Линклар

Шошилинч хабар
28 феврал 2021, Тошкент вақти: 00:07

Мьянмада давлат тўнтариши амалга оширилди – ҳокимият ҳарбийлар назорати остига ўтди


Аун Сан Су Чжи

Мьянмада ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Мамлакат ҳарбийлари бир йилга фавқулодда вазият тартибини жорий этишиб, ҳокимият жиловини Қуролли кучлар қўмондони Мин Аунг Хлайн қўлига топширишди. Бу ҳақда Associated Press ва Reuters агентликлари хабар қилишди.

Ҳодиса ортидан Мьянмада телефон алоқасида узилишлар бошланган, ҳукумат телевидение ва радиоси эса эфирларини тўхтатишган.

Мамлакатнинг асосий шаҳри бўлган Янгон маъмурияти биноси олдига кўплаб аскарлар жойлаштирилган, у ерда ҳарбий юк машиналарини ҳам кўриш мумкин.

1 февраль тонгида Мьянмадаги ҳукмрон партия бўлмиш “Демократия учун миллий лига” раҳбари, мамлакатнинг феълан лидери бўлган Аунг Сан Су Чжи, Мьянма президенти Вин Мьин ҳамда бошқа сиёсий раҳбарлар қўлга олинганлар.

Ҳарбийлар юқори лавозимли амалдорлар 2020 йил ноябрида ўтказилган парламент сайлови чоғидаги қаллобликлар учун ҳибсга олинганини билдирганлар.

Расмий маълумотларга кўра, ўша сайловда “Демократия учун миллий лига” партияси парламентда 396 та ўринга эга бўлиб, ҳукумат тузиш ҳуқуқини қўлга киритган, ҳарбийлар томонидан дастакланган “Иттифоқ бирдамлиги ва тараққиёти” партияси эса 33 та ўринни эгаллай олган, холос. Шундан сўнг ҳарбийлар сайловнинг нолегитимлиги ҳақида гапира бошлаганлар.

Ўтган ҳафта Мьянма Қуролли кучлари қўмондони, агар қонунлар бажарилмайдиган бўлса, конституцияни бекор қилиш билан таҳдид қилганди. Мамлакат конституциясига мувофиқ, ҳар икки палатадаги депутатлик ўринларининг чорак қисми ҳарбийларга ажратилиши лозим.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Мьянмада сиёсий лидерлар қўлга олинганини қоралади ҳамда мамлакат ҳарбий раҳбариятини халқ иродасини ҳурмат қилишга, демократик меъёрларга амал қилишга ва ихтилофларни мулоқот йўли билан ҳал қилишга чақирди.

Австралия, Ҳиндистон ва АҚШ томонидан ҳам шу каби чақириқлар янгради.

Мьянмада 1962 йилдан бери бир неча ўн йил давомида ҳарбий диктатура ҳукм сурган. Мамлакатда демократик ўзгаришлар 2011 йилда бошланган. Мазкур ўзгаришлар тимсоли Нобель тинчлик мукофоти соҳибаси, ҳаётининг 15 йилини уй қамоғида ўтказган Аун Сан Су Чжи бўлиб ҳисобланган.

Бироқ сўнгги йилларда бу сиёсатчи, хусусан, мамлакатда роҳинжа мусулмонлари ҳақлари топталаётгани муносабати билан ҳам кўп танқидга учраган.

Сўнгги икки йил ичида таъқиблар туфайли Мьянмадан Бангладешга 750 мингдан зиёд мусулмон-роҳинжа қочиб ўтган. БМТ бу таъқибларни геноцид ўлароқ малакалаган.

XS
SM
MD
LG