Линклар

Шошилинч хабар
28 май 2022, Тошкент вақти: 14:40

Назарбоевлар чет элга Бишкек орқали жўнаб кетишганми?


Қозоғистонда тартибсизликлар бошланганидан бери мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қаердалиги номаълум бўлиб турибди.

Россия ОАВлари ёзишича, Назарбоев Қирғизистон орқали Бирлашган Араб Амирликларига учиб кетган. Қирғизистон расмийлари ушбу маълумотни тасдиқлашгани йўқ, аммо инкор ҳам этишмаяпти. Айни чоғда Озодликнинг қирғиз хизмати манбалари Олмаотада вазият кескинлашган пайтда Назарбоевнинг укаси Бўлат оиласини олиб, Қирғизистон орқали чет элга чиқиб кетганини тасдиқлашди.

Назарбоевлардан фақат бир киши “садо берди”: собиқ президентнинг кенжа қизи Алия Instagram’да қисқагина хабар қолдириб, кўп ўтмай ўчириб ташлади. ОАВлар, унинг профили геолокацияси орқали хабар БАА ҳудудидан ёзилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Ўз навбатида Россия матбуоти Нурсултон Назарбоев Қирғизистон орқали БААга учиб кетгани ҳақида ёзди. Хусусан, “Московский комсомолец” газетаси хабарича, Олмаота воқеалари арафасида Назарбоев она қишлоғи Шамалғанга келган, у ердан эса Бишкекка йўл олган.

Ушбу маълумот эълон қилинганидан сўнг Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирлари Олмаота яқинидаги Шамалған қишлоғига боришди.

Журналист Нуртой Лаханули шамалғанликлар Янги йил байрамидан сўнг Назарбоев қишлоққа келгани ҳақида ҳеч нима эшитишмаганини маълум қилди.

“Қишлоқ турғунлари ва ҳайдовчилардан сўраб-суриштирдим: ҳамма “билмаймиз”, деб жавоб берди. Эҳтимол жавоб беришни хоҳлашмагандир. Одатда такси ҳайдовчилари бунақа гаплардан бехабар қолмайди. Лекин улар ҳеч нимани билмаймиз, дейишяпти”, дейди журналист.

Қирғиз ҳукумати расмийлари Назарбоев БААга Бишкек орқали учгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлашмаяпти.

Бироқ, ўртага чиққан яна бир маълумотга кўра, собиқ президентнинг укаси Бўлат Назарбоев Қирғизистон орқали хорижга чиқиб кетган. Аниқроғи, исми сир қолишини истаган бир неча қирғиз чегарачиси Бўлат Назарбоев 5-6 киши ҳамроҳлигида “Ак Жол” НЎМ орқали Қирғизистон чегарасидан ўтганини айтишган.

Уларни Қирғизистон ҳукуматига яқин одамлар кутиб олишган. Озодлик билан суҳбатлашган Чегара хизмати ходимлари ишдан бўшатишларидан чўчиб, исмларини кўрсатмасликни ва овозларини ёзиб олмасликни илтимос қилганлар.

6 январь куни Озодлик Қозоғистон фуқаролари – Бўлат Назарбоев, Нурсаин Назарбоева ҳамда Бауржан Нургазиулиларнинг паспортлари нусхаларини қўлга киритди – ҳужжатларда улар Қирғизистон чегарасини кесиб ўтишганини тасдиқловчи қайдлар мавжуд.

Очиқ манбаларда Нурсаин Назарбоева ҳақида маълумот йўқ. Бауржан Нургазиули эса Олмаотадаги “Барис” бозори мудири ҳисобланади.

Ўша куни “Ак Жол” НЎМ ёнида турадиган киракаш ҳайдовчилар ойналари қорайтирилган автомобиллар Қирғизистон чегарасидан ўтганини кўрганларини маълум қилишган.

Қирғизистонга Кордайдан “Ак Жол” НЎМ орқали келган қозоғистонлик фаол Думан Муҳамедкарим Назарбоевнинг қариндошлари ўша чегара маскани орқали Қирғизистонга келганини одамлардан эшитганини айтди.

