Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 08:22

Марсда метан гази борлиги тасдиқланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Душанба, 1 апрель куни олимлар Марсда метан гази борлигини тасдиқлаб, ушбу газ манбаси ҳақида ўз тахминларини эълон қилишди.

Бундан 15 йил олдин европаликлар Марсга юборган автоматик илмий-тадқиқот станцияси Қизил сайёра атмосферасида метан газини аниқлаганидан бери мазкур сайёрада бу газ чиндан бор-йўқлиги ҳақида тортишувлар тинмаётган эди. Ерда метан гази одатда содда организмлар фаолияти туфайли пайдо бўлади.

Метан гази тез суратда тарқалиб кетгани учун (ерда бу газ 12 йилда тарқалиб кетади) олимлар Марсда метан борлиги баён этилган илк хабарларга шубҳа билан қараб келаётган эди.

Эндиликда халқаро мутахассислар гуруҳи икки алоҳида станция 2013 йилда ёзиб олган қайдларни ўрганиб чиқиб, сайёрада метан гази ҳақиқатан борлиги тасдиқланганини маълум қилди.

Шунингдек, икки тажриба ёрдамида Марсдаги метан манбаси Гейл кратери эканлиги аниқланган.

Рим Миллий астрофизика институти ходими Марко Журанна:

- Бу кутилмаган ва жуда қизиқ натижа бўлди, - деди.

Европанинг Mars Express илмий-тадқиқот станцияси 2013 йилнинг 16 июнида кратер устидаги атмосферада миллиардига 15,5 бўлак метан гази борлигини қайд этган. Ўша пайтда NASAнинг айни ҳудудни кезиб юрган Curiosity марсюрари ҳам Гейл кратери яқинида метан гази борлигини қайд этган.

Олинган маълумотларга таянган ҳолда бир гуруҳ олим компьютер симуляциялари, иккинчи гуруҳ эса Марс атмосфераси суратларини ўрганиб, газнинг манбасини аниқлаган. Хусусан, метан гази манбаси тош қатлами остида музлаб қолган метан қатлами эканглиги хулоса қилинган. Олимларнинг тахмин қилишича, ушбу метан қатлами вақти-вақти билан атмосферага метан чиқариб туради.

Журанна метан Ерда ҳаётдан дарак бергани билан, Қизил сайёрада бошқа жараёнлар туфайли юзага келган бўлиши мумкинлигини айтди.

- Метан муҳим, чунки у микроблардан дарак бериши мумкин. Аммо бу кузатишларни фақат ҳаёт билан изоҳлаш мумкин, деб бўлмайди, чунки метан абиотик жараёнлар туфайли ажралиб чиқиши мумкин, - деди олим.

XS
SM
MD
LG