Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:36

Ўзбек муҳожирини депортациядан йўқ бармоғи қутқариб қолиши мумкин


Жаҳонгир Норматов
Жаҳонгир Норматов

Кеча Москва шаҳар суди наманганлик Жаҳонгир Норматовни Россиядан депортация қилишга оид Перов тумани суди чиқарган қарорни ўз кучида қолдирди.

2,5 ой олдин Москванинг Перов туман суди наманганлик Жаҳонгир Норматовни миграция қонунларини бузганликда айбдор, деб топган ва уни Россиядан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

Бироқ Россия қонунларини бузмаганини айтган Жаҳонгир Норматов судда ўзини Норматов Жаҳонгир деб таништирган шахс сохта “Жаҳонгир” бўлгани даъво қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда, Жаҳонгир ўзининг депортация этилгани ҳақидаги хабарни бир ойдан сўнг тасодифан билиб қолганини айтди. У ўзини доғда қолдириб кетган кишини яхши билиши, бироқ унинг номини ошкор қилмаслигини билдирди.

- У одам менинг синфдошим. Шу йил август ойида синфдошимни Москванинг Перов туманида ижарада турган квартирасидан полиция ходимлари тутиб кетган. Уни сўроқ қилганларида, қўрқиб менинг исм-фамилиямни айтган. Кейин судга олиб боришган. Судда ҳам мени исм-шарифим асосида “видворение”, яъни Россиядан чиқариб юборилиши ҳақида қарор чиқаришган. Кейин қўлига қарорни бериб қўйворишган. Бу йигит 5 йилдан буён Москвада ноқонуний юради. 2013 йилда худди шундай иш қилиб қутулганди. У билан 9 йил бир синфда ўқиганмиз. Жуда алам қилди. Мен унинг исм-шарифини айтмайман. Чунки менга яқин қариндош ҳам бўлади. Ҳозир қаердадир яшириниб юрибди. Мени ҳамма ҳужжатларим регистрация, патентим (ишга рухсатнома) жойида, деди Жаҳонгир.

Жаҳонгирнинг полицияда олинган "бармоқ" излари
Жаҳонгирнинг полицияда олинган "бармоқ" излари

У танишлари маслаҳати билан ёрдам сўраб Москвадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи “Гражданское содействие” ташкилотига мурожаат қилган.

Жаҳонгирнинг адвокати Филип Шишовнинг Озодликка айтишича, полиция ва суд ходимлари ўзини Норматов Жаҳонгир деб таништирган муҳожир шахсиятини аниқлашга жиддий аҳамият беришмаган.

- Ҳужжатсиз қўлга тушган шахс судда ўзини «Жаҳонгир» деб таништирган. Кейин унинг бармоқ излари олинган. Қалбаки “Жаҳонгир” бармоқ излари ҳатто маълумотлар базасида текширилмаган. Агар полиция ёки суд ходимлари олинган бармоқ изларини текширишганда эди, бундай хатога йўл қўйилмасди. Чунки, мени ҳимоямдаги Норматов Жаҳонгир ўнг қўлининг бир бармоғи йўқ. Суд бармоқ изи олган сохта “Жаҳонгир”нинг беш бармоғи жойида, деди Филип Шишов.

Россияда меҳнат муҳожирларини дактилоскопия қилиш, яъни бармоқ изларини олиш тартиби 2013 йилдан бошлаб қўлланилади. Ҳозирда Россиянинг йирик шаҳарлари аэропортларида бармоқ излари текширилади. Бироқ, темир йўл ва автовокзалларда дактилоскопия қилиш тўла йўлга қўйилмаган.

2016 йилнинг апрелида Жаҳонгир Норматов ишга рухсатнома (патент) олиш пайтида ундан бармоқ излари олинган.

Адвокат Филип Шишовга кўра, Жаҳонгирнинг ҳақ эканлигини исботловчи асосий далил бу унинг кесилган бармоғидир.

Бундан икки ярим ой олдин Жаҳонгир ўзининг ҳақлигини исботлаш учун адвокати ёрдамида Перов прокуратурасига мурожаат қилди. Бироқ прокуратура ўзбекистонлик муҳожир иши юзасидан текширув ўтказиш талабига рад жавоб берди.

Москва шаҳар суди Жаҳонгир Норматов ишини 30 ноябрда кўриб чиқиши белгиланган.

Агар 30 ноябрда Москва шаҳар суди унинг аризасига рад жавоб берса, Жаҳонгир Россияда қонуний яшаётганига қарамасдан мамлакат ҳудудини тарк этиши лозим бўлади.

XS
SM
MD
LG