Линклар

Шошилинч хабар
27 март 2019, Тошкент вақти: 03:38

Туман МИБи фермерлардан мусодара қилинган 100 дан ортиқ тракторни соттириб юборди


Иллютратив сурат

Тошкент вилоят, Пскент туман МИБ ходимлари фермер хўжалиги ҳисобида турмаган автомобиллар ва уй жиҳозларини ҳам мусодара қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, гарчи уларда банкдан олган кредитини ёпиш имкони бўлса ҳам, МИБ ходимлари мусодара жараёнини бошлаб юборган.

Туман МИБ мулозимлари Озодлик билан гаплашишдан бош тортди.

Туман МИБи фермерлардан мусодара қилинган 100 дан ортиқ тракторни соттириб юборди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:21 0:00
Бевосита линк

"Мендан бировнинг машинасини тортиб олишди"

Пскент туманидаги “Иноятов Бекзод Иноятович” фермер хўжалиги раҳбари Бекзод Ширановнинг айтишича, МИБ ходимлари бировнинг номида бўлган, вақтинча миниб юришга олган автомобилни олиб қўйган:

- Мен Сирдарё вилоятидаги танишимнинг "Равон" машинасида ҳокимият олдида эдим. ИИБ ходимлари "бошлиқнинг гапи бор", деб ушлаб олиб келишди. ИИБга келиб, ичкари кирдик. У ердан чиқсак, машинанинг тўрт томонига бошқа машиналар қўйиб ташлашибди. Қайтиб кириб, “қўйворинглар, бу бировни машинаси, шарманда қилманглар” десам, ИИБ бошлиғи “ўша танишинг ҳам билсин қарзлигингни, шармандалигингни”, деди. Мен “ҳали менга суғуртадан пул тушади, пахта заводда пулим бор, тўлайман”, десам, “йўқ, ҳозир топиб тўлайсан, вилоят ҳокими, прокурори 28 ноябрга туман бўйича ҳамма қарзларни тўлатмасанг, ойлигингдан оламиз, деб айтган”, деди. Мен бошлиққа “бўлмаса у сизнинг проблемангиз экан, аризани ёзингда ишдан кетинг, деб чиқиб кетдим, дейди фермер.

Бировнинг машинаси номерини ечиб олишга кимнинг ҳақи бор?

Бекзод Ширановнинг айтишича, у таниш-билишларидан 10 миллион сўм қарз олиб келиб қараса, машинаси жарима майдонига олиб кетилган:

- Штрафной плошадкаларни суриштириб борсам, биттасида турибди экан. Олиб чиқаман десам, у ердаги одам “МИБ далолатнома тузиб, ташлаб кетди, агар улардан хат бўлмаса, чиқармаймиз”, деди. Мен унга, “барака топгур, бу Сирдарё вилояти машинаси, меники эмас, мана ҳужжати, мана эгаси” десам ҳам чиқармади. Бунинг устига машинани олдидаги номерни ҳам эвакуатор ечиб олиб кетибди. Унга телефон қилсам, “машинангиз ручникда тургани учун 150 минг сўм, холостойда бўлмагани учун 150 минг сўм, олиб келганим учун 150 минг сўм берасиз”, дейди. “Номерни ечиб олишга нима ҳаққинг бор”, десам, у ёғини ГАИдан суриштир”, дейди”, деди фермер.

Фермернинг таниши номидаги машинани МИБ ходимлари тортиб олди
Фермернинг таниши номидаги машинани МИБ ходимлари тортиб олди

Бекзод Ширанов 51 гектар ерга буғдой ва пахта эккан. Буғдой режасини ортиғи билан бажарган. Туман ҳокимининг илтимоси билан режадан ортиқ яна 15 тонна буғдой топширган.

Бу йил пахта режасини 88 фоиз бажарган. Ёғингарчилик туфайли пахта 5-сортга олинаётгани, фойдасидан зарари кўп бўлгани учун теримни тўхтатган.

