Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:49

Москвада Ан-148 самолёти қулади, 71 йўловчининг ҳаммаси қурбон бўлди


Ҳодиса жойидаги қутқарувчилар ва Ан-148 самолёти қолдиқлари, 11 февраль, 2018 йил
Ҳодиса жойидаги қутқарувчилар ва Ан-148 самолёти қолдиқлари, 11 февраль, 2018 йил

Москва областида "Саратовские авиалинии" ширкатига қарашли Ан-148 самолёти қулаб тушди. Россия матбуотининг хабар қилишича, самолёт бортидаги 71 кишининг ҳаммаси нобуд бўлган. Ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум.

"Омон қолганлар йўқ"

"Интерфакс" агентлигининг хабар қилишича, самолёт 11 февраль куни Домодедово аэропортидан ҳавога кўтарилишидан бироз ўтиб қулаган.

Расмий маълумотга кўра, самолёт бортида 65 йўловчи ва экипажнинг 6 аъзоси бўлган.

"Интерфакс" агентлиги манбасига кўра, "экипаж аъзолари ва йўловчиларнинг омон қолиш имкони бўлмаган".

Ўлганлар рўйхати

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўлган йўловчилар ва экипаж аъзоларининг рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатдаги йўловчиларнинг фуқаролиги ҳақида маълумот берилмади. Ҳозирча, эълон қилинган рўйхатда ўзбекча исм-фамилиялар кузатилмади.

Аммо, Россия-24 телеканали эса ўлганларнинг қарийб ҳаммаси Оренбург областидан эканини хабар қилди.

"Самолёт 2 дақиқа сўнгра қулаган"

Москва областининг Раменский тумани ҳудудида самолёт қолдиқлари топилди. Қутқарувчилар самолёт қолдиқларининг бир килотметр масофа бўйлаб сочилганини айтмоқда.

Бортида 71 одам бўлган бу самолёт Москванинг Домодедово аэропортидан маҳаллий вақт билан кундузги соат 14:00да Орск томон йўлга чиққан эди. РИА-Новости агентлигининг хабар қилишича, учоқ ҳавога чиққанидан икки дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлган.

Аммо, FlightRadar24 сайтида қайд этилишича, самолёт ҳавога чиққанидан қарийб 26 дақиқат ўтиб, бирдан пастлаган.

Айни пайтда Москва областида яшовчи ҳодиса гувоҳлари учоқнинг ёнаётган ҳолда қулаётганини кўрганини айтмоқда.

Жиноят иши очилди

Россия Тергов қўмитаси ҳодиса бўйича жиноят иши очилганини маълум қилди.

Жиноят иши Россия ЖКнинг 263-моддасининг 3-қисми билан "йўл ҳаракати қоидаси ва ҳаво транспорти воситасидан фойдаланиш тартибининг бузилиши, икки ёки ундан кўп кишининг ўлимига сабаб бўлган эҳтиётсизлик" бўйича очилган.

Путин ҳамдардлик билдирди

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков президент Путин қурбонларнинг яқинларига ўз ҳамдардлигини билдирганини маълум қилди.

Россия-24 телеканали ҳодиса жойидан олинган видеокадрларни намойиш қилди. Унда қор босган дала бўйлаб самолёт қолдиқларининг сочилгани акс этган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Москва области губернаторлиги об-ҳаво ноқулай бўлгани боис, қутқарув-қидирув ишлари секинлашиши мумкинлигини билдирди.

Қутқарув-қидирувга 400 одам жалб қилинди

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қидирув ишлари учун 400 киши, 60дан ортиқ техник восита жалб қилинганини билдирди.

Ҳодиса жойидаги қутқарувчилар ва Ан-148 самолёти қолдиқлари, 11 февраль, 2018 йил
Ҳодиса жойидаги қутқарувчилар ва Ан-148 самолёти қолдиқлари, 11 февраль, 2018 йил

Қутқарувчилар гуруҳи ҳалокат жойидан 50 кишининг тана қолдиқларини топганини билдирди.

Айни пайтда ҳалокат сабаблари ҳақида аниқ маълумот йўқ.

"Самолёт ҳавода портлаган бўлиши мумкин"

Свобода радиоси (Озод Европа/Озодлик радиоси рус хизмати) "Саратовские авиалинии" ширкатидан олган маълумотга кўра, ширкатдагилар қолдиқларнинг сочилишидан самолётнинг ҳаводаёқ парчалана бошлагани, афтидан, учоқ кабинасини парчалайдиган даражадаги кучсиз портлаш ҳаводаёқ содир бўлганини тахмин қилмоқда.

Озодлик ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда, янгиликларни сайтимизда кузатинг!

XS
SM
MD
LG