Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:34

"Муҳожирларни оммавий ҳибсга олиш ҳақида Путиннинг махфий буйруғи бор!"


Мигрантлар Екатеринбург полиция бўлимида
Мигрантлар Екатеринбург полиция бўлимида

Екатеринбург прокуратураси “Зўравонликка қарши ҳаракат” раҳбари Вячеслав Башковнинг Россия президенти Владимир Путин қарори устидан қилган шикоятини кўриб чиқишдан бош тортди. Президент имзолаган бу қарор¸ айтилишича¸ маҳаллий полицияга меҳнат муҳожирларини оммавий тартибда ҳибсга олиш ва текширишга рухсат беради.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Вячеслав Башков президент Путиннинг “махфий” бу буйруғини “аксилконституциявий” деб атади.

“Зўравонликка қарши Екатеринбург ҳаракати” мувофиқлаштирувчиси Вячеслав Башков Екатеринбург прокуратурасини судга берди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Вячеслав Башков Россия президенти Владимир Путиннинг жорий йил 20 апрелда қабул қилинган 75-сонли “махфий” буйруғи қонунийлигини текширишни сўраб, прокуратурага мурожаат қилган, аммо рад жавобини олган.

“Ҳеч қаерда эълон қилинмаган бу ҳужжат полицияга мигрантларни ҳибсга олиш ва оммавий тартибда текширишга рухсат беради”, дейди Озодлик билан суҳбатда Вячеслав Башков:

- Мен охирги 6 йил давомида жамоатчилик кузатувчиси бўлиб ишладим. Ўшанда мен маҳаллий полициянинг “Нолегал мигрант” амалиётлари борасидаги ҳисоботларига эътибор қаратдим. Қайси асосда одамлар кўчаларда қўлга олинаяпти¸ деган саволга жавоб излаб, биз юзлаб ва минглаб одамнинг жамоатчилик жойларида қўлга олинаётганини аниқладик. Қизиғи, ушланганлардан 80-90 фоизи яна қўйиб юборилаётган экан. Бизга бу амалиётлар шубҳали кўринди.Чунки “Полиция тўғрисида”ги Федерал қонунда бундай асоснинг ўзи йўқ! - деди Вячеслав Башков.

Ҳуқуқ фаоли полициянинг мигрантларга нисбатан бедодлиги устидан олдинги йиллар давомида қилган шикоятлари озми-кўпми қондирилган бўлса, 2017 йилдан бошлаб прокуратура ва полиция “оммавий ҳибсларга президент рухсати бор” деган жавоб беришга ўтганини айтади:

- Бу йил ҳам полициянинг ноқонуний ҳаракатларига қарши чиқмоқчи бўлганимда, прокуратура “Жорий йилги қўлга олишлар ҳаммаси қонуний – мигрантлар президентнинг шахсий буйруғи асосида ушланмоқда!”, деган жавобни берди. Менга келган жавоблардан, ҳақиқатан, президентнинг 75-сонли буйруғи борлиги тасдиғини олдим. Аммо ҳужжатнинг ўзини оддий одамлардан ҳеч ким кўргани йўқ! Прокуратурага қилган яна бир мурожаатимдан бу ҳужжатнинг ҳатто прокуратура базасида йўқ эканлигини билдим. Конституцияга кўра, прокуратура ва полициянинг жамоатчиликка эълон қилинмаган ҳужжатларга буйсинишга ҳаққи йўқлигини тушунтиришга уриндим. Полиция шу қарорга таяниб олган, прокуратура эса “Биз президентни назорат қила олмаймиз”, деган баҳонани рўкач қилмоқда, дейди Вячеслав Башков.

Россия президентининг Башков тилга олган буйруғини на kremlin.ru расмий сайти ва на бошқа расмий манбалардан топишнинг имкони бўлди.

Екатеринбурглик ҳуқуқ фаоли бундай ҳужжатни ўз кўзи билан кўрган бирорта юрист ва адвокатни топа олмаганини ҳам қўшимча қилди.

У Озодликка Свердловск вилоят прокуратураси расмий жавоби нусхасини ҳам тақдим этди.

Суҳбатдош 75-сонли “махфий” буйруқ ё жамоатчиликка эълон қилиниши ёки бекор қилиниши зарурлигини айтади.

Вячеслав Башков Фейсбукда “Мигрантлар манфаатини кўзлаб Екатеринбург прокуратурасига қилинган шикоят” мавзуси остида махсус саҳифа очди.

Башков бу ҳужжатга¸ айниқса¸ Марказий Осиё давлатлари дипломатик ваколатхоналари, хусусан Ўзбекистон консуллиги ва бошқа давлат ҳамда жамоатчилик ташкилотлари эътибор қаратиши керак, дейди:

- Прокуратура ўз фаолиятсизлигини ва полиция унинг назоратидан чиқиб кетганини тан олиши керак. Кўрамиз нима бўлишини. Бундай тартибда олиб келинган одамлар, ҳужжатлари жойида бўлса озод этилиши керак ва полиция улардан кечирим сўраши лозим, дея якунлади фикрини Вячеслав Башков.

Вячеслав Башков: Полиция меҳнат муҳожирларидан кечирим сўраши керак!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:22 0:00
Бевосита линк

Озодлик Москвада янги йил арафасида меҳнат муҳожирларини оммавий текшириш операциялари авж олаётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда. Олиб борилаётган оммавий рейдларни полиция “муҳожирларнинг жиноятларга алоқадорлигини текшириш” билан изоҳламоқда.

XS
SM
MD
LG