Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:22

Швеция матбуоти: Обидхон қорини ўлдиришни буюрган шахс ўлган


2012 йил Швецияда отиб кетилган Обид қори Назаровнинг комадан чиққандан кейинги сурати
2012 йил Швецияда отиб кетилган Обид қори Назаровнинг комадан чиққандан кейинги сурати

Швецияда яшаётган ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровни 2012 йилда “ўлдиришга буйруқ берган шахснинг ўзи ўлган” Бу ҳақда бир қатор швед ОАВлари жумладан Thelocal нашри маълумот тарқатди.

Швециядаги нуфузли Sverigesradioнинг Швеция прокурори Кристер Петерсонга таяниб билдиришича¸ "Швецияда бир умрлик қамоқ жазосини ўтаëтган қотил Юрий Жуковскийга пул ўтказган Ўзбекистондаги шахснинг 2017 йил март ойида ўлганлигини Интерполнинг Ўзбекистондаги идораси Швед адлия тизимига расман маълум қилган. 4 январь куни тарқатилган айни хабарда айтилишича¸ Швед прокуратураси “Обид Назаровга суиқасд қилишга буюртма берган Ўзбекистонлик шахсни қидирувдан олиб ташлаган”

Швеция прокурори Кристер Петерсон Sverigesradioдаги чиқишида бу ҳолатга қисман ойдинлик киритган:

"(Ўзбекистон ҳукуматининг) расмий версияси шуки, у (Қотилга буюртма берган шахс) ўлган, шундай экан, мен бу одамни топаман деб ўйламайман. Бошқа маълумотни олмагунимча, тергов вақтинча тўхтатилди. Ўзбекистондаги тизим бу суиқасд амалига алоқадор бўлганми ё йўқми деган савол жавобсиз қолмоқда", - деган Петерсон ўзининг Sverigesradioдаги чиқишида.

Швеция матбуоти: Обидхон қорини ўлдиришни буюрган шахс ўлган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00

Обидхон қори полициянинг доимий ҳимояси остида

Озодлик муҳбири 2017 йилнинг февралида Обидхон қори Назаровнинг ўзи билан қисқа мулоқот қилиб унинг комадан чиққани ва доимий полиция қўриқлови остида яшаëтгани ҳақида маълумот берган эди.

2012 йилда суиқасдчи ўқига нишон бўлган Обидхон қори мураккаб жарроҳлик амалиёти ортидан омон қолган, аммо узоқ вақт комада бўлган.

2014 йилда Обидхон қорининг ўғли Довудхон Озодлик студиясидаги суҳбатда отасининг комадан чиқиб врачлар назорати остида эканлигини билдирган эди.

Нима бўлган эди?

Швецияда терговчиларининг судга тақдим қилган айблов ҳулосасига кўра, суиқасд ҳаракатини Ўзбекистон ва Россия фуқаролигига эга бўлган Юрий Жуковский амалга оширган.

Ҳодиса ортидан Жуковский бир муддат Россияда яшириниб юрган¸ лекин Россия ҳукумати уни Швецияга топширган эди.

2015 йилда Жуковский 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Обидхон Қори оила аъзаоларининг шикояти ортидан 2016 йилда бўлиб ўтган апелляция суди жазони бир умрлик қамоқ жазосига ўзгартирди.

Суиқасд буюртмачиси ким?

2015 йил ноябрида Швеция прокуратураси Остерсунд судига берган айблов хулосасида суиқасд ортида Ўзбекистон ҳукумати турганини билдирган эди.

Судда қатнашган Озодлик мухбирининг айтишича¸ Жуковский расмий Тошкент буюртма берганини рад қилган ва уни "бир одамни" топиш ва видеога ёзиб олиш вазифаси билан Умидбек Аминов исмли киши йўллаганини билдирган эди.

Швеция прокурори Кристер Петерсон Жуковскийга пул ўтказиб, Обид қорини ўлдиришга буюртма берган шахснинг исмини матбуотга очиқламади.

Озодлик 5 январь куни Интерполнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан боғланиб, бу юзадан изоҳ сўради. Озодлик билан гаплашган мулозим бу борада изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Жуковский устидан ҳукм чиқарилган 2016 йил, март ойидаги суд мажлисида қатнашган Озодлик мухбирига кўра¸ Обидхон қорини ўлдириш буйруғини берган киши Ўзбекистон ватандоши Умидбек Аминов экани ва у қидирувга берилгани прокурор тарафидан суд жараëнида айтилган.

Обид Назаровга ўқ узилган тўппонча
Обид Назаровга ўқ узилган тўппонча

Обидхон қори Назаров ҳақида

Ҳозир 60 ёшга кирган Обидхон қори Собитхон ўғли асли наманганлик, оддий ҳунарманд оиласида туғилган.

1980-1984 йилларда Обидхон қори Тошкент Ислом олий маъҳадида таълим олган.

1985-1990-йиллари Тошкентдаги “Тиллашайх” жоме масжидида имом ноиби, 1990-1996-йилларда эса “Тўхтабой” жоме масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган. Тарафдорларининг фикрича, у имомлик пайтида ҳақ сўзни айтишдан тийилмаган ва ўша кезлардаёқ режимни очиқ, кескин танқид қилгани учун Ўзбекистонда танилган.

Обидхон қори 1990- ўрталаридан бошлаб Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остига олинган.1998 йилнинг баҳорида эса Ўзбекистонни тарк этган.

2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирган. 2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олган эди.

Шунингдек, 1992-1998 йиллар давомида Обидхон қори “Озодлик” радиосининг диний дастурини олиб борган ва тингловчиларни Қуръони карим тафсири билан таништирган эди.

XS
SM
MD
LG