Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2022, Тошкент вақти: 18:02

Манбалар: Алина Кабаева 2015 ва 2019 йилларда Путиндан икки ўғил кўрган


Бадиий гимнастика бўйича Олимпия чемпиони Алина Кабаева Кремлдаги расмий тақдирлаш маросимида. Москва, 21 декабрь, 2005.

Швейцариянинг SonntagsZeitung газетаси 1 май сонида Россия президенти Владимир Путиннинг 2015 ва 2019 йилларда туғилган икки ўғли борлиги ва улардан бири Швейцарияда истиқомат қилиши ҳақида ёзди.

Газета маълумотига кўра, болаларни таги тошкентлик собиқ гимнастикачи, Олимпиада чемпиони Алина Кабаева дунёга келтирган. Кабаева Путиннинг яқинларидан бири сифатида сўнгги пайтларда Ғарб ОАВларида кўп тилга олинмоқда эди.

Швейцария нашри манба сифатида икки ҳолатда ҳам Кабаевага доялик қилган шифокорнинг танишига ҳавола берган, аммо уларнинг илтимосига кўра исм-фамилияларини очиқламаган.

Шифокор Россияда туғилгани ва ёшлигида Путин билан таниш бўлгани, аммо анча йиллар бурун Швейцарияга кўчиб келгани айтилади. Манбага кўра, 2015 йилда Кабаева фарзандини туғиб олиши учун яширинча Швейцариянинг Лугано шаҳрига олиб келинган. Лекин воқеаларни тўла сир тутишга барибир муваффақ бўлинмаган: ўшанда Кабаева ўғил кўргани ҳақида қатор ОАВлар ёзган эди (айрим хабарларда эгизак туғди дейилади, бироқ SontaggsZeitung манбаси буни нотўғри маълумот деб айтган). Аввалбошдаёқ бола Путиннинг ўғли экани тахмин қилинаётганди. Аммо Кремль воизи Дмитрий Песков буни инкор этган.

Тўрт йилдан сўнг Алина Кабаеванинг яна кўзи ёриган, бу сафар у Москвада туққан. SontaggsZeitung манбаси бу “президент қарори” бўлганини билдирган.

Швейцария нашри Кабаева ҳомиладор эканида бир неча марта Луганога келганини, аммо ёнида Путин бўлмагани қайд этган. Яқинда Wall Street Journal газетаси ҳам Кабаева Швейцариядаги тевараги баланд девор билан ўралган ҳашаматли уйда кўп вақтини ўтказгани тўғрисида ёзган эди.

SontaggsZeitung нашри Кабаева ёки Путиннинг вакилларидан изоҳ ололмаганини билдирган.

Ўтган ҳафтада The Wall Street Journal газетаси исмини очиқламаган манбаларга таяниб, яқинда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Кабаевага қарши жорий этиш режаланган санкцияларни тўхтатиб қолгани ҳақида хабар берди. Мақолада АҚШнинг юқори мартабали мулозимлари Россия президенти Владимир Путиннинг кескин реакция билдиришидан ва Россия билан алоқалар янада таранглашуви мумкинлигидан хавфсирашгани айтилади, шунингдек Кабаева Путиннинг болалари онаси бўлиши мумкинлигига доир тахминлар эсга олинади.

  • Аввалроқ Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб мамлакатлари Катерина Тихонова ҳамда Мария Воронцоваларга қарши санкциялар қўллаган эди – расмий санкция рўйхатида улар Россия президентининг собиқ турмуш ўртоғи Людмила Путинадан кўрган қизлари ўлароқ тилга олинади. Кремль санкциялар тўғрисидаги хабарга жавобида Россия сиёсатчиларининг оила аъзоларига қарши чекловлар жорий этилишини қоралаб Тихонова билан Воронцова Путиннинг қизлари эканини де-факто тан олди.
  • Ўшанда Ғарб мамлакатлари Путиннинг “вояга етган фарзандлари”га нисбатан санкциялар киритилганини урғулаган эдики, бундан Россия президентининг вояга етмаган болалари ҳам борлигини тушуниш мумкин. Кремль Путиннинг фарзандларига доир хабарларга ҳеч қачон батафсил изоҳ берган эмас ва бу масалани жамият манфаатларининг бир қисми сифатида тан олишдан ҳамиша бош тортиб келган. Айни чоғда Путин бир неча бор набиралари борлиги ҳақида гапирган (уларнинг исмларини ва нечталигини очиқламаган ҳолда).
  • Россия президентининг Елизавета Кривоногих исмли яна бир қизи борлиги тахмин қилинади. Унинг онаси Светлана Кривоногих ҳам Ғарбнинг санкциялар рўйхатига киритилмаган.
XS
SM
MD
LG