Линклар

Шошилинч хабар
03 октябр 2022, Тошкент вақти: 10:19

"Оролнинг тақдири кутмоқда". Сенат Айдаркўл муаммосини тан олди - АЭС муҳокамадан четда


Айдаркўл - кўллар мажмуасининг энг йириги саналади

Сўнгги йилларда Чордара сув омборидан чучук сув қуйилмаётган Айдар ва Арнасой кўлларида сув сатҳининг пасайиши, таркибининг шўрланиши ва балиқларнинг нобуд бўлиши кузатилмоқда. Ўзбекистон Давлат экология қўмитасининг бу хабарига эътибор қаратган Сенат аъзолари 16 декабрдаги мажлисида айни масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасига махсус сўровнома юборгани маълум қилинди.

Жамоатчилик фаоллари ва экологлар бу кўллардаги вазият йил сайин мураккаблашиб бораётганидан огоҳлантириб келмоқда.

Кўл ёнида АЭС қуришни бошлаган Ўзбекистон ҳукумати эса, аввалроқ минтақада туризм инфратузилмасини ривожлантириш режасини эълон қилган.

Чекинаётган кўл ва туз қатлами

Олий Мажлис Сенатининг 16 декабрь куни бўлиб ўтган 22-ялпи мажлисида Айдар-Арнасой кўллари тизимида кузатилаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилгани маълум қилинди.

Сўровнома юборилишига сўнгги йилларда Чордара сув омборидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига чучук сув қуйилмаётгани ва натижада, сув сатҳининг пасайиши ва таркибининг шўрланиши юзасидан мутахассислар билдирган хавотирлар сабаб бўлган.

Сенатда сўзга чиққанлар Айдар-Арнасой кўллари тизимидаги вазиятга эътибор қаратилмаса, минтақани Орол денгизининг келажаги кутаётганидан огоҳлантирганлар.

Бу кўллар қирғоқлари айрим жойларда 15−50 м га чекиниб, туз қатлами ҳосил бўлгани, сувнинг шўрланиш даражаси кескин ошгани ва чучук сувда яшовчи ноёб балиқлар йўқ бўлиб кетаётгани айтилади.

Сенатор Рисқул Сиддиқов кўл атрофида туз қатлами ҳосил бўлгани ва тузли чанглар атрофдаги экинзорлар ва одам соғлигига салбий таъсир ўтказаётганини айтган.

Бундан икки йил олдин Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов вилоят ҳудудидаги Айдаркўл секин-аста ўлиб, кўл сувининг сатҳи йилига 30 сантиметргача пасайиб бораётгани, балиқлар камайиб кетгани, сув шўрланаётгани ва маҳаллий табиат экологик фожиа ёқасида тургани ҳақида огоҳлантирганди.

Айдаркўл
Айдаркўл

Газета.уз нашри Оролбўйи минтақасини ривожлантириш қўмитаси раиси Борий Алихоновнинг охирги йилларда кўллар ҳолатининг ёмонлашуви тенденцияси кузатилаётгани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган.

Экология қўмитасига кўра, бугунги кунда кўллар ҳудудида «Қизил китоб»га киритилган 30 дан ортиқ ҳайвон тури, жумладан, 209 дан ортиқ қуш турлари мавжуд.

"Кўллар казо-казоларга тарқатиб берилган!"

Озодликнинг ўрганишича¸ кўлларнинг аксари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, айримлари эса Ўзбекистон Маданият вазирлиги тасарруфида. Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Озодликка гапирган мулозими дам олиш зоналаридаги кўллар тадбиркорларга имтиëзли шартларда узоқ муддатга ижарага берилганини айтганди.

Аввалроқ ўзбекистонлик журналист Рўзибой Азимий Президент Шавкат Мирзиёевнинг катта куёви Ойбек Турсунов ва Республика касаба уюшмаси раҳбари Қудратулла Рафиқовлар Айдаркўлни ҳеч қандай аукцион ва тендер савдоларисиз ўзлаштириб олганини иддао қилган. У ўз иддаоларини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат келтирмаган, расмийлар ҳам бу борадаги хабарларга ҳозирга қадар ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Озодлик суҳбатлашган жамоатчилик фаоллардан бири Айдаркўл ва Арнасой кўллари тўлиқ хусусий тадбиркорларга тарқатиб берилгани, ҳар жойда шлагбаумлар ўрнатилганини тасдиқлади.

- Кўлда балиқчилик бизнеси, туризм ривожлантириляпти. Илгари қўриқланадиган ҳудудлар дам олиш масканларига айлантирилган, одамлар келиб меҳмонхоналарда дам олишяпти. У ерлар казо-казоларга тегишли, унча-мунча инспектор кириб, текширолмайди энди: ҳамма жойга шлагбаумлар қўйиб ташланган. Браконьерлик ҳам, ноқонуний овчилик ҳам бор... Бироз тартиб йўқ, - деди исмини очиқламасликни сўраган маҳаллий фаоллардан бири.

