Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:34

“Ниқоблар ечилди, карталар очилди” – тармоқлар президентлик муддати ноллаштирилиши ҳақида


Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябрида иккинчи ва амалдаги конституция бўйича охирги муддатга сайланган.
Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябрида иккинчи ва амалдаги конституция бўйича охирги муддатга сайланган.

Ўзбекистонда янги конституция қабул қилингач, Шавкат Мирзиёевнинг президентлик муддатлари ноллаштирилади ва у яна сайловларда иштирок этишга имконига эга бўлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “Kun.uz” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Президентимиз бу имконият ва ҳуқуқдан фойдаланадими, фойдаланмайдими, бу биринчи навбатда ушбу шахсга ҳавола. Бу шахсни кўрсатадиган сиёсий партияга ҳавола. Лекин бу ҳақ-ҳуқуқ у кишида бўлади”, деб таъкидлади С.Сафоев.

Бу хабар ижтимоий тармоқда турлича қабул қилинди.
“Ниқоблар ечилди, карталар очилди! Энди очиқчасига гапшлашсак ҳам бўлади” – деб ёзди фойдаланувчилардан бири мамлакат Конституциясини ўзгартиришдан кўзланган асосий мақсад шу эканини урғулаб.

“Биз билгандик, биз кутгандик охирида шундай бўлишини”, – дея ёзди бошқа бир фойдаланувчи.

Мирзиёевни курсида қолдириш кампаниясига старт берилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:09 0:00

“Эски тос, эски ҳаммом. Бари бир гўр”, дея умидсизлик изҳор қилди Фариджон Авазов исмли фойдаланувчи.

“Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиб анча ишларни амалга оширди. Буни халқимиз кўриб турибди. Бу учун каттакон раҳмат. Лекин бу 2 муддатдан ортиқ президент бўлиш мумкин дегани эмас. Қонунга ҳамма бўйсуниши керак”, деб уқтирди Бахтиёр Азизов.

“Эркинроқ, бойроқ ва фаровонроқ мамлакат бўлишимизга умид яна ўлди менда”, дея пост қолдирди Телеграмдаги “Mirkonomika” канали муаллифи.

Тармоқ фойдаланувчилари сиёсий ислоҳотлар борасида шахсий тавсиялари билан ҳам ўртоқлашмоқда.

“Президент ислоҳотларини давом эттириш учун ўзининг энг ишонган шогирдини қўйиши керак. Ўзи бош вазир сифатида назорат этиб туриши керак. Шунда халқаро экспертлар орасида ишончсизлик бўлмайди”, деб ҳисоблайди Дилмурод Абдураҳмонов.

“Бир деганда президентни умрбод сайланадиган қилиб қўйиш керак. Ҳар 5 йилда ортиқча харажат қилмасдан”, дея “билса ҳазил, билмаса чин” қабилида изоҳ қолдирди Камолиддин Аҳмедов.

“С.Сафоев, ўзингиз яхши яшасангиз бўлдими? Ким ваколат берган сизларга халқ номидан гапиришга? Бир қараса, Конституцияни бузиб, бошлиқ бўлиб оласизлар. Бир қараса 80 фоизга ютди дейсизлар. Энди буни ўйлаб топдиларингми? Ютқазган курашга тўймас дейди, бўлди-да энди! Агар яхши бошқарганларингда 7-8 млн инсон четда тентираб юрмасди, ишсизлик, коррупция авж олмасди, нархлар осмон бўлиб кетмасди. 70-80 фоиз одамлар қорнини тўйғиза олмаяпти. АҚШ, Европа 3-4 минг доллар ҳақ беряпти, ўлгунча ёпишиб олмаяпти-ку! УЯТ, УЯТ, УЯТ!” дея эҳтиросли мулоҳазалари билан ўртоқлашди Bek Bek исмли фойдаланувчи.

“Янги президент келса, эскисидан яхши бўлади”, дея ҳокимият алмашувини ёқлади Фарҳод Зоҳидов.

Ижтимоий тармоқларда, айни чоқда, президент Ш.Мирзиёевнинг ваколат муддати ноллаштирилиши ва у қайта сайланишини қўллаб-қувватловчи постлар ҳам талайгина.

“Худога шукр қилиш керак, ёмон бўлганимиз йўқ-ку! Маҳаллалар обод бўлаётгани, эркин гапираётганимиз, бемалол долларми ёки сўмми банкоматдан олаётганимиз, мелисага бемалол муомала қилаётганимиз, бу нима, ўзгаришмасми?” деб ёзди фойдаланувчилардан бири.

Сирдарёлик ёшлар эса Ш.Мирзиёев президент сифатида умрбод қолишини ёқлаб таклиф йўллади.

XS
SM
MD
LG