Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:52

Moderna ва BioNTech ширкатлари раҳбарлари доллар миллиардерларига айланди


Moderna ва BioNTech ширкатлари раҳбарлари коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқишда иштирок этган яна етти киши билан бир қаторда COVID-19га қарши универсал эмлаш шароитида миллиардерларга айланишди. Бу ҳақда қашшоқликка қарши курашиб келаётган Oxfam халқаро ассоциацияси хабар бермоқда.

Oxfam бу маълумотларни инсон ҳуқуқлари ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари иттифоқи ҳисобланувчи People Vaccineʼs Alliance – Халқ вакцинаси альянсидан олган.

Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, Американинг Moderna компанияси бош директори Стефан Банселнинг бойлиги 4,3 миллиард долларга, Германиянинг BioNTech ширкати бош директори Уғур Шахиннинг бойлиги 4 миллиардгача ўсган.

Янги миллиардерлар сафига Moderna билан алоқадор яна тўрт киши – иммунолог Тимоти Спрингер (2,2 миллиард), директорлар кенгаши раиси Ноубар Афеян (1,9 миллиард), вакцина учун қадоқ ишлаб чиқарувчи компания раҳбари Хуан Лопез-Белмонте (1,8 миллиард) ҳамда олим Роберт Лангер (1,6 миллиард) қўшилган.

Яна учта янги миллиардер Хитойнинг Convidicea вакцинасини ишлаб чиқарган CanSino Biologics компаниясининг ҳаммуассисларидир. Уларнинг бойлиги қиймати 1,3 миллиард долларгача етган.

Oxfam ҳисобларига кўра, тўққиз миллиардернинг умумий бойлиги БМТ камбағал деб белгилаган мамлакатларда яшайдиган барча 780 миллион одамни бир доза вакцина билан эмлаш учун етарлидир.

Халқ вакцинаси альянси ҳисоботи 21 май куни Италияда бўлиб ўтган Глобал соғлиқни сақлаш саммити олдидан эълон қилинди.

Ҳисоботда коронавирусга қарши эмлаш учун интеллектуал ҳуқуқлардан воз кечиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Вакциналар учун патентларни вақтинча тўхтатишни АҚШ қўлламоқда, аммо Европа давлатлари бунга қарши.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШнинг Moderna ширкати ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцинани апрельнинг охирларида тавсия қилинаётган дорилар рўйхатига киритди. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маъқуллаган бешинчи ва АҚШ компаниялари эмлашга таклиф қилаётган учинчи вакцина бўлди.

Аввалроқ тавсия қилинган вакциналар рўйхатига АҚШда ишлаб чиқарилган Pfizer/BioNTech ва Jannsen ширкатлари, Британия-Швеция ҳамкорликда ишлаб чиққан AstraZeneca ва унинг Ҳиндистонда маҳаллийлаштирилган варианти киритилган эди.

XS
SM
MD
LG