Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:19

"Янги Ўзбекистон": Вилоятларга тарғиботчилар десанти ташланди


Мафкура доҳийлари - иллюстратив сурат
Мафкура доҳийлари - иллюстратив сурат

“Ҳар бир мактабдан эгнига миллий кийим, бошига дўппи кийган икки қиз бола қўлларида иккитадан кулча нон ва ширинликлар билан Ишчи гуруҳни кутиб олиши керак”.

Ушбу кўрсатма Фарғона вилояти туманларидан бири Халқ таълими бўлимидан мактаб директорларига берилган йўриқномадан ўрин олган.

Ишчи гуруҳ - “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” ғояси остида ўтказилаётган тадбирларнинг меҳмонлари – расмий тарғиботчилар.

Халқ таълими бўлимлари бу каби тадбирларни амалга ошириш билан Халқ таълими вазирлиги буйруғининг ижросини таъминламоқда. Вазирлик эса, ўз навбатида, Президент Администрациясининг 23 октябрдаги йиғилишида берилган топшириқни бажармоқда.

Озодлик бутун мамлакат миқёсида ўтказилаётган кампанияни Фарғона вилояти мисолида ўрганди.

Мактабларда...

Фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимовадан олинган маълумотга кўра, “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” ғояси остидаги тадбир 12 ноябрь куни Бувайда туманидаги мусиқа мактабида ўтказилди.

Журналистнинг айтишича, таниқли адиблар ва артистлардан иборат Ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Улар президент олиб бораётган сиёсатни тарғиб қилишга сафарбар этилган.

...Ва ҳамма жойда

Журналистдан олинган бу маълумотни Фарғона вилояти ҳокимлиги мулозими исми айтилмаслик шарти билан тасдиқлади.

"Бундай тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб, нафақат мактаблар, балки корхона, ташкилот, муассасаларда, меҳнат жамоаларида ҳам бўляпти. Мамлакатдаги ёзувчилар, рассомлар, артистлар, хонандалардан иборат Ишчи гуруҳлари - ўзига хос десант тузилган. Улар жойларга бориб, тарғибот тадбирларини ўтказяпти. Фарғонага, масалан, шоир Минҳожиддин Мирзо (Республика Маънавият ва маданият маркази раҳбари, сенатор – таҳр.) етакчилигидаги катта гуруҳ келган. Бу гуруҳ бир кун у, бир кун бу туманда бўлмоқда".

Мулозимнинг айтишича, ишчи гуруҳлари аъзолари учрашувларда “Янги Ўзбекистон” ҳақида гапирмоқда, “янгича дунёқараш ва янги тафаккур” бўлиши кераклигини уқтирмоқда.

Ширин кулча ушлаган атлас кўйлакли қизлар

Исми очиқланишини истамаган Фарғона вилояти туманларидан биридаги мактаб директори куни кеча туман халқ таълими бўлими мудиридан олгани - Телеграм-хабарни Озодлик билан ўртоқлашди.

Хабар “ЗУДЛИК БИЛАН ТОПШИРИҚ!!!” деб бошланади. Унда мактаб директорлари ҳамда ММИБДЎлардан (Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари – таҳр.) “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” ғояси остида ўтказиладиган тадбирларни савияли ташкил этиш” талаб қилинган.

ХТБ билдирувига кўра, бундай тадбирлар 12 ноябрда 7 та, 13 ноябрда 7 та, 14 ноябрда 8 та, 15 ноябрда 10 та, 16 ноябрда 11 та, 17 ноябрда 9 та, 18 ноябрда 10 мактабда ўтказилади.

Вазирлик топшириғи

Бу тадбирларни ўтказар экан, халқ таълими бўлимлари вазир ўринбосари Дилшод Кенжаевнинг 2 ноябрдаги расмий хати билан топширилган вазифаларни бажармоқда. Вазирлик эса, хатда билдирилишича, ўз навбатида Президент Администрациясининг 23 октябрдаги йиғилишида берилган топшириқ ижросини таъминлаётир.

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев имзолаган хат.
Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев имзолаган хат.

Фарғона вилоят ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича, “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” тадбири билан нафақат ХТВ, балки барча вазирликлар шуғулланмоқда.

Мактабни гуруҳга бепардоз кўрсатма!