Унинг айтишича, Тўдакўл ва Айдаркўл бўйларида сайёҳларни жалб этиш мақсадида казино ва қиморхоналар ташкил этиш тўғрисида ҳам гапирилган.

2021 йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан кўлларда дам олиш масканлари ташкил этиш, меҳмонхоналар, спорт ва бошқа иншоотлар қуриш режалаштирган эди.

"Сиёсий муаммо"

Эколог ва сиёсий фаол Алексей Гаршин Айдаркўл-Арнасой кўлларининг қуришида табиий сабаблар билан бирга инсон қўли билан яратилаётган омиллар ҳам борлигига эътибор қаратади:

- Бу масала айниқса, охирги йилларда долзарб бўлиб қолди ва у минтақадаги об-ҳавонинг ўзгариши билан ҳам боғлиқ, деб ўйлайман. Бу йил ёғингарчилик кам бўлди. Айдар-Арнасой тизимини сув билан таъминлаб турувчи ягона йўлга тўғон қурилган ва масалан, баҳорда катта сув келса, Чордарадан пастга ортиқча сувни ташлашга имкони бўлмай қолган. Чунки тўғоннинг пастида уй-жойлар қуриб ташланган. Бу кўлларга сув асосан, ўша тўғонлар қурилган Чордара тарафдан келади. Кўллар қуриб бораётгани – бу инсон фаолияти давомида юзага келган муаммолар йиғиндисидир, - дейди Алексей Гаршин.

Фаол парламентда муҳокамага олиб чиқилмаган яна бир муҳим масала- Айдаркўл-Арнасой тизимига кирувчи Жиззах вилояти ҳудудидаги Тузкон кўли соҳилида Россия томонидан атом электр станцияси қурилаётганига эътибор қаратди:

- Мен у ерни ўз кўзим билан бориб кўрдим. У ерда қурилиш учун майдонча тайёр эди. АЭС қурилиши соҳилнинг бўйида кетяпти. Бу катта сиёсий муаммо. Албатта, бу жуда хатарли қурилиш, чунки кўрганим мени бироз ҳайратга солди. Сув камайиб бораётган жойга АЭС қурилаётгани хавфли, айниқса бизнинг раҳбарлар билан: улар арматурани уйларига ўғирлаб кетадику, бетонни ўрнига қум аралаштириб қуришадику! Сардоба ёдингиздан чиқдими?! Энди бу нафақат Ўзбекистон муаммоси – бу Туркманистон, Қозоғистон ва бошқа минтақа давлатлари муаммоси ҳамдир.

АЭС қурилаётган жой яқинидаги Enter Engineering ширкатига қарашли дам олиш маскани
АЭС қурилаётган жой яқинидаги Enter Engineering ширкатига қарашли дам олиш маскани

Хариталарда Тузкон кўли соҳилида АЭС қурилишида иштирок этаётган Enter Engineering ширкатига қарашли дам олиш маскани мавжудлигини ҳам кўриш мумкин. Озодлик бу ширкат раҳбари - президент Мирзиёевнинг ишонган шахсларидан бири Бахтиёр Фозиловнинг фаолиятига доир махсус суриштирув эълон қилганди.

Алексей Гаршин бундан бир неча йил олдин Айдаркўл ва Арнасой атрофидаги ерларни хусусий тадбиркорликка топшириб юборилиши, у ерлар хусусийлаштирилишига рухсат берувчи қонун ва қарорлар қабул қилинишига қарши курашиб келганини ёдга олди.

2019 йилда ҳукумат қарори билан Айдар-Арнасой кўллари тизими ҳудудида балиқчилик ва туризмни ривожлантириш режалаштирилган эди.

Ўша йили Ўзбекистон ҳукумати Тузкон кўлининг ғарбий қирғоғида Россия билан ҳамкорликда минтақадаги биринчи АЭС қурилиши режасини эълон қилган.

“ЎзАтом” агентлиги раҳбарияти Тузконда атом электр станциясини қуриш ва улардан фойдаланиш Нурота-Қизилқум биоқўриқхонаси табиий хилма-хиллигига ҳеч қандай зарар етказмаслиги ва минтақанинг туристик жозибадорлигини пасайтирмаслигини таъкидлаб келади.

Айдар-Арнасой кўллар тизимига кирувчи Айдаркўлнинг умумий майдони 3 минг 373 километр квадрат, узунлиги 300 километрни ташкил этади. Айдар-Арнасой кўллар тизими катталиги жиҳатдан Марказий Осиёда тўртинчи ўринда туради. Ундаги сув ҳажми мамлакатдаги барча сув омборларида тўпланган сув захирасидан икки баробарга кўпдир.

XS
SM
MD
LG