Линклар

Шошилинч хабар
28 июл 2021, Тошкент вақти: 02:39

Мандариндан бошқаси қиммат... Бозор иқтисодиётига танаффус эълон қилинди


Шу кунларда Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида ташкил этилган Янги йил ярмаркаларида аҳолига арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмоқда.

Йиллардан буён анъанага айланиб қолган бундай ярмаркаларни бу йил ҳам уюштириш ҳақида президент Мирзиёев бундан икки ой олдин ўтказилган йиғилишда айтган эди.

Ярмаркалар ва доимий бозорлардаги нархларни қиёслаган ўзбекистонликлар ҳукуматнинг тадбиркорлар ҳисобидан нархни туширишга уринишлари самарасиз эканлигини билдирди.

Тошкент шаҳрининг барча туманларидаги каби, Миробод деҳқон бозорида ҳам Янги йил ярмаркаси очилган. Бозор маъмуриятидан Озодлик олган маълумотга кўра, 10 декабрда очилиб, 10 январгача ишлайдиган бу ярмаркада асосий озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштрилган нархларда сотилмоқда.

Кепқолинг, арзон бўлди, опқолинг!

Ярмаркадаги нархлар тўғрисида Озодлик 16 декабрь куни бозор маъмуриятидан мана бу маълумотларни олди:

гўшт (мол) 54000 сўмдан 60000 сўмгача (кг);

гўшт (қўй) 56 000 дан 60 000гача;

ўсимлик ёғи – 13 000 сўм (л);

тухум - 900 сўм (дона);

шакар - 6 000-6 500 (кг)

ун (маҳаллий) 2 800 сўм (кг)

Бозор маъмурияти ходимининг айтишича, шакар бир кишига 2 килодангина сотилмоқда. Қолган товарларга сотув лимити йўқ.

Марғилон шаҳар деҳқон бозори қошида очилган Янги йил ярмаркасида 1 кило мол гўшти - 45 000 сўм.

Марғилон. Деҳқон бозоридаги арзонлаштирилган моллар дўкони. 2020, 16 декабрь.
Марғилон. Деҳқон бозоридаги арзонлаштирилган моллар дўкони. 2020, 16 декабрь.

Қашқадарёнинг Косон туманида ташкил этилган ярмаркада бир кило гўшт 50 000 сўм.

Қашқадарё вилоят, Косон туманидаги гўшт дўкони. 2020, 16 декабрь.
Қашқадарё вилоят, Косон туманидаги гўшт дўкони. 2020, 16 декабрь.

Андижон шаҳрида очилган Янги йил ярмаркаларидаги нархлар билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.

Ярмаркалардаги бу нархларни Чиноз шаҳри бозоридаги қуйидаги нархларга қиёслашингиз мумкин:

гўшт (мол)- 55 000 - 60 000;
гўшт (қўй )-65 000;
ёғ (писта, Россия) - 82 000 (5 л.);
ёғ (писта, Ўзб. ) - 75 000 (5 л);
ёғ (пахта Қоз.) - 75 000 (5 л);
картошка -3 500 (кг); пиёз - 1000 (кг)

Чиноз шаҳри бозоридаги ёғ растаси. 2020, 16 декабрь.
Чиноз шаҳри бозоридаги ёғ растаси. 2020, 16 декабрь.

Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида Янги йил ярмаркаси расталари шу кунларда қурилмоқда. Шу ерлик бир харидордан олинган маълумотларга қараганда, 16 декабрь кунги нархлар қуйидагича:

гўшт (мол) - 55 000;

картошка - 4000;

пиёз - 3000;

сабзи - 3000;

ўсимлик ёғи - 16 000;

Гулистон шаҳридаги гўшт дўкони. 2020, 16 декабрь.
Гулистон шаҳридаги гўшт дўкони. 2020, 16 декабрь.

Мандариндан бошқаси қиммат

16 декабрь куни Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонликларга кўра, кейинги бир ой давомида озиқ-овқат нархларида кескин ўзгариш бўлмаган, бироқ узоқроқ муддат олинадиган бўлса, нархлар ўсаётганини кўриш мумкин.

Фақат бир маҳсулот – Ўзбекистонга импорт қилинадиган мева – мандарин сўнгги кунларда кескин арзонлагани қайд этилди:

Миробод туман бозори қошидаги Янги йил ярмаркасида 13 000 сўм.

