Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2018, Тошкент вақти: 03:44

Мирзиёевнинг бозорни хорижлик сармоядорга бериш таклифи муҳокамага қўйилди


Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Тижорат ташкилотларида давлат иштирокини янада камайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида"ги қарори лойиҳаси​ Ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада Тошкентдаги деҳқон бозорларидан бири ва битта савдо марказини хусусий, жумладан, хорижий ширкатга бериш таклиф қилинган.

14 февралда давлат хизматлари порталида эълон қилинган ушбу ҳужжат лойиҳасида қатор таклифлар муҳокамага қўйилган ва муҳокама 1 мартда якунига етади.

Хусусан, деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларини хусусий секторга бериш бўйича илк тажрибани Тошкентда ўтказиш таклиф қилинган.

Президент қарори лойиҳасида айтилишича, шаҳар ҳокимлигига тажриба ўтказиладиган деҳқон бозори ва савдо мажмуасини танлаши учун 3 ой муддат бериш лозим.

Сўнгра, танланган савдо объектлари шартнома асосида яхши тажрибага эга бўлган ширкат, шу жумладан, хорижий ширкат бошқарувига берилади.

Ҳужжатда, шунингдек, "бошланғич лойиҳа натижасига кўра, 2019 йилнинг 1-январига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат мулкини, шу жумладан, давлат улушлари ва давлат идораларидаги мулкни бизнес операторларига ўтказиш бўйича таклифларни тақдим қилиш" айтилган.

Ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу лойиҳа тасдиқланиши, ўзгариши ёхуд бекор қилиниши мумкин.

Ҳозирда Ўзбекистондаги аксар деҳқон бозорларининг низом капталидаги асосий улуш давлатга тегишли.

Президентнинг 2015 йил 28 апрелдаги қарорига биноан икки йил ичида бозорлардаги давлат улушини 51 фоизга қадар тушириш кўзда тутилган эди.

Аммо, Nuz.uz сайтида келтирилишича, аксар бозорларда давлат улуши ҳануз 53 фоиздан 99 фоизга қадар сақланиб қолмоқда.

Хабарда айтилишича, жумладан, Тошкентнинг "Фарҳод деҳқон бозори"да 99,4 фоиз, "Юнусобод деҳқон бозори"да 94,9 фоиз, "Олой деҳқон бозори"да 98,7 фоиз, "Авиасозлар деҳқон бозори"да 88,7 фоиз, "Эски жўва" деҳқон бозорида эса 78,5 фоиз улуш давлатга қарашлидир.

XS
SM
MD
LG