Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2021, Тошкент вақти: 12:27

Назарбоевнинг куёви нишонда: АҚШ Қозоғистон “клептократия”сидан ташвишда


Собиқ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг куëви ва мамлакатдаги бадавлат одамлардан бири Тимур Кулибоев

Қозоғистон бош прокуратураси Британиянинг “Financial Times” газетасида чоп қилинган маълумотларни расман текшираркан, қонунбузарликларни “аниқламади”. Мақолада собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибоев Хитойга газ қувури қурилиши чоғида махфий схемалар орқали ўн миллионлаб доллар маблағни ўзлаштиргани ҳақида сўз боради. Бу орада АҚШ Конгресси Оқ уйни Қозоғистондаги “клептократияга” эътибор беришга чақирмоқда.

Қонунбузарликлар “аниқланмади”. Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакатдаги энг бадавлат ва обрўли одамларидан бири бўлмиш Тимур Кулибоевнинг аризасига асосан бошланган текширув хулосасини шундай ифодалади. Истеъфосидан сўнг ҳам кенг ваколатларни сақлаб қолган собиқ президентнинг куёви “Financial Times”да чиққан шов-шувли мақола ортидан декабрда мазкур идорага мурожаат қилган эди. Британия нашри журналисти Том Бержес Хитойга газ қувури қурилишида қатнашган давлат ширкатларини назорат қилган Кулибоев шартномаларнинг “қаймоғини сидириб олиб”, махфий схемалардан ўнлаб миллион доллар пул топганини иддао қилган эди.

Кулибоевнинг юристлари мурожаат ортидан, Нурсултон Назарбоевнинг куёви “ёлғон маълумотлар” келтирилган ушбу мақоладан норозилиги ва аллақачон Бош прокуратурага ариза бергани тўғрисида хабар ёйинладилар. Айни чоғда, афтидан Кулибоев чет эл газетасидан ёки материал муаллифидан раддия чиқаришни талаб қилишни ва Британия судига даъво киритишни хоҳламаган.

Кутилганидек қонунбузарликлар йўқлиги ҳақида баёнот берган Бош прокуратура Кулибоевнинг ўтган йил охирларида ёзган аризаси бўйича текширувни Қозоғистон энергетика вазирлиги олиб борганини маълум қилди.

“Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, мақолада баён қилинган фактларни текшириш нефт-газ соҳасида ваколатдор идорага — Қозоғистон энергетика вазирлигига топширилди. Текширув жараёнида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмади. Аризачига жавоб 2021 йил 23 февраль санасида йўлланди”, дейилади прокуратуранинг Озодлик радиоси қозоқ хизмати сўровига жавобан 25 май куни юборган хатида. Уни Бош прокуратуранинг жамият манфаатларини ҳимоя қилиш хизмати бошлиғи муовини Ризат Смагулов имзолаган.

Прокуратура текширув қай тариқа олиб борилгани ва унинг якунларига кўра бирор чора кўрилиши ёки кўрилмаслиги ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирган.

2020 йил 3 декабрда “Financial Times” ўз манбасидан олинган маълумотларга таяниб, Кулибоевнинг Марказий Осиёдан Хитойга газ қувури қурилиши чоғида “Евразийский трубопроводний консорциум” (ETK) ширкати билан тузилган шартномалардан қарийб 75 миллион доллар олганини ёзганди.

Мазкур ширкат қувурларни, ўзи Хитойдаги ишлаб чиқарувчилардан харид қилган пўлатни юқори нархларда етказиб берган Украина ва Россия заводларидан сотиб олган. Журналист Бержесга кўра, ЕТК хомашёни Хитойдан тоннасини 935 доллардан олиб 1500 доллардан сотган.

Ҳужжатлар бу пулнинг катта қисми пировардида ЕТКга раҳбарлик қилган рус тадбиркори Александр Кармановга эмас, Тимур Кулибоевга аталганини “тахмин қилиш имконини беради”, таъкидлайди Бержес.

Кулибоевнинг юристлари ўшанда мижозлари ЕТКга бевосита ёки билвосита алоқадор бўлмаганини айтишганди.

Бу орада Бержеснинг мақоласи Америка конгрессменлари назарига тушди. Май ойи бошларида Конгресснинг вакиллар палатаси аъзоси Бенни Томпсон ўз ҳамкасбларини ва президент Жо Байден маъмуриятини Қозоғистондаги Бержес таърифлаган “клептократия” ҳолатларини муҳокама қилишга чақирди.

Бенни Томпсон “АҚШнинг стратегик ҳамкори бўлишга интилаётган” ва “дунё харитасининг муҳим бўлагида” жойлашган Қозоғистон каби мамлакатдаги муҳтамал коррупция ҳолатлари ҳақида “Financial Times” мақоласида баён этилган маълумотлардан “ташвишдалигини билдирди”.

Миссисипи штатидан сайланган конгрессмен, шунингдек, Кулибоев шов-шувли мақолаларга биринчи марта мавзу бўлмаганини эслатди. Томпсон бунда Назарбоевнинг куёви 2007 йили Британия қироличаси Елизавета II нинг ўғли шаҳзода Эндрюдан Саннингҳил-парк мулкини сотиб олганини назарда тутган (ОАВ Кулибоев 15 миллион фунт тўлагани ва бу сотув қийматидан уч миллионга кўплигини ёзганди; Британия жамоатчилиги пора аралашган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб ушбу олди-сотди бўйича текширув ўтказишга чақирган).

Шаҳзода Эндрюнинг бир пайтлар қиролича онаси томонидан унга тўй ҳадяси тариқасида берилган шаҳардан ташқаридаги ушбу уйи аллақачон бузилиб, ўрнида “улкан кошона” пайдо бўлган.

Американинг “Forbes” журнали жорий йилнинг апрелида Тимур Кулибоев ва рафиқаси Динаранинг умумий мол-давлатини 5,6 миллиард долларга (ҳар бирига 2,8 миллиарддан) баҳолаганди.

Кулибоевлар жуфтлиги “Алмэкс” ширкати орқали мамлакатда энг йирик банк бўлмиш “Халик банки”ни назорат қилади.

Бу йил Тимур Кулибоев Қозоғистонда энг катта ҳисобланадиган Олмаота аэропортини 365 миллион долларга турк холдингига сотиш бўйича ишларни охирига етказди.

54 яшар Тимур Кулибоев Қозоғистоннинг нефт-газ ва энергетика мажмуасига оид ташкилотлар ассоциацияси – KAZENERGY раҳбари, Россиянинг “Газпром” директорлар кенгаши аъзоси, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ҳамда Қозоғистон бокс федерацияси президентидир.

XS
SM
MD
LG