айирмачилар томонидан болалар боғчаси ўққа тутилгандан сўнг одамларда қўрқув кучайган. Мактабга бўлган ҳужумда икки ўқитувчи енгил жароҳат олгани хабар қилинган.

Эвакуация тўғрисида буйруқ чиққанидан бери қанча одам Луганск ва Донецкнинг айирмачилар назоратидаги қисмларини тарк этгани номаълум. Айирмачилар етакчиларига кўра, ўн минглаб одамлар қўшни Россиянинг Ростов вилоятига жўнаб кетган.

"Шафқатсизлик"

Қанча одам Луганскни мустақил тарк этиб, Украина ҳукумати назорати остидаги ҳудудга ўтиб кетгани ҳақида аниқ рақамлар йўқ. Россия давлат ахборот агентлиги ТАСС 20 февраль куни Луганскдаги айирмачи расмийларга таяниб, 34 мингга яқин одам Ростовга ўтганини маълум қилди.

27 ёшли Таня исмли аёл 3 ёшли қизи билан Луганскнинг жануби-ғарбида, ҳукумат қўшинлари назорат чизиғидан узоқ бўлмаган Стаханов шаҳрига, ота-онасиникига борди: “Бу шафқатсизлик, чиндан ҳам шафқатсизлик. Одамлар бундан кейин нима бўлишидан қўрқмоқда. Ҳамма жойда ҳарбийлар, ўқ овозлари" дея таъкидлайди у.

У эркакларга умумий сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, болалари кетишга қарор қилганини айтади.

Фронт чизиғида жойлашган ҳукумат назоратидаги шаҳар Новолуганське аҳолиси таҳдид ёки рус қўшинларининг янги босқинидан эмас, шаҳарда ҳаёт ўлиб бораётганидан ташвишда. Одамлар кўчиб кетмоқда, мактаблар бутунлай ёпилган.

65 ёшли нафақахўр Олеся исмли аёлдан агар уруш бошланса кетасизми, деб сўралганида, у "Қаерга бораман? Мен ҳеч кимга керак эмасман. Бу ерда биз ҳеч кимга керак эмасмиз”, дея жавоб қилди.

Ўзини Ирина деб таништирган аёл ўғли ва қизи билан Луганскдаги Станица чегара постини кесиб ўтмоқда.
Ўзини Ирина деб таништирган аёл ўғли ва қизи билан Луганскдаги Станица чегара постини кесиб ўтмоқда.

У 7 ёшли қизи ва 2 ёшли ўғли билан ёлғиз яшайди. У ҳам Луганскни тарк этиб Старобилскка йўл олган.

"Кўпчилик кетяпти, аммо баъзилар қолди, – деди у. – Ваҳима борми? Мен бундай демаган бўлардим. Ҳозир авваллари бўлмаган жиддий қўрқув бор”, дея вазиятни изоҳлади у.

Шаҳарда кечаси эшитилаётган портлашлар ҳақидаги саволга у "Биз бу ҳақда болалар олдида гапирмасликка ҳаракат қиламиз", деб жавоб берди.

XS
SM
MD
LG