Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:04

Қизиқчи Обид Асомов тез кунларда катта саҳнага қайтади


Обид Асомов.
Обид Асомов.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист¸ машҳур кулги устаси 54 яшар Обид Асомовга нисбатан ўн йилдан кўпроқ давом этган норасмий тақиқ олиб ташланди.


Шу кунларда ўзбек телеканаллари Асомов роль ўйнаган фильмларни қайчиламасдан намойиш қилмоқда. Тошкентдаги Асомовга яқин манбаларнинг айтишича¸ Обид Асомов сешанба куни катта саҳнага қайтишга изн олган.

"Ëшлар" телеканалидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 25 сентябрдан бошлаб эфирга бериладиган филъмлардан Обид Асомов тасвири ë овозини кесмаслик ва кўрсатувлардан Асомов иштирокидаги лавҳаларни олиб ташламаслик ҳақида кўрсатма бўлган:

- Сеткага эшиттириш жойлаш бўйича хавфсизлик бўлимидан кўрсатма бўлади одатда. Шу кўрсатмага кўра¸ бундан буëғига Асомов бемалол эфирга берилиши мумкин. Шу асосда у киши овоз берган “Фантамас” фильми эфирга кетди. “Дев ва пакана”¸ “Пўшт ароба “ каби Асомов бош роль ўйнаган фильмлар ҳам эфирга қайчиланмасдан узатилишга тайëр турибди. Билсангиз¸ илгари ҳатто фильмда Асомов овоз берган жойи бўлса кесиб ташлаганмиз¸ деди "Ëшлар" телеканали таҳририятидаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда таниқли хонанда ва қизиқчилар концертини уюштириш билан шуғулланувчи Равшанбек Омоновнинг Озодликка билдиришича¸ Асомов 26 сентябрь куни Исроилдаги гастролдан қайтиб келган куни норасмий тақиқ бекор қилинганидан воқиф бўлган:

- Телефон қилиб айтишди¸ бундан олдин Асомовнинг турмуш ўртоғи бундан воқиф қилинди. Шу пайтгача Асомов тўйларда ва мамлакат ташқарисидаги саҳналарда фаолият кўрсатиб келди. Бундан буëн Ўзбекистондаги катта саҳна ва телеканаллар "кулги қироли"га эшик очади деб ўйлайман¸ деди Омонов Озодлик билан суҳбатда.

26 сентябрь куни Ўзбекистон шоу дунëсига яқин шоир Муҳаммад Исмойил ўзининг Facebookдаги саҳифасида уч нафар таниқли санъаткор зиммасидан тақиқ олиб ташланганини ëзди.

“КЕЙИНГИ СОАТЛАРДА ЯХШИ ЯХШИ ХУШХАБАРЛАР ҚУЛОҒИМГА ЧАЛИНАЯПТИ : НАВОИЙ МУКОФОТИ СОВРИНДОРИ, ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ, САНЪАТИМИЗ ҚИРОЛИ ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ, ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ЮЛДУЗХОНИМ УСМОНОВА, ЎЗБЕКИСТОНДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРТИСТ, ДЎСТИМИЗ ОБИДЖОН АСОМОВЛАР ЯНА КАТТА САҲНАЛАРИМИЗГА ҚАЙТИШАЁТГАН ЭКАНЛАР"¸ деб ëзди Шерали Жўраев билан яқин алоқада экани айтиладиган Муҳаммад Исмойил.

Ëзувчи Муҳаммад Исмойилнинг саҳифаси
Ëзувчи Муҳаммад Исмойилнинг саҳифаси

Продюсер Равшанбек Омоновнинг айтишича¸ “Ўзбекистон халқ артисти" унвони соҳиблари Ортиқ Отажонов ва Бобомурод Ҳамдамовга ҳам катта саҳнага қайтишга изн берилган.”

Суҳбатдошга кўра¸ кейинги ўн йиллар ичида¸ “Ортиқ Отажонов илк маротаба давлат тадбирлари доирасидаги концетрга таклиф қилинган.”

Озодлик бу иддаолар ортидан “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига телефон қилиб¸ бу хабарларга ойдинлик киритишни сўради.

Ўзини Комилжон Сафаров деб таништирган мулозимнинг таъкидича¸ Обид Асомов¸ Юлдуз Усмонова ва Шерали Жўраевларни катта саҳнага қайтариш борасида ҳозирча алоҳида фармойиш бўлмаган:

- Сиз айтган санъаткорлар лицензия бўлими орқали концерт фаолияти учун давлат белгилаган тарзда лизензия олиб фаолият қилиб келмоқда. Уларнинг даражаси кўтарилгани ëки пасайгани ҳақида алоҳида кўрсатма бўлмади¸ дея таъкидлади мулозим.

Озодлик Юлдуз Усмонова ҳамда Шерали Жўраевлар билан ҳам боғланишга уринди.

Юлдуз Усмонованинг маъмури "ҳеч қандай муаммо йўқ" деган гап билан суҳбатни калта қилди.

Шерали Жўраевга яқин манбанинг айтишича¸ “хофиз Александр Дюманинг "Граф Монте Кристо" асари қаҳрамони қамоқдаги Эдмонд Дантес каби умид билан эртани кутмоқда”.

“Запрет”даги машшоқлар

Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистонда ўнга яқин ашулачи лицензиядан мосуво қилиниб¸ шоу бизнесдаги исталмаган шахслар рўйхатига қўшилган.

Фаррух Зокиров¸ Шерали Жўраев¸ Юлдуз Усмонова ¸ Обид Асомов¸ Севара Назархон¸ Шаҳзода Матчонова¸ Шоҳруҳ рэп¸ Феруза Жуманиёзова¸ Отабек Мадраҳимов¸ Озода Нурсаидова¸Фаррух Соипов каби санъаткорларга қўйилган норасмий тақиқ сабаблари жамоатчиликка очиқланмаган.

Озодлик манбаларига кўра¸ аксар ҳолларда ашулачиларнинг давлат тадбирлари ва мулозимлар тўйларига бормагани муаммога сабаб бўлган.

Тошкентдаги энг катта “Истқилол” концерт залида ишлайдиган маъмурнинг Озодликка айтишича¸ Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова ҳамда Абдулазиз Каримов каби қўшиқчилар билан шартнома тузмаслик борасида юқоридан берилган оғзаки буйруқ асосида бу санъаткорлар катта концерт саҳналарига қўйилмай келинди.

Бу суҳбатдош бундай буйруқнинг айнан қайси ташкилотдан тушганини очиқлашни истамади.

XS
SM
MD
LG