Линклар

Шошилинч хабар
01 феврал 2023, Тошкент вақти: 13:52

“Ўз ихтиёри билан военкоматга боришни ҳеч ким хоҳламайди” – Донецк ва Луганскдаги уруш кайфияти (ВИДЕО)


Донецкдаги бозордан қайтаëтган харидор. 19 февраль 2022 йил

Луганск ва Донецк турғунлари ҳарбий комендатура чақириқ ёшидаги эркакларни кўчалардан олиб кетаётганини маълум қилмоқда: айтишларича, дастлаб улар билан суҳбат қилиб, паспортлари сўраб олинади, шундан сўнг автобусларга ўтқизилади ва армияга жўнатиш учун йиғин жойларига жўнатилади.

Шунингдек, чақириқ ёшидаги эркакларни уйма-уй юриб ҳам “овлашмоқда”, деб хабар берди Донбасс.Реалии. Нашр бўлгинчи ҳудудларда истиқомат қилувчи бир неча киши билан, исмларини сир сақлашга кафолат берган ҳолда сўзлашишга маваффақ бўлди.

“ДХР” ва “ЛХР”да ялпи сафарбарлик 19 февраль куни эълон қилинганди. “ДХР” раҳбари Денис Пушилин бўлгинчилар назоратидаги ҳудудларда яшовчи ва “қурол ушлашга қодир” барча эркакларга мурожаат билан чиқиб, уларни “ўз оилаларини, Донбассни ва барча рус кишиларини” ҳимоя қилишга чақирди.

Шанба куни “ДХР” депутатлари фавқулодда йиғилишга тўпланиб, сафарбарлик тўғрисида қарор қабул қилишди.

“ЛХР” раҳбари Пасечник ҳам айни мазмунда видеомурожаат эълон қилди. Турғунлар маълум қилишича, 18 дан 55 ёгача бўлган эркакларга “ЛХР”ни тарк этиш тақиқланган, ҳарбий комендатура ходимлари эса эшикма-эшик юриб, маҳаллий эркакларга “умумий сафарбарлик” ҳақида хабарнома тарқатмоқда.

Ҳарбийларга фуқаролар ва корхоналарнинг мудофаа эҳтиёжлари учун зарур мол-мулклари ва транспорт воситаларини мусодара қилиш ваколати берилган. Туб аҳоли бу талаблардан норозилиги ва ғазабини ижтимоий тармоқлардаги маҳаллий пабликларда тўкиб-солмоқда.

Шунингдек, одамларга “ўз уйи ва ватани ҳимоясига отланиш” чақирилган СМС-хабарлар ёғилмоқда.

Айни мазмундаги плакатлар Донецк кўчаларига осиб ташланган.

“Уйма-уй юриб, эркакларни куч билан олиб кетишяпти. Тельмановода (Донецк вилоятининг бўлгинчилар назоратидаги қисмида жойлашган қарийб 4 минг киши истиқомат қилувчи шаҳарча) ҳамма йигитларни олиб кетишибди, ҳозир бозорда аёллардан эшитдим. Бир танишимиз вояга етмаган боланинг ёлғиз боқувчиси бўлмиш бир эркак бугун эрталаб уйидан олиб кетилганини айтишди. 15 яшар бола квартирада бир ўзи қолибди. Ҳозиргина бизнинг эшигимизни ҳам қоқиб келишди, қўшнимни сўрашди, Худога шукрки, у бу ерда эмас”, деб ёзади Донецк турғунларидан бири.

“ДХР” ҳудудида яшовчи бир аёл “Халқ милицияси” ходимлари уйидан топилган эркакларга йўл тадоригини кўриш учун жуда оз вақт беришаётганини айтади.

“Дарров “Уазик”ка босиб, жўнаб кетишяпти. Керакли нарсаларини олишга улгурдими, йўқми – уларни қизиқтирмайди. Аммо-лекин жанг қилиш тугул, ҳеч ким ўз ихтиёри билан военкоматга боришни ҳам хоҳламайди”, дейди донецклик аёл.

