Линклар

Шошилинч хабар
30 июл 2021, Тошкент вақти: 02:11

Меркель: Украина “Шимолий оқим 2” қуриб битирилганидан кейин ҳам транзит мамлакати бўлиб қолади


Украина президенти Володимир Зеленский (чапда) ва Германия канцлери Ангела Меркель.

Германия канцлери Ангела Меркель Киевни Россияни Германия билан боғлайдиган “Шимолий оқим-2” (Nord Stream 2) қувури қуриб бўлингандан кейин ҳам Украина табиий газ учун транзит йўли бўлиб қолишига ишонтиришга уринди.

Украина ва АҚШ “Шимолий Оқим-2” линияси қурилишига қарши чиқиб келади. Линия якунланганидан кейин, Россия гази Украинани четлаб ўтиши, натижада Киев миллиардлаб доллар қийматга эга транзит тўловларидан маҳрум бўлиши мумкин.

“Украина “Шимолий оқим 2” қуриб битирилганидан кейин ҳам транзит давлати бўлиб қолади”, деди Меркел 12 июль куни Берлинда Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Германия лойиҳа тижорий эканини ҳамда суверен мамлакат ҳал қила оладиган масала эканини таъкидлаб, уни тўхтатишдан бош тортиб келади.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, янги линия Германияни Россия энергия таъминотига қарамлигини кучайтиради ва Берлинни Россия таъсирига мойил қилади.

“Украина томонида бу борада катта ташвишлар мавжуд ва биз уларни жиддий қабул қиламиз”, деди Меркель.

Канцлер Германия Украина учун асосий даромад манбасини кафолатлаш учун “қўлдан келган барча чорани” кўришини айтди.

АҚШ Давлат департаменти май ойида қувур линиясининг Россияга тегишли оператори бўлмиш Nord Stream 2 AG ширкатига ҳам, Россия президенти Владимир Путиннинг иттифоқчиси экани айтиладиган бош директор Маттиас Варнигга нисбатан ҳам санкция қўлланилмаслигини эълон қилган эди.

Берлинда нутқ сўзлаган Зеленский “Шимолий оқим 2” “Украина ва минтақа хавфсизлигига таҳдид солиши”ни такрорлади.

Меркелнинг таъкидлашича, Германия “келажакда” Россия гази Украина орқали ўтишини давом эттиришга интилади.

“Биз Украинага шундай ваъда берган эдик. Мен ваъдаларимни бажараман ва келажакдаги Германия канцлери ҳам шундай қилади, деб ўйлайман”, деди у.

15 июль куни Меркел АҚШ президенти Жо Байден билан учрашганда мунозарали “Шимолий оқим 2” лойиҳасига катта эътибор қаратилишини кутиш мумкин.

Тўртинчи муддатини ўтаётган Меркел сентябрь ойида Германияда бўлиб ўтадиган миллий сайловлардан сўнг лавозимини тарк этади.

12 июль куни Меркель Байден билан ўтказиладиган музокаралар “Шимолий оқим 2” бўйича Берлин ва Вашингтон ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилишига шубҳа билдирди.

“Ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштириладими ёки йўқ, билмайман. Бундай бўлмайди, деб ўйлайман”, деди Меркель.

23 июнь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Берлинда Меркель ва ташқи ишлар вазири Хайко Маас билан ўтказилган учрашувлар чоғида “Шимолий оқим 2” ҳақида огоҳлантиришларни такрорлади.

Блинкеннинг таъкидлашича, у Маас билан “Россия ўз энергия ресурсларидан Украина ёки Европадаги бошқа давлатга қарши мажбурлаш воситаси сифатида фойдалана олмаслигини таъминлаш учун” аниқ чора кўриш зарурлигига келишиб олган.

XS
SM
MD
LG