Линклар

Шошилинч хабар
06 Noyabr 2026, Toshkent vaqti: 20:18

Мирзиёев Раҳмоннинг ўғлини орден билан тақдирлади

Фото с сайта президента Узбекистана
Фото с сайта президента Узбекистана

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президентининг ўғли, мамлакат парламенти юқори палатаси раиси Рустам Эмомалини “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлади. Хабарда айтилишича, мукофот икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлашдаги хизматлари, шунингдек, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш борасидаги фаолияти учун берилган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, Мирзиёев 4 ноябрь куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Рустам Эмомалини қабул қилган.

Учрашувда томонлар икки томонлама муносабатлар, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни муҳокама қилган. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ошаётгани, саноат, қурилиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва электротехника соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Суҳбатдошлар пойтахтлар ва ҳудудлар ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантириш, маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилган. Хабарда олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда парламентлар иштирокининг муҳимлиги ҳам таъкидланган.

38 ёшли Рустам Эмомали — Тожикистонни ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери бошқариб келаётган Эмомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли. У 2017 йилдан Душанбе шаҳрига, 2025 йил апрелидан эса Тожикистон парламентининг юқори палатаси — Миллий мажлисга раислик қилиб келмоқда. Бу лавозимларга тайинланишидан аввал Божхона хизмати ҳамда Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлигига раҳбарлик қилган.


​
XS
SM
MD
LG