Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2021, Тошкент вақти: 16:38

Ўзбек тили байрами: "Рус тилини билмаганим учун ўзбек раҳбар мени ишга олмади"


Тошкентдаги озиқ-овқат дўконларидан бири. Дўкондаги ёзувлар рус тилида битилган.

Президентликка беш номзоддан фақат биттасининг сайловолди дастурида ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтиришга қаратилган чоралар режаси мавжуд. Бошқа тўрт номзод, жумладан амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг дастурида ҳам тил масаласи тилга олинмаган.

Беш номзоддан биригина давлат тили билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратиши бу соҳада муаммо қолмагани белгисими ёки бошқа тўрт номзоднинг тилга эътиборсизлигидан даракми?

Бу саволни катта ва кенжа авлод вакилларига бердик. Суҳбатдошларимиздан бири адабиётшунос олим, профессор, иккинчиси Жанубий Кореяда ўқиётган талаба, учинчиси эса, рус тилида бехато гапира олмагани учун ўзбек раҳбар томонидан ишга олинмаган Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети битирувчиси.

Бу йил иккинчи марта ўтказиладиган Ўзбек тили байрами куни 24 октябрда ўтказиладиган Президент сайлови арафасига тўғри келди. Ўзбекистон президенти 2020 йили имзолаган қонун билан 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланган. Бу байрам “Давлат тили тўғрисида” қонуннинг 1989 йилнинг 21 октябрида қабул қилингани билан боғлиқ.

Номзоднинг ваъдаси

Ўзбекистон президентилигига "Миллий Тикланиш" демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров сайловолди дастурида, агар сайланиб қолгудай бўлса, “ўзбек тилининг кенг қўлланиладиган, замонавий тараққиётга уйғун тилга айланиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилижагини” ваъда қилган. Бунинг учун, номзод фикрича, мана бу чоралар кўрилиши лозим:

  • ўзбек тилида иш юритадиган бошқа миллатли фуқаролар маошига 25 фоизгача устама тўланади;
  • соҳага алоқадор илмий адабиётлардан бирини ўзбек тилига таржима қилиш илмий унвон олишнинг шарти сифатида киритилади;
  • ўзбек тилини бепул ўргатиш курслари учун субсидиялар ажаратилади.

Бошқа 4 номзоднинг сайловолди дастурларида тил ривожига қаратилган ҳеч қандай гап йўқ.

"Миллат ўз тилини ҳурмат қилмаяпти"

Адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг фикрича, номзодлардан бирининг тил масаласини ўз сайловолди дастурига киритганини қўллаш керак, бироқ бошқаларининг бу масалага тегинмагани фожиа эмас.

Фикрини давом эттирар экан, профессор бундай деди:

"Чунки ҳукумат, менинг назаримда, тил учун қилиниши керак бўлган ишнинг ҳаммасини қилди. Қатор фармонлар, қарорлар чиқарилди, давлат тилини билмаса лавозимга қўймаслик тўғрисида қарорлар қабул қилинди. Катта-кичик ташкилотларда бошлиқнинг тил бўйича масалаҳатчилари деган лавозимлар пайдо қилинди. Бироқ ўша маслаҳатчиларга сарфланаётган пулларнинг самараси миллатнинг тилига, зеҳниятига таъсир ўтказмаяпти. Демак, гап жамиятнинг, миллатнинг ўзида қолди”.

Шунинг учун, профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг фикрича, “тил масаласини сиёсий саҳнадан маиший саҳнага тушириш вақти келди”:

Фожиа шундаки, бир вақтлар фақат рўзғор ичида қамалиб қолган ўзбек тили айнан ўша ерда туртки еяпти.

“Миллат ўз тилида саводли ва равон гапиришни билмайди. Бир замонлар тилимиз илмдан, сиёсатдан, ишлаб чиқаришдан суриб чиқарилган эди. Бугун тилимиз сиёсатга бир қадар кириб келди, ишлаб чиқаришга кириб келиши суст, илмга ҳам чор-ночор кириб келяпти. Фожиа шундаки, бир вақтлар фақат рўзғор ичида қамалиб қолган ўзбек тили айнан ўша ерда туртки еяпти. Миллат ўз тилини ҳурмат қилмаяпти, демакки ўзини ҳурмат қилмаяпти. Миллат ўз сўзи билан ўзганинг сўзи ўртасидаги фарқни билмайдиган бўлиб қолди”.

Қозоқбой Йўлдошев президентликка номзодлардан бири билан боғлиқ бир воқеани эслаб, бундай деди:

Масалага 1937 йилги қўрқув билан ёндашиш, генларимизда айланиб юрган бўлса, буни тузумдан эмас, ичимиздан қидиришимиз керак.

“Ҳозир президентликка номзод бўлган депутат Ворисова бир замонда идораларда фақат ўзбек тилида мурожаат қилиш мумкин, деган меъёрни киритиш керак, деган таклифга бош кўтариб, кескин қаршилик билдириб чиққан эди. Бошқа миллат вакиллари нима қилади, деб. Масалага бундай, 1937 йилги қўрқув билан ёндашиш, агар генларимизда айланиб юрган бўлса, буни энди тузумдан эмас, идорадан эмас, ичимиздан қидиришимиз керак”.