“Бир дўстим дўконга чиққан экан. Шартта ушлаб: “Машинага ўтир, кетдик”, дейишибди. “Қаёққа?” дебди ўртоғим ҳанг-манг бўлиб. “Фронтга-да, қаерга бўларди!” У чақириқ ёшига етмаганини, энди 16 ёшга тўлганини айтса ҳам қўйишмапти. Отаси изидан ҳужжатини олиб бориб, ўғлини қайтариб келди”, деб ёзади Донецк турғунларидан бир ўспирин маҳаллий пабликда.

Донбасс.Реалии мухбирларига кўра, Донецкда барча мактаб ва университетлар “номуайян муддатга” ёпилган. Маҳаллий аҳоли буни пропагандачи ОАВлар учун гўё у ерда ишлайдиган, ўқийдиган ҳамма эркаклар “хизматга” кетгандек тасаввур уйғотишга уриниш, деб тушунмоқда. Ёши чақириқ ёшидан ўтган эркаклар эса ялпи сафарбарлик тўғрисидаги хабарномаларни уйма-уй тарқатишга мажбурланяпти.

Бўлгинчилар назоратидаги Горловка шаҳарчасида мактаб ўқитувчиларини ҳам ҳарбий комиссариатларга чақиришди – ҳарбийлар тилида “мирза” бўлиб ишлаб бериш учун. Донбасс.Реалии манбасига кўра, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарига “ўқитувчиларни юбормасанг, аризангни ёз”, деб шарт қўйилган. Журналистлар ялпи сафарбарликнинг бутун бюрократик юки ўқитувчилар елкасига ташланганини тахмин қилишяпти.

Интернетда бўлгинчилар назоратидаги Луганск ва бошқа шаҳарлар кўчаларида эркаклар тўхтатилаётгани акс этган видеолар ҳам ёйинланди.

Сўнгги йилларда “ДХР” ва “ЛХР” раҳбарлари маҳаллий шароит учун катта ойлик ва таъминот ваъда қилиш билан эркакларни ҳарбий хизматга тортишга ҳарчанд уринишмасин, хоҳловчилар кўп бўлмади: тан олинмаган республикалар армияларида аскарлар қўмондонларнинг бепарволиги туфайли нобуд бўлаётгани ҳарбий хизматга қизиқишни анча сусайтириб қўйган.

Донбасс.Реалии мухбирлари хабар беришича, “ДХР” ва “ЛХР” банкоматларида нақд пул тақчиллашган. Бу маҳаллий маъмурлар кўтараётган ваҳима таъсирига тушган аҳоли карталаридаги пулларини нақдлаштириш учун банкоматларга ёпирилгани сабабли юзага келди. Одамлар зўр бериб энг зарур маҳсулотларни сотиб олаётгани ортидан дўконлар пештахталари ҳам бўшаб қолмоқда.

Манбалар Донецк кўчаларида яна Россия ҳарбийлари пайдо бўлганини айтишмоқда: уларни ерли аҳоли тилидан фарқланувчи лаҳжасидан таниб олишяпти. Донецклик гувоҳга кўра, улар таниқ белгиларсиз ҳарбий кийимларда юришибди, аксари новча, бақувват бўлгани боис уларни “спецназ” аскарлари деб гумон қилишмоқда.

Россия ўз бўлинмаларини “ДХР” ва “ЛХР” ҳудудларига йўллагани ҳақида расман маълум қилган эмас, бироқ Украина чегаралари яқинида қарийб 150 минг аскардан иборат катта қўшин тўплаган.

Яна, гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳарбий уст-бошли одамлар енгил автомашиналарда Донецк кўчаларини кезиб, атрофдаги вазиятни кузатаётганини маълум қилишмоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари бу машиналар рақамлари “ДХР” ҳарбий тузилмаларига оидлигини айтишяпти. Маъмурий ва ҳарбийлаштирилган муассасалар бинолари жойлашган кўчалар эса БТРлар билан тўсиб қўйилган.

XS
SM
MD
LG