“Шу ерлик турғунлар менга “Ўз кўзимиз билан кўрдик”, дейишди. Чегарада қирғиз сим-карталарини сотадиган йигитлар бор, улар Назарбоевнинг яқинлари қўлларида ёш болалар билан чегарадан ўтишганини айтишди. Шу гапларингизни камерага қараб айтинг, деб илтимос қилгандим, қўрқиб кетиб, рад этишди”, дейди фаол.

Бундан ташқари, “Манас” аэропортининг бир неча ходими уларда Назарбоевнинг яқинлари Қирғизистон орқали Дубайга учиб кетганига доир маълумот борлигини билдиришган. Афсуски, улар ҳам ўз хавфсизликларини ўйлаб исмлари ошкор этилишини хоҳлашмади.

Қирғизистон ҳукумати Бўлат Назарбоев Бишкек орқали учгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлашганича йўқ. Аммо у расман инкор ҳам этилмаяпти.

Чунончи, Чегара хизмати мамлакатга келганлар тўғрисида маълумот беришдан бош тортди. Матбуот котибаси Гулмира Борубаева ушбу маълумотлар қонун билан қўриқланишини айтди.

“Қонунчиликка кўра, мамлакатимизга келган фуқароларга доир маълумотлар махфий саналади. Бу маълумотни ўша фуқаронинг ўзи сўраган тақдирдагина бера оламиз. Шунингдек, маълумотлар суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг расмий мурожаати бўйича ҳам тақдим этилади”, дея изоҳ берди Борубаева.

“Манас” аэропорти вакиллари эса 6 январь куни Дубайдан Бишкекка хусусий учоқ учиб келганини тасдиқлашди. Аэропорт матбуот котибаси Алия Қурбонова айтишича, уларда учоқ йўловчилари ҳақида маълумот йўқ.

“Bombardier русумли учоқ “Манас” аэропортига 2022 йил 6 январь куни қўнди. У Дубайдан учиб келган эди. Тижорат учоғи кимга тегишлилигини билмаймиз, рейс йўловчиларини ҳам. Бу бизнинг вазифамизга кирмайди. Яна бир Bombardier учоғи Шимолий Македониядан келганди. У техник заруратга кўра қўнган. Учоқ аэропортда экан, ичидан ҳеч ким тушгани йўқ”, деди Қурбонова.

Қирғизистон расмийлари Назарбоевнинг қариндошлари Бишкекдан учиб кетишгани ҳақидаги хабарларни рад этишмади, шу билан бирга тасдиқлашмади ҳам.

Жогорку Кенеш депутати Достон Бекешев Қозоғистоннинг собиқ президенти қариндошлари мамлакатдан Қирғизистон орқали чиқиб кетишганини янгиликлардан билганини, аммо унда ушбу маълумотни расмий идоралардан аниқлаштириш имкони бўлмаганини айтади.

“Бу ҳақда сайтларда ўқидим. Лекин уни расман текширганим йўқ. Хоҳласалар, ўтаверишсин. Биз уларнинг йўлини тўса олмаймиз”, дейди депутат.

68 ёшли Бўлат Назарбоев – Нурсултон Назарбоевнинг туғишган укасидир. Акаси иқтидорга келганидан сўнг у Қозоғистоннинг энг нуфузли ва бадавлат кишилариан бирига айлангани хусусида мустақил ОАВлар бир неча марта ёзиб чиққан эди.

Жорий йил бошларида Қозоғистонда оммавий норозилик чиқишлари ўтказилди. Митингчилар дастлаб суюлтирилган газ нархини туширишни талаб қилишган эди, аммо кейинроқ сиёсий талабларни илгари суришди. Норозилик акциялари мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилди.

5 январда оммавий норозилик – тартибсизликларга айланиб кетди ва бу Олмаота ва Чимкентда ўнлаб одамлар нобуд бўлишига олиб келди. Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда тартибсизликларга иштирок этганликда гумон қилиниб 10 мингдан зиёд киши ҳибсга олинган. Қурбонлар сони эса 225 кишига етгани маълум қилинди.

XS
SM
MD
LG