Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2021, Тошкент вақти: 01:08

Ўрхан Инанди топилди. Уни Туркия махсус хизматлари ўғирлаб кетган


Ражаб Тоййиб Эрдўғон бир ой муқаддам ғойиб бўлгани хабар қилинган Ўрхан Инанди Туркияга келтирилганини маълум қилди. Бу ҳақда Туркия президенти 5 июль куни халққа мурожаатида айтган.

Эрдўғонга кўра, турк махсус хизматлари вакиллари Ўрхан Инандини мамлакатга келтириб, жавобгарликка тортганлар. Инандини у “ФЕТОнинг Марказий Осиёдаги бошқарувчиси” деб атаган.

“У ФЕТО олий раҳбариятига мансуб бўлиб, ташкилотнинг ифлос пулларини Марказий Осиёга йўналтирган. Биз бошқа террорчи ташкилотлар билан курашганимиз каби ФЕТОга қарши курашда ҳам давом этамиз”, деган Эрдўғон.

Эрдўғон ўз нутқида аввалроқ Туркиянинг ФЕТОга алоқадор 100 дан ортиқ фуқароси мамлакатга олиб келинганини қўшимча қилган. Хусусан, Салоҳиддин Гулен, Аҳмет Йигит ва Исмоил Оккали — Шимолий Кипрдан, Гюрбю Севилай ва Тамер Авжи – Ўзбекистондан, Ясин Инан – Украинадан, Ҳасан Ҳусайин Гюнакан – Косоводан келтирилгани эълон қилинган.

2018 йилда Мўғулистонда ҳам Туркия ҳукумати назарида, ФЕТО билан алоқаси бўлган Туркия фуқароларига қарши махсус амалиёт ўтказилган эди. Турк махсус хизматлари вакиллари Улан-Батордаги лицейлар директори Вейсал Акчайни қўлга олганлар. Бироқ Мўғулистон ҳукумати уни Туркияга олиб кетиши лозим бўлган учоқнинг ҳавога кўтарилишига рухсат бермаган.

Туркия оммавий ахборот воситалари Эрдўғон баёнотидан сўнг Ўрхан Инанди “террорчилар” гуруҳига аъзо бўлгани учун Туркия Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирилгани ҳақида ёзди.

“Сапат” халқаро таълим муассасаси президенти Ўрхан Инанди 1 июнга ўтар кечаси Бишкекда ғойиб бўлганди. Мазкур ҳолат бўйича қирғиз милицияси 170-модда (“Одам ўғирлаш”) билан жиноят иши очган. Кейинроқ уни Интерпол орқали халқаро қидирувга беришган. 2019 йилда Қирғизистон Туркияга Ўрхан Инандини экстрадиция қилишни рад этгани маълум бўлгач, бу масала Жогорку Кенешда ҳам кўтарилган эди. Депутатлар унинг йўқолиб қолишини “сиёсий амалиёт” дея баҳолаб, “одам ўз-ўзидан ғойиб бўлмайди”, дея таъкидлашган.

Бишкек ИИББ жамоатчиликни Ўрхан Инанди расман Қирғизистон давлат чегарасини кесиб ўтмаганига ишонтирган. ДМХҚ эса “Сапат” ХТМ президентини ўғирланиши мумкинлиги ҳақида огоҳланирганини маълум қилган.

Ўрхан Инандининг турмуш ўртоғи Рейҳан Инанди эрини “Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси биносида куч билан ушлаб туришган”и ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабар олганини билдирган.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Эрбол Султонбоев Садир Жапаров Туркияга ташрифи чоғида Ражаб Тоййиб Эрдўғондан Қирғизистонда дом-дараксиз йўқолган Ўрхан Инанди ҳақида сўраганини маълум қилган.

“Эрдўғон уни танимаслигини, унда ҳеч қанақа маълумот йўқлигини ва ФЕТО тарафдорлари ҳақида эшитишни ҳам хоҳламаслигини айтган”, деганди Султонбоев.

Ўрхан Инанди ғойиб бўлганидан бери Бишкекда уни топишни талаб қилиб Туркиянинг Қирғизистондаги элчихонаси, Оқ уй ҳамда Ҳукумат уйи олдида бир неча марта норозилик чиқишлари бўлиб ўтди. “Сапат” таълим муассасаси эса унинг қаердалигини аниқлаган одамга мукофот ваъда қилган эди.

Ўрхан Инандининг рафиқаси Рейҳан 5 июль куни Бишкек марказида ёлғиз намойишга чиқди.

Ижтимоий тармоқлардан олинган фото ва видеотасвирларда унинг ҚР Ҳукумат уйи ҳамда Жогорку Кенеш биноси олдида “Ўрхан Инанди қаерда?” деб ёзилган лавҳани кўтарганча ёлғиз тургани кўринади. Адвокати Таалайгул Тўхтахунова “Facebook”даги саҳифасида ушбу ёлғиз пикетдан олинган видеони ёйинлади.

Бугун Тўхтахунова, эрини турк телевидениеси орқали кўргач, Рейҳан Инандининг тоби қочганини ва унга тез ёрдам чақиришга тўғри келганини маълум қилди. Адвокат Қирғизистон фуқароси, халқаро қонунчилик меъёрларига мувофиқ, уйига қайтарилиши лозимлигини урғулади.

Расмий Бишкек Ўрхан Инандининг Туркияга олиб чиқиб кетилиши юзасидан изоҳ берганича йўқ. “Kaktus.media” нашри ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Ташқи ишлар вазирлиги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг қирғизистонлик Ўрхан Инанди ҳибс қилинишига доир баёноти бўйича тушунтириш беришни сўраб нота топшириш учун Туркия элчисини чақиртирмоқчи.

Ижтимоий тармоқларнинг қирғиз сегментида Ўрхан Инандининг Туркияга олиб кетилишига кескин муносабат билдирилди. Қуйида айрим фойдаланувчиларнинг фикрларини келтирамиз:

Ўрхан Инанди Туркияда таваллуд топган бўлиб, Қирғизистонга 1995 йилда келган, 2012 йилда ҚР фуқаролигини олган. У раҳбарлик қиладиган “Сапат” (аввалги номи “Себат”) ХТМ 16 та лицей, “Алатов” халқаро университети, UWIS халқаро мактаби ҳамда 4 та тўлиқсиз ўрта мактабни ўз ичига олади. Ушбу муассасаларда 10 минг нафардан ортиқ ўқувчи ва талабалар таълим олади.

XS
SM
MD
LG