Туман халқ таълими бўлими мудирининг мактаб директорларига хатида тадбирни уюштириш ишлари изчил тушунтирилган. Масалан, хатда "мактабнинг кириш қисмини байрамона безатиш, фойенинг ўнг тарафида 5 та ташаббус доирасида ўқувчиларнинг ижодий ишлари ҳамда эришилган ютуқларидан иборат бўлган кўргазмаларни ташкил қилиш” ва ҳоказолар уқтирилган.

Хатда, шунингдек, мана бундай дейилган: “Тадбирда ҳар бир мактабдан 4 нафар Ватан ҳақида шеър ва қўшиқ айта оладиган ўқувчиларни расмий формада иштирокини таъминлашингиз сўралади”.

Ўқувчилар “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” тадбирида Тошкентдан келган Ишчи гуруҳ олдида қандай шеърлар ўқиши, қандай қўшиқлар куйлаши ҳам белгилаб қўйилган. Вазирлик ўша шеър ва қўшиқлар рўйхатини ҳам жойларга етказган.

"Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш" тадбирларида ўқиладиган шеърлар рўйхати (икки бетли рўйхатнинг биринчи бети)
"Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш" тадбирларида ўқиладиган шеърлар рўйхати (икки бетли рўйхатнинг биринчи бети)

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ходими 12 ноябрда Озодлик сўровига жавобан шундай рўйхатлар мавжудлигини тан олар экан, улар “тавсия характерига эга эканлиги, ижодкор ўқитувчилар, аслида, бундай рўйхатларга муҳтож эмаслиги, ўз устида ишламайдиган ўқитувчиларга бу каби рўйхатлар фойдали бўлишини” айтди.

Бир-бирига зид икки муносабат

“Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” деган мавзуда бутун мамлакат бўйлаб мафкурафий кампания ўтказилаётганига жамоатчилик турлича муносабат билдирмоқда.

90- йиллар бошида ЎзТВдаги “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви билан танилган журналист Дадахон Ёқубов 12 ноябрда Озодликка бундай деди:

“Бундай тадбирлар албатта керак! Одамларнинг руҳини кўтариш зарур. Ислоҳотларга ишонтириш зарур. Бу ишларни 90- йилларда бошлаган эдик. Бошқа йўлга юриб кетилди. Энди инсонга қайтиляпти, деб ҳисоблайман”.

Айни пайтда Дадахон Ёқубовнинг ҳамкасби, таҳририяти Наманганда жойлашган мустақил “Маърифат саодати” газетаси муассиси ва бош муҳаррири Абдужаббор Умаров бундай деди:

“Бу тадбирлар ўтказилаётганини эшитганимдан бери миям қизиб кетяпти. Шу кунда кимга керак бундай тадбирлар?! Бунинг ўрнига, ҳеч йўқ, бошланғич синф ўқувчиларига, ҳеч йўқ, биринчи синф ўқувчиларига мактабда бепул овқат берсин давлат, жиллақурса иккитадан пряник бериб қўйсин! Транспорт кирасини бепул қилиб қўйсин!”

"5 тамойил" ўрнини эгаллаган "5 ташаббус"

31 август куни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимда президент Мирзиёев “халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, деган эди.

2019 йилнинг 19 мартида эса, Ўзбекистон президенти ёшларга бўлган эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга оид беш ташаббус ҳақида гапирган эди.

Айнан шу мавзулар, жойлардан олинган хабарларга қараганда, “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” тадбирларида тарғиб қилинмоқда.

Бундай тадбирлар Ислом Каримов даври учун ҳам хос бўлган, у даврда ҳозиргидай “5 ташаббус” эмас, “5 тамойил” удумда эди.

Биринчи президент 1993 йилда эълон қилинган «Ўзбекистон - бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига xос йўли» асарида туб иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг 5 тамойилига асосланган “Ўзбек модели” ҳақида ёзган эди. Ислом Каримов вафотидан кейин бу тамойиллар унутилди.

2019 йилнинг 25 августида собиқ ташқи ишлар вазири ва жорий Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев "Ўзбек модели" "нотўғри сиёсат бўлганини" айтган эди.

"Кўп йиллар биз аста-секин, ўзбек модели... деб юрдик. Бу - нотўғри бўлган сиёсат. Мана бугун бу тўғриланмоқда", - дея Сафоевнинг Сенатдаги чиқишидан иқтибос келтирган Кун.уз нашри.

XS
SM
MD
LG