Қўйлиқ бозорида 15 000 сўм.

Чинозда 15 000 сўм.

Гулистонда 15000 сўм. Бу нархлар йирик мандаринники.

Айтилишича, бу меванинг килоси 3-4 ҳафта муқаддам 25-30 минг сўм эди.

Бироқ майда мандарин барибир қиммат: Чинозда 45 минг сўм (бир ҳафта олдин 50 000 эди) Гулистонда 55000 (бир ҳафта олдин 60 000 эди)

Мандариннинг арзонлашини Қўйлиқ бозорида савдо қилувчи цитрусфуруш Янги йил байрами рамзларидан бирига айланган бу меванинг катта миқдорда импорт қилингани билан изоҳлади.

Мандариндан ташқари яна бир маҳсулот – Россияда ишлаб чиқарилган шоколадли конфетлар ҳам арзонлагани тўғрисидаги гаплар ўз тасдиғини топмади. Аксинча, бу маҳсулот қимматлагани айтилди. Тошкентлик харидорлардан бири 15 декабрда Қўйлиқ бозоридан бир кило конфетни 38 000 сўмга олганини айтди, худди шу конфетни жорий ой бошида 35000 сўмдан олганини эслади.

Чиноз шаҳри бозори. 2020, 16 декабрь
Чиноз шаҳри бозори. 2020, 16 декабрь

Ярмаркалар юки

Марғилон бозоридан 16 декабрда олинган суратга диққат билан қарасангиз, килоси 45 000 сўмлик гўшт Қўштепа туманидаги (Фарғона вилояти) “Муҳаммад Умар Умид ери” фермер хўжалигиники эканини кўрасиз. Арзонлаштирилган товарлар сотилаётган дўкон пештоқига уюштирувчилар шаҳар ҳокимлиги ва бозор маъмурияти экани катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган бўлса-да, ярмарка юки тадбиркорлар, фермерлар зиммасига тушади.

“Савдо бирлашмаси маркази” МЧЖ раҳбари, андижонлик Кушодбек Усмонов 16 декабрда Озодлик саволларига жавоб бераркан, ҳокимлик босими билан ўзи ҳам ярмаркага маҳсулот етказиб беришга мажбур бўлганини, бу ишни сўнгги бор 2014, 2015 йилларда қилганини айтиб берди. Усмоновнинг фикрича, ярмаркаларни уюштириш орқали ҳокимликлар аҳолининг энг қашшоқ қатлами “кўнглини олиши” мумкин, бироқ бу чора билан доимий бозорлардаги нархларга мутлақо таъсир ўтказиб бўлмайди.

“Чунки ярмаркага чиқариладиган маҳсулотлар миқдори жуда оз ва шунинг учун уларнинг нархи катта бозордаги нархларни пасайтира олмайди”.

Тадбиркор фикрича, “маъмурий-буйруқбозлик усули билан бозор иқтисодиётига бериладиган бундай танаффуслардан ҳеч қандай наф йўқ. Бундай ярмаркалардан зарар кўрган тадбиркор, агар инсофлироқ бўлса, кўрган зарарини ҳисоблаб, дами ичида юраверади, инсофсизи эртага зарарни қоплаш тараддудига тушади ва охир-оқибат яна истеъмолчи зарар кўради”. Фикрини давом эттирар экан, нархларни талаб билан таклиф ўртасидаги муносабат белгилашини, агар таклиф ҳажми катта бўлса, нарх тушишини айтиб, бунга шу кунларда мандарин нархи тушганини мисол қилди.

Президент нархларнинг ошганини танқид қилди

16 декабрь куни ўтган видеоселектор йиғилишида президент Мирзиёев нарх-навонинг ошишини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ички бозорга асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун 50 миллион долларлик махсус жамғарма ташкил этган.

Айни пайтда ҳукумат афтидан, ҳозирча нарх-наво кўтарилишининг олдини олишда маъмурий воситаларни қўллаш тажрибасидан воз кечмоқчи эмас.

Мирзиёев ҳар бир ҳудудда махсус штаб ташкил қилиб, бозорларда нарх-наво спекуляциясининг олдини олишга буйруқ берган. Нарх-наво ҳамда эҳтиёж ва талабни ўрганиш ва назорат қилиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ ҳам ташкил этилади.

XS
SM
MD
LG