Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:31

Нидерландияда бўëқчилик қилаëтган собиқ терговчи ДХХ фитнаси қурбони бўлганини айтмоқда


Собиқ терговчи Шокир Ашуров
Собиқ терговчи Шокир Ашуров

Самарқанд вилояти Самарқанд тумани Ички ишлар бўлимининг собиқ терговчиси, милиция катта лейтенанти 34 яшар Шокир Ашуров Нидерландиядаги минглаб мигрантлардан бири.

Нидерландиядаги қурилиш ширкатида бўëқчилик қилаëтган Ашуров Озодлик билан суҳбатда¸ “ Ўзбекистонда адолат қарор топиб¸ Самарқанддаги ишига қайта тикланиш” орзусида яшаëтганини айтади.

Ашуров Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман судининг 2018 йил 20 августидаги қарори билан¸ Ўзбекистон Жиноят кодексининг таъмагирлик ва катта миқдорда пора олишда айбдор деб топилган ва 1 йилу 10 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилган.

Жазони тўла ўтаб чиққанидан кейин Ашуров¸ ўз таъкидига кўра¸ “ҳаққини талаб қилгани учун ДХХнинг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари босимига учраган” ва яна қамоққа тушмаслик учун ўтган йил охирида вақтинча мамлакатни тарк қилишга “мажбур” бўлган.

Чапдан иккинчи катта лейтенант Шокир Ашуров
Чапдан иккинчи катта лейтенант Шокир Ашуров

"Мақсад қочқинлик олиш эмас!"

Ашуров айтаëтган гаплар¸ бир қарашда “сиëсий таъқибга учраганини иддао қилиб¸ Европадан бошпана олмоқчи” бўлаëтган минглаб муҳожирнинг “стандарт” ҳикоясидир.

Бу фикрга эътироз сифатида Ашуров бошидан ўтказганларни Озодлик орқали жамоатчиликка ҳикоя қилишдан мақсад Европанинг бой давлатидан бошпана олиш эмас¸ балки ўз юртига қайтиш эканини айтади.

У ўзига нисбатан бўлган "адолатсизликлар"нинг Ўзбекистон президенти қулоғига етиб бориши ва Мирзиëев аралашуви билан “муаммоси ҳал бўлиб адолат тантана” қилишига ишонади.

Ўтган ҳафта Ашуров Брюсселдаги Европарламент биноси олдида туриб¸ Ўзбекистон президентига видеомурожаат қилди.

Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев! Сизга 36 дақиқалик видео мурожаат юборганман, қани бирон бир жавоб йўқ. Жаноб Олий суд Комилов, жаноб Бош прокурор Йўлдошев мана сизларни юзингиз, ҳурматли президент мен Сизга қайта қайта мурожаат қилмоқдаман, бу ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси прокуратура ва Суд тизимининг тили қисиқлигини далил билан исботлайман”¸ дея хитоб қилади Самарқанд тумани ички ишлар бўлими собиқ терговчиси.

Youtube порталида эълон қилиниб 8 минг киши томоша қилган видеомурожаатда Ашуров Самарқандда давлатга оид ерларни сотган мулозимлар қилмишини текширгани ортидан муаммога дуч келганини иддао қилади.

Шавкат Миромонович мен Самарқандлик амалдорнинг давлатга оид бир гектар ерни 70 минг долларга сотганини тафтиш қилганим ортидан босимга учрадим"¸ дейди Ашуров бу мурожаатида.

(Ашуровнинг айнан қайси давлат идораси ва айнан қайси мулозимни айблагани ҳақида аниқ маълумотлар Озодликда бор. Айни пайтда бу ширкат ва мулозимлар исми айбсизлик презумпцияси боис ҳозирча ошкор қилинмаëтир. Озодлик бундан олдинги суриштирувларида Самарқандда давлатга оид ерларни уй қурувчиларга ноқонуний сотиш кўламини ҳам ўрганган.- таҳр.)

Собиқ терговчи Ашуров ўз мурожаатида ноҳақ туҳмат билан жазоланганидан кейин ҳам ДХХ ходимлари босими тўхтамагани¸ айни шу босим туфайли мамлакатдан вақтинча чиқиб кетганини иддао қилади.

Терговчи нимада айбланган ?

