Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:29

Мирзиёев ҳукумати диний эркинликлар бўйича БМТ маърузачиси берган тавсияларни бажармаган - ҳисобот


Аҳмад Шаҳид Нью Йоркдаги БМТ қароргоҳида. 24 октябрь, 2013.
Аҳмад Шаҳид Нью Йоркдаги БМТ қароргоҳида. 24 октябрь, 2013.

27 март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида БМТнинг диний эркинликлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Аҳмад Шахид Ўзбекистондаги сўнгги 5 йилликка оид ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда БМТ махсус маърузачисининг 2018 йилда Ўзбекистонга амалга оширган сўнгги ташрифидан кейинги даврдаги ўзгаришлар, ютуқ ва муаммолар тилга олинган.

“Сўнгги ташрифимдан сўнг ўтган даврда айрим масалаларда ижобий силжишлар бор. Бироқ аксарият муаммоларнинг ўзгармай қолаётгани хавотирлидир", деб айтган Аҳмад Шаҳид АҚШ элчихонасидаги тақдимот маросимида.

"Жаслиқ", диний таълим ва жиноий қонунчилик

Собиқ маърузачига кўра, у Ўзбекистонга 2017 йилдаги ташрифи чоғида мамлакат раҳбариятига 12 та тавсия берган. Улар орасида “Жаслиқ” лагерини ёпиш, 1998 йилда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни халқаро меъёрлар даражасида қайта кўриб чиқиш сингари талаблар бор.

Аҳмад Шаҳидга кўра, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний таълим бериш, диний адабиётлар чоп этилиши жараёнини эркинлаштиришга оид нормаларда "қолоқлик" сақланиб қолмоқда.

Унинг таъкидлашича, диний эркинлик билан боғлиқ жиноий, маъмурий қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, “экстремизм” тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шахсларга “диний экстремизм”, “конституцияга хилоф фаолият” тушунчаларини аниқлаштириш тавсияси бажарилмаган.

Шунингдек, “ноқонуний диний гуруҳлар фаолиятида иштирок этиш”да айблаш мумкин бўлган ҳолатларни ислоҳ қилиш ва вояга етмаганларга диний маълумот олиш имкониятини берувчи шароитлар яратиш амалга ошмаган.

Тошкент яқинидаги масжидда намоз вақти. 4 август, 2018
Тошкент яқинидаги масжидда намоз вақти. 4 август, 2018

Собиқ маърузачига кўра, хотин-қизларнинг диний эркинликларни таъминлаш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш сингари жабҳадаги роли сезиларли даражада паст.

“Энг муҳими, мазкур қонун ҳужжати қабул қилиниши чоғида жамоатчилик талаб ва таклифлари инобатга олинмаган”, дейди доктор Аҳмад Шаҳид.

Ўзбекистон эски “қора рўйхат”ларга қайтадими?

2019 йилда АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси хулосасига кўра, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни топтовчи давлатлар рўйхатига қайтарган.

2018 йилда ҳудди шу ташкилот Ўзбекистонни диний эркинлик соҳасида сезиларли ютуқларга эришган ҳисоблаб, мазкур рейтингдан чиқарган ва уни “алоҳида назоратдаги давлатлар” рўйхатига киритган эди.

Шундан сўнг БМТ махсус маърузачиси ва АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси билан Ўзбекистон расмийлари ўртасида ўзаро мулоқот деярли узилиб қолган - Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга 3 марта ташрифи белгиланиб, сўнг бекор қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати иддаосига кўра, мамлакат диний эркинликлар соҳасида илдам қадамлар билан бормоқда. Махсус маърузачи тавсияси билан "Жаслиқ" қамоқхонаси ёпилган, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун сўнгги халқаро талаблар даражасида ислоҳ қилинган.

Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ва ҳисобот талаблари соддалаштирилган.

Ҳукумат қарийб 18 минг нафар шахс “қора рўйхат”лардан чиқарилгани, маҳкумлар Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Конституция қабул қилинган кун муносабати билан берилаётган афвлар орқали озод қилинаётганини таъкидлайди.

Аммо халқаро ташкилотларнинг мониторинг хулосаларига кўра, Ўзбекистон ҳануз диний эринликлар учун хавфли мамлакатлар сирасига киритилиши мумкин.

Фуқаролик жамияти билан мулоқот

Ўзбекистонга ташрифи давомида доктор Аҳмад Шаҳид фуқаролик жамияти вакиллари, адвокатлар ва фаоллар билан учрашмоқда.

Шаҳид идораси вакилларининг таъкидича, учрашувлар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти офисида ташкиллаштирилган.

Жамият раиси Абдураҳмон Ташанов учрашувлар "конфиденциаллиги"ни айтиб, мулоқотлар тафсилотини шарҳламади.

Озодликка исми сир қолишини сўраган фаоллардан бири Аҳмад Шаҳид етакчилигидаги комиссия фуқаролик жамияти вакиллари билан Ўзбекистондаги диний эркинликларга оид вазият, индивидуал кейсларни ўрганаётганини билдирди.

“Гарчи Аҳмад Шаҳид ҳозирги пайтда амалдаги махсус маърузачи бўлмаса ҳам шу соҳада узоқ изланишлар олиб борган мутахассисдир. Унинг эълон қилган ҳисоботи Ўзбекистондаги кейинги 5 йилдаги диний эркинликлар таъминлашини ўзида акс эттиради”, дейди фаол.

Стив Свердлов: “Ўзбекистонда диний эркинликлар доираси торайиб бормоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:42 0:00

Асли Мальдив Республикаси ватандоши бўлган 59 яшар Аҳмад Шаҳид БМТдаги фаолиятидан аввал мамлакат Ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган.

2002 йилдан БМТда Эрон масаласи бўйича махсус маърузачи, 2016 йилнинг 1 ноябридан 2022 йилнинг 1 августига қадар БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси бўлган.

Ҳозирда Буюк Британиядаги Essex инсон ҳуқуқлари марказида ишлайди.

Форум

XS
SM
MD
LG