"Қонунлар тескари ишлаяпти"

Фермернинг айтишича, у Агробанкнинг Пскент туман филиалидан 156 миллион сўм кредит олган. Лекин шу пайтгача, даврли кредитларни муддатидан олдин ёпиб келган:

- Кредитни ёпиш учун 18 миллион сўм қолган. Лекин, ҳали пахта заводида пул бўлмагани учун охирги топширган пахтам пули тушмаган. Бундан ташқари 40 миллион сўм суғуртадан тушади. Мен ўйнаб-ўйнаб ёпаман, ўзимга ҳам қолади. Аммо, булар ҳеч нарсани тушунишни истамайди, юқоридан айтилган деб, кўзига кўринган нарсага ёпишади. Ҳамма жойда қонун бузиляпти, Биринчидан, кредитни ёпиш муддатига ҳали олти ой бор, иккинчидан, МИБ ходимлари ижро варақаси ҳам кўрсатмасдан фермерларнинг ҳисобида турмаган мол-мулкни мусодара қиляпти, учинчидан, иқтисодий суд МИБга ноқонуний жарима ва қарорлар чиқариб беряпти. Судьяга бу ишини айтсам, “юқоридан шунақа буйруқ бўлган”, дейди. Биз қанақа давлатда яшаяпмиз?- дейди фермер Бекзод Ширанов.

Фермернинг айтишича, у тендердан яна 33 гектар ер ютиб олган, лекин туман ҳокими шу пайтгача қарор чиқариб бермаяпти:

- 12 октябрда ютиб олганман. Қарорини уч кунда олишим керак эди. Мана икки ой ўтяпти, қаршилик қилиб, бермаяпти. Мен у ерга кузги буғдой экишим керак эди. Мана ҳали бир сўтих ҳам эколмадим, ерни ҳайдата олганим йўқ, -дейди Бекзод Ширанов.

Озодликка Пскент туманидан яна бошқа фермерлар ҳам мурожаат қилиб, МИБ ходимлари ҳали иқтисодий суднинг ажрими улар қўлига етиб келмасдан туриб, МИБ ходимлари уларнинг фермер хўжалиги балансида бўлган-бўлмаган мол-мулкини мусодара қилишга киришганини айтди.

"Ойлигим яхши, лекин виждоним қийналяпти"

Озодлик боғланган Пскент тумани МИБ ходимларидан бири исм-шарифини сир сақлаган ҳолда, барча ҳақиқатни гапириб беришини айтди.

МИБ ходими фермерларга нисбатан адолатсиз ҳаракат бўлаётганини тан олди:

“Сизга гапираётганим тўғрими ёки йўқ, билмадиму, лекин биз ҳам қийналиб кетдик, фермеру тадбиркорлар ҳам. Айтмасам бўлмайди. Бу йил Пскент тумани кластер тизимига ўтяпти, шунинг учун фермерлар барча қарзларини ёпиши керак. Аҳвол жуда оғир, фермерлардан бири ўзини ёқиб юбормоқчи ҳам бўлди, уни асраб қолдик. Қаранг энди, иқтисодий суднинг қарорига асосан ижрони шахсий мулкка эмас, балки фермер хўжалиги балансидаги мол-мулкка қаратиш керак. Лекин бизда тескариси бўляпти, фермернинг хотинига ёки ака-укасига тегишли бўлган машиналарни ҳам олиб бориб тиқиб қўяяпмиз. Бу, албатта, нотўғри. Лекин шу ишни қилишга мажбурланяпмиз”, дейди МИБ ходими.

