Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:17

Наманганлик муҳожир Москвада қуллик шароитида қолди


Марказий осиëлик мигрантлар Москвадаги ФМС бўлимида
Марказий осиëлик мигрантлар Москвадаги ФМС бўлимида

Москва вилоятида уч ойдан буён иш ҳаққини ололмаётган 31 яшар Наманганлик Эргаш (номи ўзгартирилган), Озодлик билан суҳбатда, иш берувчи томонидан қуллик шароитида ишлаётганини сўзлаб берди. У кўчада қолиш ва депортация хатаридан қўрқиб, полицияга мурожаат қилмай турганини айтди. Эргашга кўра, қуллик шароитига тушган ўзбекистонликлар сони кўпайиб бораётир.

Наманганлик қурувчи Эргаш Москва вилоятида қатор қурилиш объектларини қўлдан чиқаргани, бироқ август ойидан буён маош олмаганини Озодликка айтди. Унга кўра, оғир иш шароити соғлиғига ёмон таъсир қилганига қарамасдан, ночорликдан ишлашга мажбур бўляпти:

-Бугун ҳам эрталабдан ишладик, қор ёғаяпти. Совуқ. Мазам йўқ, ўпкам оғрийди. Квартира йўқлигидан икки ҳафта кўчада ётиб ишладик.Шундан кейин ўпкам оғриётган бўлди. Лекин шу аҳволда ноилож ишлашга мажбурман. Нима қилишни ҳам билмайман. Яқинда шерикларимдан бири- Аҳмаджон ака ишлаётган жойида касал бўлди. Ичидан қон кета бошлади. Танишлари ёрдамида бир ҳафтача касалхонада ётиб чиқди. Бошлиқларимиз хабар олиш у ерда турсин, “тузалдингми” деб ҳам сўрашгани йўқ. Ишлаган пулини ололмаганидан сўнг, бошқа жойга кетди. Бригадирдан яширинча телефон орқали адвокат билан боғланиб ёрдам сўрадим. “Сен ҳужжатсиз, ноқонуний ишлаяпсан, ёрдам беролмайман” деб айтди. Бригадиримиз ўзимиздан, хоразмлик, регистрация баҳонасида паспортимни олган. Ҳали тайёр эмас, деб баҳона қилиб юрибди, деди Эргаш.

Шу кунларда иш берувчи Эргаш ва унинг шерикларини янги квартирага олиб келган.

-Янги жой учун иш ҳаққимиздан 4 минг рублдан сақлаб қоларкан. Квартирада бир комнатада 12 киши яшаймиз, ҳаммаси бўлиб уч хонали квартирада 25 киши яшаймиз” дейди Эргаш.

Ўзбек муҳожирига кўра у каби алданиб, ночор ишлаётган ўзбекистонликлар оз эмас. “Аҳмаджон акага ўхшаб ойлик баҳридан ўтиб кетганлар ўрнига яна бошқа ўзбек-тожикларни келтиришади”, деди у.

- Ишга янги келганлар мендан “пул берадими, алдамайдими?” деб сўрашларига рост гапни айтишга қўрқаман, чунки бригадир билиб қолса мени дўппослаб, кўчага ҳайдаб юбориши мумкин. Шунинг учун бригадирни олдида “ишласанглар беради “ деб қўяман. Лекин айримлари, кейинчалик ойлик бермаслигини тушуниб қолишади. Чўнтагида пули, яшаётган жойи бор кишилар ташлаб кетади, -деди Эргаш.

Ўзбекистонлик муҳожир уйга пул жўната олмаётгани, оиласини қийин вазиятда қолдиргани айтади:

-Хотиним ажрашаман деб ёзибди, лекин у мени аҳволимни тушунмайди. Ўғлим 2 ёшга энди тўлади, ҳали кўрганим йўқ. Мен Россияга келишдан олдин хотиним 8 ойлик ҳомиладор эди. Ота-онам нафақага чиққан.Уйга кетишга пулим йўқ, полицияга шикоят қилсам ўзимни қамаб, депортация қилади. Нима қилишни билмайман, бошим қотган. Оч қолиб, кўчада қолмай деб, ишлашга мажбурман, деди Эргаш.

Озодлик Москвадаги мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Тонг Жаҳони” ташкилоти раҳбари Валентина Чупикка мурожаат қилиб, Эргаш муаммосини қандай ҳал этиш мумкинлиги ҳақида сўради.

- Афсуски, Эргаш тушган ўхшаш вазиятда Россия ҳуқуқ-тартибот органлари бирор чорага қўл урмасликни афзал кўришади. Аниқроқ қилиб айтганда ҳуқуқ органлари бундай қуллик меҳнатидан фойдаланиш ҳолларига кўз юмишади. Ҳозирги вазиятда ягона йўл- ҳуқуқ-тартибот органларининг жиноий иш қўзғатиши учун, ушбу воқеа матбуотда ёритилиши керак. Матбуот материаллари асосида, қонун бўйича Россия тергов органлари жиноий иш очишга мажбур бўлишади. Лекин маҳкамада қуллик меҳнатидан фойдаланиш даъвосини исбот этиш ниҳоятда қийин, дейди Валентина Чупик.

XS
SM
MD
LG