Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:06

Мусулмон мамлакатлар Исроилни ва бир-бирини танқид қилди


Якшанба куни мусулмон давлатлар лигаси Исроилдан тинч фаластинликлар ўлимига сабаб бўлаётган ҳужумларини тўхтатишни талаб қилди.

57 мамлакатдан иборат Исломий ҳамкорлик ташкилоти баёнот эълон қилиб, фаластинликларнинг ўз давлатларига эга бўлиш истакларини қўллашини билдирди. Бир неча ўн йилдан бери фаластинликлар ўзлари учун пойтахт Шарқий Қуддус бўлган давлат барпо этиш учун курашиб келади.

Бироқ гуруҳга аъзо айрим давлатлар Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш битимларини имзолагани ҳамда айрим мусулмон мамлакатларнинг "Ҳамас" гуруҳи бўйича хавотирлари туфайли дипломатлар бир-бирларини айбладилар.

"Бугунги кунда фаластинлик болалар қирғин қилинаётгани нормаллашув иддаолари ортидан амалга оширилмоқда", деди Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф.

"Ушбу жиноий ва геноцидчи тузум дўстона муомала унинг шафқатсизлигини янада кучайтираётганини яна бир бор исботлади", дея қўшимча қилди у.

Айни дамда Исроил ва "Ҳамас" ўртасида сўнгги марта 2014 йилда содир бўлган урушдан бери энг шиддатли тўқнашувлар кечмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, Исроил томонидан Ғазога йўлланган авиазарбалар оқибатида камида 192 нафар фаластинлик, шу жумладан, 58 нафар бола ўлган. Ғазодан учирилган 3 мингдан ошиқ ракета ҳужумидан эса Исроилда 10 киши ҳалок бўлган.

Исломий ҳамкорлик ташкилоти ўз баёнотида Исроилни мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди ҳисобланувчи Ал-Ақсо масжидидан фойдаланишига тўсқинлик қилмасликка, шунингдек, фаластинлик оилаларни ўз уйларидан зўрлик билан ҳайдаб чиқаришни тўхтатишга чақирди.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар:

"Фаластин халқи қисмати бугунги кунда ислом дунёсининг қонаётган ярасидир", деди.

Аммо видео анжуманда баъзи делегатлар ўтган йили Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишув имзолаган Баҳрайн, Марокаш, Судан ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мусулмон давлатларни танқид қилдилар.

Миср ва Иордания олдинроқ Исроил билан тинчлик битимларини имзолаган эди. Мусулмон мамлакатлари вакиллари мустақил Фаластин давлати тузилишидан олдин Исроилни тан олган мамлакатларни танқид қилишди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Зарифга қўшилиб, Исроил билан муносабатларини нормаллаштирган мамлакатларни қоралади. Шу ўринда айтиш жоизки, Исроил Анқара билан дипломатик алоқалар ўрнатган.

"Ахлоқий компасини йўқотган ва Исроилни қўллаётганлар бор. Агар ўз оиламиз ичида чала билдирув эълон қилсак, қандай қилиб бошқаларни танқид қилишимиз мумкин? Бизнинг сўзларимизни ким жиддий қабул қилади?", деди у.

Зариф эса Исроилни "геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда" айблади.

2007 йилда Ғазода ҳокимиятни қўлга киритган "Ҳамас" гуруҳи анжуманда қатнашмади.

Арабистон ярим оролидаги жангларга турлича муносабат билдирилди. Қатарда шанба куни кечқурун "Ҳамас"нинг юқори лавозимли раҳбари Исмоил Ҳаниянинг нутқини тинглаш учун юзлаб одам тўпланди. Хабарларга кўра, шанба куни Кувайт парламенти раиси ҳамда Қатар ташқи ишлар вазири Ҳания билан суҳбатлашган.

Айни пайтда, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликларида ҳукуматга алоқадор оммавий ахборот воситалари минтақадаги бошқа тармоқлар сингари зўравонлик авж олганини мунтазам ёритмаяпти.

XS
SM
MD
LG