Линклар

Шошилинч хабар
26 март 2019, Тошкент вақти: 01:14

Хоразмда хавфли бинода яшаëтган 11 хонадон кўчирилмоқда. Энди улар масжидда яшайди


Хазорасп туманидаги Нурли йўл кўчасидаги уй

Хоразм вилоят, Хазорасп туманида уйлари бузилиб, вақтинча собиқ ҳарбий комиссарлик биносида яшаëтганларни фойдаланилмай ëтган иккита масжид биносига кўчириш бошланди.

Кўчирилаётган оилалар илгари масжид бўлган биноларнинг қабристонга қўшни эканлигини айтиб, кўчишни истамаяпти.

Ҳокимият мулозимига кўра, ташландиқ бинода яшайдиган 6 хонадон кўчирилган ва 11 хонадон ҳам шу ҳафта охиригача кўчирилади.

Кўчирилаëтган оила бекаси, Хазорасп туман Нурли йўл кўчасида яшовчи аëлнинг Озодликка айтишича¸ улар кўчишга мажбурланаëтган бинолар қабристон ëнида бўлиб 90- йилларда масжид бўлган.

- Бу бинолар масжид бўлган. Ичига тобут қўйилиб, жаноза ўқилган. Шундай бинода яшашга қўрқамиз. Яна қабристонга қўшни бино у.

Хазорасп туман ҳокимлигининг ўзини "капитал қурилиш бўлими ходими", деб таништирган мулозимининг 10 январь куни Озодликка билдиришича¸ аҳоли кўчирилаëтган бинолар масжид сифатида қайд қилинмаган:

- Бинолар хокимлик балансида битмаган иморат сифатида турибди. Шу биноларни ремонт қилиб, кам таъминланган оилаларга уй-жой қилиб бердик. Бу оилалар ҳозир яшаëтган эски военкомат биноси авария ҳолатида. Шу боис уларни кўчиришга мажбурмиз.

Хазорасп туманидаги бино
Хазорасп туманидаги бино

Хазорасп туманидаги Шароф Рашидов маҳалласида ташландиқ ҳарбий комиссарлик биносида яшаëтган 33 яшар Д. М. (исми айтилишини истамади-таҳр.) Озодлик билан суҳбатда қабристон яқинида яшашни истамаслиги ва туман марказидаги намунали уйлардан бири учун берган аризаси инобатга олинмаганлигини айтди:

- Мен асли туман марказида Ўзбекистон кўчасида яшардим. Ҳоким йўлни кенгайтираман деб уйимни бузди. Ўрнига таги магазин, усти эса турар-жой бўлган икки қаватли бинолар қурилди. Бизга ўша уйлардан берамиз деган ваъда билан темир йўлнинг нарëғидаги военкоматнинг эски биносига олиб келиб жойлаштиришди. Энди қабристонга кўчирмоқчи. Буни истамайман.

Уйи бузилиб вақтинча ҳарбий комиссарлик биносида яшаëтган аëл намунали уй беришини сўраб президентга ëзган аризаси инобатга олинмаганинидан зорланди:

- Намунали уй беринг, деб президент қабулхонасига ариза ëзсам, ҳокимликдан келиб сизни масжид биносига кўчирамиз дейишди. Масжид биносининг ичини ремонт қилиб мажбуран кўчирмоқчи. Бу масжид қабристоннинг ичида экан. Ëш болаларим қўрқади қабристондан мен ҳам қўрқаман.

Хазорасп туман ҳокимлиги мулозимига кўра¸ ўтган асрнинг 90- йилларида туман ҳудудидаги қабристонлар ëнида масжид сифатида қурилган икки бино обод маҳалла дастури асосида таъмирланган:

- Сиз айтган оилалар ирим қилиб бу бинога кўчмаса бошқасини берамиз. 9 январь куни ходимларимиз Рашидов маҳалласидаги авария уйда яшаганлар билан учрашди. Уларга авария уйда яшаш мумкин эмаслиги тушунтирилди.

XS
SM
MD
LG