Озодликда нусхаси бўлган Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди қарорига кўра, 2018 йил 20 августида Ашуров таъмагирлик ва катта миқдорда пора олишда айбдор деб топилган ва 1 йил 10 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилган.

Суд ҳужжатларига кўра, Шокир Ашуров “Сиёб” адвокатлар ҳайъати адвокати Абубакир Тошев орқали “ишни гумонланувчи фойдасига ҳал қилиш ваъдаси билан” вилоят СЭС бошлиғи Абдуҳалим Ашуровдан 40 миллион сўм (ўша кунги давлат курси бўйича 5000 доллар) пора олишда айбланган.

Шокир Ашуров президентга қилган мурожаатида ДХХ ходимлари сохта далиллар асосида ўзини ноҳақ қамаганини иддао қилади. Ўз мурожаатида собиқ терговчи унга очилган ишда қалбаки далиллар қўлланилгани ва қўйилган айблар мутлақо асоссиз эканини даъво қилади.

Озодлик тасарруфида бу иддаога Ўзбекистон ДХХ Самарқанд вилоят бошқармасининг муносабатини акс эттирган ҳужжат бор. ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси хизмат бланкасига ëзилиб¸ 2019 йилнинг 21 апрелида тергов бўлими бошлиғи адлия майори Нурбаев имзо чеккан А 129 рақамли ҳужжатда “ДХХ ходимлари тарафидан Шокир Ашуров ишида далиллар сохталаштиргани ҳақидаги важлар ўз тасдиғини топмагани” ëзилади.

Самарқандлик ИИВ зобитининг ДХХга нисбатан билдираëтган айбловлари юзасидан бу идорадан муносабат олишнинг имкони йўқ. Ҳамон Ўзбекистондаги энг ëпиқ идора бўлиб қолаëтган ДХХнинг на расмий сайти ва на матбуот боғланиши учун очиқланган телефон ëки электрон почта манзили бор.

Бўëқчи адолат истайди

Собиқ терговчи Шокир Ашуров Нидерландиядаги бўëқчилик ишларидан бўш вақтида ўзига нисбатан ўқилган ҳукмнинг адолатсиз бўлганини исботловчи ҳужжатларни тўплаш билан банд.

Шу кунда 70 варақдан ошган бу ҳужжатларни Ашуров Ўзбекистон президентига йўлламоқчи.

Ашуровнинг ишонишича¸ “президент бу ҳужжатлар билан танишса¸ албатта¸ адолатни қарор топтиради”.

Мирзиëев ва МХХ/ДХХ муносабатлари

2016 йил сентябрида ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай Шавкат Мирзиëев Миллий хавфсизлик хизматини кескин танқид қилишга ўтган эди.

МХХ амалдорларини "ўғри¸хоин ва ит" деб атаган президент¸ уларнинг Каримов давридаги фаолиятини 37-йиллар қатағонига қиëслаган эди.

Хусусан¸ 2018 йил 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешкў туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда Мирзиëев¸ айнан МХХ босим ва қийноқлари ортидан кўплаб ўзбекистонликнинг ватанидан чиқб кетишга мажбур бўлганини айтган эди.

“Битта салгина кўкарган одамни тагинг ким, отанг ким, онанг ким деб текширавериб ҳаммани ўлдирди, ҳамма ишбилармон Бухородан кўчиб кетди. Бошқа давлатларда, бошқа юртларда, бошқа шаҳарларда сарсон-саргардон бўлиб юрибди, бу ҳам ҳақиқат"¸ деган эди Мирзиëев.

Бундай сурункали танқидлари ортидан Шавкат Мирзиëев 2018 йил 31 январь куни МХХ раҳбарини¸ ўша йилнинг март ойида эса¸ унинг номини ўзгартириб¸ МХХни ДХХга айлантирди.

МХХ/ДХХ раиси ўзгарганидан кўп ўтмай¸ Мирзиëев томонидан тайинланган ДХХ раҳбари Ихтиëр Абдуллаев қамоққа олинди.

27 февраль кунги Ҳарбий суд ҳукми билан Абдуллаев "мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламачилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш каби қатор жиноятларни содир этишда айбдор" деб топилди ва 19 йиллик қамоққа ҳукм этилди.

XS
SM
MD
LG