Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:38

Краснодардаги ўзбек талабалар "кўчада қолди". Улар Фарғонадаги ОТМдан алданганини айтмоқда


Краснодар ўлкасидаги университетлардан бирининг талабалари машғулот пайтида
Краснодар ўлкасидаги университетлардан бирининг талабалари машғулот пайтида

Ўзбекистондан Россиянинг Краснодар ўлкасидаги олий таълим муассасаларига йўлланган ўттиз чоғли талаба Тошкент расмийларига видеомурожаат йўллаб, ўзларини ётоқхонадан ҳайдаб чиқараётганларини маълум қилишди.

30 августдан бошлаб кўчада қолишлари мумкинлигини айтган талабалар президент Мирзиёевдан муаммони ҳал қилишда ёрдам сўрашган ҳамда “Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти раҳбарияти томонидан алданган”ларини билдиришган.

Уларнинг айтишича, шартнома бўйича улар уч йил Ўзбекистонда ва икки йил Россияда ўқишлари лозим эди. Ҳар бир талаба Фарғонадаги тиббиёт институтига ўқиш учун ҳар йили 3000 доллардан пул тўлаб келган. Бироқ талабалар ўқишни давом эттириш учун Краснодарга келишганидан кейин уларнинг бир қисмигина ОТМга қабул қилинган, қолганларни ўқишга қабул қилишдан бош тортишган. Россия университети раҳбарияти уч йил мобайнида шартнома пули уларнинг ҳисобига келиб тушмагани, шунинг учун ҳам Ўзбекистон билан тузилган келишув бекор бўлганини маълум қилган.

“30 август куни бизни ётоқхонадан чиқариб юборишади. Бизнинг борадиган жойимиз йўқ. Ҳозирда шартнома бекор қилинган ва “сизлар бизнинг студентимиз бўлиб қабул қилинмайсизлар” дейишяпти”, деган видеомурожаатда сўзлаган толибалардан бири.

“Бугун эрталабки соат саккиздан кечки олтига қадар биз декан эшигининг тагида ўтирдик. Уларнинг айтишича бўйича икки давлат ўртасида тузилган шартнома бузилган ва шу пайтгача биринчи курсдан учинчи курсгача тўлаб келинган контрактнинг ҳеч қайси қисми буларга тушмаган, булар ўқишимизни бу ерда давом эттиришимизни хоҳлашмаяпти... Ўзимиз билан олиб келган маблағимиз ҳам тугаб бормоқда. Тузук-қуруқ овқат йўқ, биз қийналиб кетдик. Сиздан ёрдам сўраймиз, илтимос, муаммоимизни ҳал қилиб беринг”, деган ўқишини давом эттириш умидида Краснодарга келган талаба.

Ижтимоий тармоқларга жойланган мазкур видео бўйича Ўзбекистон расмийлари ҳали бирор изоҳ берганларича йўқ.

Коронавирус пандемиясига қадар Россиядаги олий таълим муассасаларида 300 мингга яқин чет эллик талаба ўқир эди, уларнинг каттагина қисмини Марказий Осиё мамлакатлари бўлмиш Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келганлар ташкил қиларди. Пандемиядан бери хорижликларнинг Россия ОТМларига интилуви сусайган, бироқ уларнинг сонини ҳали ҳам кам деб бўлмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG