Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2021, Тошкент вақти: 11:33

“Очлик тинкамизни қуритди”. Афғонистонда гуманитар инқироз етилмоқда


Толибларнинг шиддатли ҳужумлари сўнгги ойларда бутун Афғонистон бўйлаб минглаб одамларнинг ўз уйларини ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетишига сабаб бўлди. Ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи муассасалар мамлакат гуманитар ҳалокат ёқасига келиб қолганидан огоҳлантирмоқда.

Мозори Шариф — Афғонистоннинг катталиги бўйича тўртинчи шаҳри. Сафия мамлакат шимолида жойлашган Қундуз шаҳридаги уй-жойини ташлаб, уч фарзанди билан шу ерга қочиб келишга мажбур бўлган. Қочишларидан олдин шаҳар миномётлардан ўққа тутилганида унинг эри, оиласининг ягона боқувчиси ҳалок бўлган экан.

Ҳозирда Сафия уч ёш боласи билан бирга очиқ далада сувсиз, овқатсиз кун кечирмоқда. Лоақал ёзнинг жазирама иссиғидан тўсадиган соябонлари ҳам йўқ.

“На озиқ-овқатимиз бор, на бошпанамиз. Болаларимни офтоб уриб, касал бўлиб ётишибди. Ҳукумат ёрдам бермаяпти”, дейди юзлаб қочқинларга қўшилиб бу ерларга келиб қолган Сафия.

Мозори Шариф ташқарисидаги очиқ майдонда бугунги кунда қарийб 400 мингга яқин одам қўним топган.

БМТ маълумотига кўра, ўтган ойда толибларнинг ҳужумлари зўрайганидан сўнг, Қундузда истиқомат қилиб турган 35 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб қочган.

1 май куни хорижий давлатлар қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетиши бошлангач, жангарилар қисқа вақт ичида Афғонистондаги ўнлаб туманларни ўз назоратига олди.

Толибон Қундуз вилоятининг тўққиз туманидан олтитасини босиб олиб, мамлакатнинг бешинчи йирик шаҳри бўлмиш Қундузни қамал қилди. Афғонистон хавфсизлик кучлари бир неча ҳафтадан буён шаҳар чеккаларида Толибон кучлари билан жанг олиб бормоқда.

Тинч аҳолидан ўнлаб одамлар ўлдирилган ёки ярадор қилинган, толибларнинг зўравонлигидан қочишга мажбур бўлаётганлар сони тобора ортаётир. Жангарилар улар ташлаб кетган уйлардан ҳукумат кучларини ўққа тутишда фойдаланади.

“Ақалли чодиримиз ҳам йўқ. Қуёшнинг тиғида ўтирамиз. Болаларим оч, ташна”, дейди уч боланинг онаси Насима. Унинг эри яқинда Қундуз учун бўлган жангларда ҳалок бўлган.

У ҳам Мозори Шариф ташқарисидаги далага қочиб келишга мажбур бўлган.

“Можаронинг зўрайиши одамларнинг азоблари ортишига ва тинч аҳоли кўчишига олиб келади”

13 июль куни БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари маҳкамаси (БМТ ҚИБОКМ) “Афғонистонда гуманитар инқироз яқинлашмоқда, зеро можаронинг зўрайиши одамларнинг азоблари янада ортишига ва тинч аҳолининг кўчишига олиб келади”, дея огоҳлантирди.

БМТ ҚИБОКМ маълумотига кўра, 2021 йил январидан бери мамлакатда вазият кескинлашиши ортидан тахминан 270 минг нафар афғоний бошқа ҳудудларга кўчиб кетган, натижада мамлакат ичида кўчиб юрганларнинг умумий сони даҳшатли даражага – 3.5 миллион кишига етган.

БМТ ҚИБОКМ расмий вакили Бабар Балохнинг айтишича, токи зўравонликлар тўхтатилмас экан “одамларнинг мамлакат ичида кўчиши давом этади, шунингдек, улар қўшни давлатларга ва улардан нари ўлкаларга бош олиб кетадилар”.

БМТ қайдича, қарийб 18.4 миллион нафар киши, яъни мамлакат аҳолисининг салкам ярми инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. БМТ 2021 йилда 1.3 миллиард доллар ажратишни илтимос қилган эди, лекин сўралган маблағнинг атиги 37 фоизи берилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган ҳафтада бинолар ўққа тутилаётгани ва ходимларнинг бир қисми қочишга мажбур бўлгани туфайли Афғонистоннинг айрим ҳудудларига дори-дармон етказиб бериш қийинлашганини билдирган эди. Ташкилотнинг урғулашича, уч миллион нафардан зиёд афғон болалари очлик хавфи остида қолган.

Афғонистонни шусиз ҳам қурғоқчилик ва коронавирус пандемияси хароб қилган

Ҳарбий ҳаракатларнинг қақшатқич тус олиши шусиз ҳам қурғоқчилик ва бутун мамлакатни қамраб олган коронавирус пандемияси туфайли ҳолдан тойган Афғонистонда беқарор гуманитар вазиятни бадтар чуқурлаштирди.

Толибон аввалги куч билан ҳужум қилишда давом этгани сайин ҳаёти хавф остида қолган, кўмакка муҳтож афғонлар сони тобора ортмоқда.

43 яшар Сардор Бойнинг саккиз жондан иборат оиласи шимоли-ғарбдаги Фарёб вилоятининг Маймана шаҳри чеккасидаги чанг-тўзонли водийга тикилган омонат чодирда истиқомат қилади.

“Толибон қишлоғимизга ҳужум қилди. Бизни миномёт ва ракеталардан тинимсиз ўққа тутди”, дейди олти ёш болали Сардор.

Икки ҳафта муқаддам толиблар улар туғилиб ўсган Қайсар туманини босиб олишгач, оила уй-жойини ташлаганча шу ёққа қочган. Жангарилар айни пайтда Фарёбнинг 14 туманидан 12 тасини қўлга киритиб, 150 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Маймана шаҳрини қуршовга олганлар.

“Бор бисотимизни ташлаб келдик, ўзимиз билан ҳеч нима ололмадик. Очлик силламизни қуритган. Бир чақа пулимиз йўқ. Гўдак болаларим учун бошпана топишим керак”, дейди Бой.

Маҳаллий маъмурларга кўра, Туркманистон билан чегарада жойлашган Фарёбда сўнгги ҳафталарда 12 мингдан ортиқ оила толиблар ҳужумларидан қочиб, ўз ерларини тарк этган.

Улар орасида 12 кишилик оила раҳбари бўлмиш Абдулла ҳам бор. Улар Қўрғон туманидаги уй-жойларини ташлаб, ҳозирда қўшни Жузжон вилояти маркази – Шибирғонда яшаб туришибди. Аммо бу вилоятда ҳам тўққиз тумандан еттитаси аллақачон толиблар қўл остига ўтган.

Жангарилар Шибирғонни қамал қилишган, 16 июль куни уларнинг бир қисми шаҳарга кириб олишга муваффақ бўлиб аҳолини қаттиқ қўрқувга солди.

“Аҳвол ниҳоятда оғир. Уйга қайта олмаймиз. Биз билан бирга кўпчилик қочиб келган. 12 кишилик каттакон оила каталакдек хонада яшаяпмиз”, дейди у.

“Уйимизга снаряд тушганида хуфтон намозига таҳорат олаётгандим”

Маймана – жангарилар қамал қилган ўнлаб шаҳарлардан бири, холос.

Афғонистон ҳукумати кучлари ва Толибон жангарилари жанубда, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Қандаҳор ва унга туташ қишлоқларда қақшатқич жанглар олиб боришди.

Сўнгги бир ой давомида толиблар бир неча ёндош туманни ишғол этиб, полиция постларига муттасил ҳужум қила бошлади, 9 июлда эса 600 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Қандаҳор шаҳрига бостириб кирди.

“Уйимизга миномёт снаряди тушганида мен хуфтон намозига таҳорат олаётгандим. Ҳушимдан кетибман. Кўзимни очганимда хотиним, болаларим устимга энгашган кўйи йиғлашаётган эди”, дейди шу ерлик Муса Жан.

Жанни касалхонага ётқизиб, оиласи шаҳарнинг бошқа томонига кўчиб ўтади.

Қандаҳор туманлари ва унга туташ музофотларни жами беш минг оила ташлаб кетган, ҳукумат бу ерларда комендантлик соати жорий қилган.

Афғонистон хавфсизлик кучларига кўра, жангарилар шаҳар мавзеларида уйларни эгаллаб олиб, тинч аҳолини кўчишга мажбур этиши туфайли толибларни шаҳардан сиқиб чиқариш қийинлашган.

“Бир неча ҳафтадан бери тинимсиз жанг қиляпмиз. Миномётдан ўт очиш сира тўхтагани йўқ. Кўчиб кетишга имконияти бўлган барча аллақачон кетган”, дейди қандаҳорлик Абдул Маннон.

Мақолани тайёрлашда Озодликнинг афғон хизмати мухбирлари иштирок этган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмлари ошкор қилинмади.

XS
SM
MD
LG