Линклар

Шошилинч хабар
01 март 2021, Тошкент вақти: 07:06

Навоийдаги "чемпионлар маскани" ҳукумат қароридан сўнг ёпилди. Мураббийлар норози


"Кимёгар" спорт мажмуасидан ўнлаб жаҳон чемпионлари етишиб чиққан.

Навоийлик бир гуруҳ мураббийлар шаҳардаги “Кимёгар” спорт мажмуаси ёпилганига норозилик билдириб, Озодликка мурожаат қилди.

Мураббийлар ўнлаб Жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиққан ушбу мажмуанинг ёпилиши спорт учун катта йўқотиш бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Ўтган йилнинг кузида мажмуа “Навоийазот” ширкати балансидан олиниб, Навоий шаҳар ҳокимлигига ўтказилган.

Ҳозирда шаҳар ҳокимлиги мажмуа ҳаражатларини қоплай олмаётгани айтилди.

Чемпионлар етиштирган маскан

46 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган “Кимёгар” спорт мажмуаси ишчилари жорий йил 13 январь куни ишдан бўшатилди.

Озодликка боғланган мураббийлар ушбу мажмуада ўнлаб чемпионлар етишиб чиққанини айтиб, унинг ёпилганини қоралашларини айтишди.

  • “Бу ерда тарбияланган спортчи Ҳусниддин Норбеков Рио де Жанейрода ўтган паралимпия ўйинларидан чемпионлик унвони билан қайтди. Норбеков диск улоқтириш ҳамда ядро отиш бўйича жаҳон рекордини янгилади.
  • Биз шуғулланган спортчиларнинг етти нафари армрестлинг бўйича жаҳон чемпиони бўлган, яна бир нечта спортчимиз шу спорт тури бўйича жаҳон чемпионатидан совриндор бўлиб қайтган.
  • Мирзоҳид Шаропов эса армрестлинг бўйича 7 карра жаҳон чемпиони бўлди.
  • Ушбу спорт тури бўйича жами 100дан зиёд спортчиларимиз Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионлари бўлган.
  • Яна бир спортчимиз Элбек Султонов бу йил Токиода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган.

Шунча чемпионни етказиб берган масканнинг ёпилиши спорт учун катта йўқотиш бўлиши мумкин. Раҳбарлар буни ўйламаяпти”- дейди аноним қолиш истагини билдирган мураббийлар.

Мураббийлар ҳисоб-китобича, ушбу мажмуада ўттизга яқин одам ишлаб келган, уларнинг барчаси "НавоийАзот"дан ойлик олишган.

Спортчи ёшлар мажмуа ёпилганига қарамай, ўйингоҳда машқларини давом эттирмоқда. (Сурат 26 январь куни олинган)
Спортчи ёшлар мажмуа ёпилганига қарамай, ўйингоҳда машқларини давом эттирмоқда. (Сурат 26 январь куни олинган)

Ҳукумат қарори

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 июлдаги 432-сон қарорига асосан, “Кимёгар” мажмуаси “НавоийАзот” АЖда олиниб, Навоий шаҳар ҳокимлигига берилган.

Ҳукуматнинг бу қарори “НавоийАзот” АЖ таркибидаги ташкилотларнинг активларидан самарали фойдаланиш ҳамда молиявий ҳолатини соғломлаштириш мақсади билан изоҳланган.

Навоий шаҳар ҳокимлигининг Озодлик боғланган ходими “Кимёгар” мажмуаси тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълум эканини айтди.

“Вазирлар Маҳкамаси қарорини бажариш учун бу мажмуа “НавоийАзот”дан олиниб, шаҳар ҳокимлигига давлат мулки сифатида баланс (қолдиқ) қийматида берилди. Лекин бу мажмуанинг бир йиллик ҳаражатлари 700 миллион сўм эканини ҳисобга олсак, ҳокимлик буни ўзи эплай олмаслиги аниқ. Шунинг учун давлат билан шерикчилик ҳисобига ишлайдиган тадбиркорларни излаяпмиз. Спорт даромадли соҳа бўлмагани учун тадбиркорлар ҳозирча қизиқиш билдирмаяпти. Мажмуани оладиган тадбиркор у ерда бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳаққи йўқ”,- деди ҳокимликнинг ўзини таништирмаган ходими.

Озодлик гаплашган мураббийлар спорт мажмуасини бузиб, ўрнида кўп қаватли уй қурилиши режалангани ҳақида гапиришди. Бу ҳақда спорт мажмуаси билан боғлиқ муаммони ёритган Kun.uz нашри видеолавҳасида ҳам айтилган.

Бироқ ҳокимлик мулозими “Кимёгар” мажмуаси бузилиши ҳақидаги гап-сўзларни рад қилди:

“Спорт мажмуаси “НавоийАзот”га яқин жойда жойлашгани учун у ерда турар-жой қурилиши мумкин эмас. Кейин бино эски бўлса ҳам уни ҳозирча бузиш режаси йўқ”.

Навоий вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шаҳло Нарзиева Озодлик билан суҳбатда “Кимёгар” мажмуасининг бошқарма тасарруфига ўтказиш режаси ҳам борлигини айтди:

“Кимёгар” билан боғлиқ иккита режа бор. Биттаси, давлат билан шерикчилик қиладиган тадбиркорни топиш, иккинчиси, бизнинг бошқарма тасарруфига ўтказиш мумкин. Агар тадбиркор топилса, у тренерлар шароитини яхшилайди. Ремонт қилиб беради, машқ залига қўшимча жиҳозларга сотиб олиб беради. Биз буни назорат қиламиз. Агар тадбиркор топилмасдан, бизнинг бошқармага берилса, биз у ерда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил қиламиз. Чемпионларни янада кўпайтириб беришга сўз берамиз. Лекин бизга бино ҳаражатлари учун бюджетдан ёрдам берилиши керак. Яқин 1-2 кунда “Кимёгар” тақдири ҳал бўлади”.

Айни пайтда Нарзиева “Кимёгар”даги мураббийлар бошқа спорт мажмуаларига жойлаштирилиши, техник ходимларга эса “НавоийАзот”дан иш берилиши режаланганини таъкидлади.

1975 йилда қурилган “Кимёгар” спорт мажмуаси халқ тилида “Химик” стадиони номи билан танилган. Мажмуа 8 гектар майдонда жойлашган бўлиб, у ерда вилоятдаги асосий спорт мусобақалари ўтказиб келинади. Стадион 5000 томошабинга мўлжалланган.

XS
SM
MD
LG