"Тил масаласи номзод дастурига киритилгани - қонуннинг ишламаётгани белгиси"

Жанубий Кореядаги Кимёнг (Keimyung) университети Туризм менежменти факультети 3- босқич талабаси Шаҳзод Турдиевнинг фикрича, тил масаласи номзодлардан бирининг сайловолди дастуридан жой олиши суюнадиган ҳолат эмас:

“Давлат тили тўғрисида‘‘ги қонун қабул қилинганидан 32 йил ўтиб ҳам бу масала президентликка номзоднинг дастуридан ўрин оладиган даражада эътиборга муҳтожми, демак бу тил ҳалигача Ўзбекистоннинг давлат тили сифатида ўзининг муносиб ўрнига эмас экан”.

Кореяда ўқиётган 23 яшар талаба Озодликка ўз фикрларини Телеграм орқали билдирар экан, Ўзбекистондаги ҳужжатлар тили масаласига ҳам тўхталиб, бундай ёзди:

Қонун ёки қарорлар биринчи рус тилида эълон қилинади.

“Қонун ёки қарорлар биринчи рус тилида эълон қилинади, давлат идораларида ўзбек тилини умуман билмайдиган русийзабонлар ҳеч қандай ‘‘юзи қизаришсиз‘‘ ишлаб келишмоқда, ваҳоланки Ўзбекистонда яшаётган ҳар қандай миллат вакили ўзбек тилини билиши керак. Бу миллатчилик эмас, балки миллиятчиликдир. Ҳар қандай бошқа давлатда ўша давлат қонунлари ва тилига ҳурмат кўрсатилади, давлат идорасида албатта, сўзсиз шу давлат тилида иш юритилади”.

Талаба Шаҳзод Турдиевнинг фикрича, мана бундай ҳолат ҳам мавжуд:

Маданиятлилик ва қолоқлик рус тилини билиш- билмаслигига қараб белгиланмоқда.

“Мамлакатда кишилар ҳалигача қишлоқлик ва шаҳарликка ажратилмоқда, маданиятлилик ва қолоқлик рус тилини билиш- билмаслигига қараб белгиланмоқда. Аслида ҳеч қандай мезон билан белгилаш керак эмас, биз шаҳарликми ёки қишлоқликми - ҳаммамиз ўзбекистонликлармиз. Давлат идорасига ишга киришда яхшироқ ўрин рус тилини яхши биладиган ёки русийзабон фуқарога берилади”.

Шу ўринда яна бир ёш ўзбекистонликнинг 20 октябрь куни мавзу юзасидан Озодликка ёзган хатидан узунроқ бир парчани келтирамиз.

"Русчани билмаганим учун ишга қабул қилишмаган мактабда Ўзбек тили байрами бўлди"

Фарғонанинг Сўхида туғилиб ўсган 24 яшар Абдуллоҳ Мўминзода, ўзининг ёзишича, “миллати тожик, тожик мактабини битирган, бироқ ўзбек тили ва адабиётига қизиқиши туфайли” Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетига ўқишга кириб, муваффақиятли битирган.

Қуйида шу кунда ишсиз юрган Абдуллоҳнинг ҳикояси:

“Кеча (19 октябрь – таҳр.) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Чилонзордаги (Тошкент) ...чи мактабга маданий-маърифий ишлар тарғиботчиси сифатида жўнатилган эдим.

Мактаб директори ўрис экан, ўзбек тилида яхши гаплашади. Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари эса ўзбек. У мени ўрисча билмаслигимни иддао қилиб, ишга олинмаслигимни айтди.

Директор негадир менга имкон бергиси келавериб, ўрисчада "Ахир ҳар бир ўқувчимиз давлат тилини билиши керак, бу бола шоир бўлса, тилга ҳам, адабиётга ҳам қизиқтира олса керак" деб айтди.

Ўрис тилини тушунаман, аммо келишикларини келиштириб гапиролмайман, чунки ўрислар билан деярли ҳамсуҳбат бўлмасдим.

Ўрис директор менга олийжаноблик қилишга уринаётган бир пайтда ўзбек аёлининг мени рад қилаётгани ҳайратда қолдирди.

Ўрис директор менга олийжаноблик қилишга уринаётган бир пайтда ўзбек аёлининг мени рад қилаётгани ҳайратда қолдирди. Инглиз тилини билишим ҳам ҳеч қандай имконият ярата олмас экан.

Хуллас, икки кундан кейин жавоб беришларини айтиб, жавобимни беришди. Хонадан чиқарканман, катта залда бошланаётган қандайдир тадбир эътиборимни тортди.

Залга кириб, бир чеккага ўтирдим. Ўқувчилар (қоракўз ўзбеги ҳам, сап-сариқ ўриси ҳам) ўзбек тилида ёдланган матнларни чайнаб-чувалаб айтиб беришяпти.

Қизиғи шундаки, ўрисранг ўқувчилар ўзбек тилида адашмай гапиришар, қоракўзлар эса, бир гапи иккинчисига боғланмай, фикрини йўқотиб қўяр эди.

Тадбирда энг кўп таъкидланган фикр "Ўзбекистонда яшайман десанг, ўзбек тилини ўрган" бўлди”.

XS
SM
MD
LG