Унинг айтишича, фермерлардан тортиб олинган техникалар кластер фирмага тендерсиз, жуда арзон нархда сотиб юбориляпти:

“Туманда 180 ортиқ фермернинг 30 миллиард сўм қарзи бор эди. Деярли ундириб бўлдик, ҳозир 80 миллион сўм қолган, холос. Масалан, 150 миллион сўм турадиган тракторни 40-50 миллион сўмдан “Тўқимачи” деган кластер фирма сотиб оляпти. Кейин фермер номига банкдан пластик карточка очтириб, ўшанга ташлаб беряпти, фермернинг банкдаги ҳисобига ташламаяпти, чунки, фермернинг солиқдан қарзи бор, солиқ олиб қўяди. МИБ ходимлари карточкани фермердан қўлини қайириб бўлса ҳам олиб қўядида, пластигидан олиб тўлаттириб юборяпти. Ҳозир фермерларнинг 100дан ортиқ техникаси ана шундай арзон-гаровга аукционсиз сотилиб кетди. Қонун бўйича бу техникалар аукционда сотилиши керак, лекин бундай бўлмади”, дейди ходим.

"Ойболта"нинг давоми бўляпти"

МИБ ходимининг фикрича, фермерларга нисбатан қўлланилаётган бу ҳаракат ҳукуматнинг бундан уч-тўрт йил аввалги “Ойболта” сиёсатини эслатади:

“Фермернинг қарзи бўлса уни қонун йўли билан қандай ундириш керак. Агробанк октябрь ойиданоқ, ҳали пахта терими тугамай, фермерлар пулларини заводдан тўлиқ олмай туриб уларни иқтисодий судга торта бошлади. Аслида бу ҳам нотўғри. Чунки фермернинг Агробанк билан шартнома муддати 14 ой. Бу муддатнинг ҳали ярми турибди. Иқтисодий суд бунга кўз юмди, чунки уларга юқоридан шундай буйруқ бўлган экан. Суд адолат билан эмас, буйруқ билан иш юритадиган бўлса, унинг нима кераги бор?”, дейди ходим.

"Суд қонун юзасидан эмас, буйруқ билан иш кўряпти"

МИБ ходими иқтисодий суднинг ноқонуний чиқарган ажрим ва қарорлари муддатига ҳам амал қилинмаётганини айтади:

“Қонун бўйича суд аввал юридик шахснинг уйидаги мол-мулкига эмас, балки унинг фермер хўжалиги балансида турган мол-мулкка ажрим чиқаради. Бу ажримнинг амал қилиш муддати бир ой. Бунда фермернинг балансида турган техникаси, еридаги ҳосилига банд солинади. Банд дегани, фермер бу техника ва маҳсулотларини сотиш мустақил сотиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, яъни хатланади. Ажримдан кейин бир ойдан сўнг, суд ижро варақаси беради. Бу варақанинг ундирув муддати икки ой. Ўн беш кун ихтиёрий тўлаш учун муддат берилади. Юридик шахс, яъни фермер икки ойнинг ичида қарзини бўлиб-бўлиб тўлаши ҳам мумкин. Агар шунда ҳам тўлолмаса таъсирчан чоралар кўрилади. Масалан, ҳисоб рақамига банд солинади, марказий депозитларига хат чиқарилади ёки фермер балансида турган мол-мулк вақтинчалик олиб қўйилади. Бизда бу қоидаларнинг бирортасига ҳам амал қилинмаяпти”, дейди МИБ ходими.

МИБ бошлиғи Озодликни "эшитмай" қолди

Озодлик фермерлар ва МИБ ходимининг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида Пскент тумани МИБ бошлиғи Улуғбек Ортиқов билан боғланди.

Улуғбек Ортиқов ўзи билан гаплашаётганимизни тасдиқлагандан сўнг Озодлик мухбирининг "МИБ фермерларга нисбатан ижро ваколатини ошириб юборибди, фермерлардан шикоятлар бор" деган саволини эшитиши биланоқ, алоқани узиб қўйди.

Озодликнинг кейинги қўнғироқларига, "эшитмаяпман" деб жавоб бериб, алоқани узиб қўяверди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузиридаги МИБ матбуот хизмати мулозими фермерлар иддаоларини ёзиб олгач, уни ўрганиб 29 ноябрь куни жавоб беришини айтди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG