Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2019, Тошкент вақти: 21:37

Президент ёғ, туз ва қандга қарши кураш бошлади


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш (тайёрлаш), сотиш ва истеъмолини чеклаш бўйича таклифлар киритсин.

Бундай топшириқ президент Мирзиёев 18 декабрда имзолаган “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгилаб қўйилган.

Ҳужжат муқаддимасида у “юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллигини оширишни ташкил қилиш ва бошқариш механизмларини такомиллаштириш мақсадида” қабул қилинаётгани айтилган.

Президент қарори билан

“2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси”

ҳамда

“2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари Дастури” тасдиқланган.

Қарорга биноан Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Республика диетология ўқув-илмий маркази негизида давлат муассасаси шаклида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази ва вилоятларда марказ ҳудудий бўлимлари тузилади.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, таркибида ёғлар, туз ва қанд миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш (тайёрлаш), сотиш ва истеъмолини чеклаш бўйича таклифлар киритиш ўша вазифалардан биридир.

Ҳамма югурсин ва сузсин!

Қарорнинг 10- бандида бундай дейилган:

10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида:

иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари;

ҳафтасига камида бир маротаба ходимларнинг жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда (югуриш, сузиш, футбол, волейбол, баскетбол, теннис ва бошқаларда) иштирок этишини назарда тутадиган “Саломатлик куни”;

мунтазам равишда ходимлар орасида оммавийлашган спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирлар ўтказиб борилиши амалиётга жорий этилсин.

Югурадиган, сузадиган жой йўқ? Амалланг!

Президент қарорида мавжуд спорт иншоотларини ҳисобга олиш олиш ва улардан фойдаланиш белгилаб қўйилган.

У ёки бу ташкилот (корхона, муассаса)га яқин иншоот бўлмасачи? Бу ҳолатда қарорнинг қуйидаги банди бўйича иш қилинади:

13. Белгилансинки, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари жамоасига соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш учун барча зарур шароитлар яратиш, шу жумладан, спорт объектларига шуғулланиш (қуриш, жиҳозлаш) бўйича тадбирларни молиялаштириш тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳар бир ходим Алпомиш, ҳар ходима Барчиной

Алпомиш ва Барчиной ҳақида қарорнинг 14- бандида айтилган:

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг аҳолининг кенг қатламлари орасида қуйидагиларни ўз ичига олган “Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестларини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

аҳолининг умумий жисмоний тайёргарлиги даражасига спорт нормативларини ва давлат талабларини белгилаш;

аҳолининг турли ёшдаги гуруҳлари ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш;

юқори кўрсаткичларга эришган фуқароларни “Алпомиш” ва “Барчиной” I, II ва III даражали кўкрак нишонлари билан тақдирлашни жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда “Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестларни ўтказишни ташкил қилиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилсин.

***

Президент Мирзиёевнинг 18 декабрь кунги қарори бир томондан Совет давридаги ГТО (Готов к труду и обороне) дастурини эслатса, иккинчи томондан ўзларини табиб деб эълон қилган баъзи шахслар шубҳали усуллари билан одамлар ҳаёти ва саломатлигини хавф остида қолдираётган, ҳуқуқ-тартибот органлари эса, уларни лицензия олиб ишлаш тўғрисида огоҳлантириш билан чекланаётган бир пайтга тўғри келди.

Озодлик яқинда ўшандай табиблардан бири - минглаб касалларни асалчой ва хандон писта билан даволаётган шаҳрихонлик табиб ҳақида ёзган эди.

XS
SM
MD
LG