Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:30

Илон Маск инсон мияси билан туташтирилувчи интерфейс лойиҳасидаги ютуқлар ҳақида сўзлаб берди


Илон Маск.

Таниқли тадбиркор Илон Маск сешанба куни ўзи асос солган Neuralink стартап ширкати инсон миясини компьютерларга улаш масаласида эришган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди. Маскнинг айтишича, ширкат кейинги йилда инсонлар иштирокида тажриба ўтказишни режалаштирмоқда.

Маск ва Neuralink ширкати ходимлари эришган ютуқлари ҳақида Сан-Францискода дастурлаш, робототехника ҳамда нейробиология соҳаларида ишчи ёллаш мақсадида уюштирилган тадбир давомида сўзлаб беришди.

- Пировардида тўлиқ мия-машина интерфейсини йўлга қўйсак бўлади, - деди Маск, - бу билан сунъий интеллект билан симбиозга эришамиз.

Neuralink ширкати махсус робот ёрдамида инсон миясига ўрнатиладиган митти сенсорни тақдим этди.

- Улар кичик электродлар бўлиб, робот уларни эҳтиёткорлик билан имплант қилмоқда, - дея тушунтирди Маск.

Ушбу махсус чип смартфон иловасига маълумот юбора оладиган қулоқчинларга уланади.

Ҳозирча ширкат мақсади имплант ўрнатилган шахсга смартфонни фикри билангина бошқариш имконини беришдир. Кейинчалик ушбу технология ёрдамида кишиларга робот қўллар ўрнатиш мумкин бўлади.

Маск чипни кейинги йил якунигача инсон танасида синаб кўриш режалаштирилаётганини айтди.

Neuralink ходимлари ушбу технология ёрдамида мия касалликлари ҳамда фалажликни даволашга умид қилмоқда. Улар бунинг ортидан кишиларга мия фаолиятини компьютер ёрдамида яхшилашга ёрдам беришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.

XS
SM
MD
LG