Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:25

Ўш низосини ўрганган халқаро комиссия раиси: Нима бўлганини рад этсангиз, зўравонлик қайталаниши мумкин!


Қирғизистон суриштирув комиссияси раиси Киммо Кильюнен.
Қирғизистон суриштирув комиссияси раиси Киммо Кильюнен.

Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июнида содир бўлган қонли воқеалар камида 470 нафар одам умрига зомин бўлди. Зўравонликлар давомида минглаб одам жароҳат олди, юз минглаб одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Зўравонлик ортидан муваққат президент Роза Ўтунбаева тўқнашувларни халқаро мустақил комиссия кўриб чиқишини сўради. Натижада Россия, Франция, Британия, Эстония, Австралия ва Туркиядан келган етти нафар аъзоли махсус комиссия тузилиб, унга Kyrgyzstan Inquiry Commission (KIC) – Қирғизистон суриштирув комиссияси номи берилди.

Комиссияга финляндиялик сиёсатчи, ўша пайтда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеясининг Марказий Осиёдаги махсус вакили бўлиб ишлаётган Киммо Кильюнен етакчилик қилди.

Кильюнен етакчилигида комиссияси халқаро ҳуқуқшунослар, инсон ҳуқуқлари мутахассислари, можаро таҳлилчилари ва бошқа олимлар жамоасини тузди. Улар қарийб бир йил мобайнида миллатлараро зўравонликни келтириб чиқарган омилларни ўрганиб, келажакда бундай низолар олдини олиш ҳамда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида тинчлик-тотувлик ва ярашишни қўллаш борасида расмий Бишкекка тавсиялар келтирилган ҳисоботни ёзишди.

Юзлаб гувоҳдан интервью олган ва қонли воқеалар акс этган минглаб сурат ва видеоларни кўриб чиққан комиссия ўз ҳисоботини 2011 йилнинг 3 майида тақдим этди.

Ҳисобот муаллифлари геноцид ёки уруш жиноятлари содир этилмагани, аммо айрим зўравонлик ҳолатлари инсониятга қарши жиноят ўлароқ кўрилиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилди.

2010 йил апрелида Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан тузилган муваққат ҳукумат ва мамлакат парламенти ҳисобот хулосаларини тан олмади.

Ҳукумат ҳисоботни «бир тарафлама» деб атаб, унинг муаллифларини ўзбекларни «ҳимоясиз жабрланувчилар» қилиб кўрсатишда айблади. Комиссиянинг Қирғизистонда «миллатчиликнинг сиёсатга сингиб кетгани»ни таъкидланган ҳамда Ўш воқеаларига давлат миқёсидаги «этномиллатчиликка асосланган сиёсий фанатизм» сабаб бўлгани эътироф қилинган ҳисоботи қирғиз сиёсатчиларни қаттиқ ғазаблантирди.

Ўша пайтда президент Ўтунбаева комиссияси ҳисоботи «муҳим ва зарур» эканлигини айтиб, уни яхши кутиб олди.

Аммо қирғиз парламенти ҳисоботдаги тавсияларга амал қилиш ўрнига, 2011 йилнинг 26 майида халқаро комиссия раиси Кильюненни Қирғизистонда persona non grata, яъни исталмаган шахс деб эълон қилди.

Қонли воқеалардан 10 йил ўтиб, Қирғизистонда ҳисоботда кўрсатилган кўплаб тавсияларга ҳануз амал қилингани йўқ.

Айни дамда Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси вице-президенти лавозимида ишлаётган Кильюнен бугунги кунгача Қирғизистон учун persona non grata бўлиб қолмоқда.

Асосан Ўш ва Жалолобод шаҳарларида содир бўлган қонли воқеаларнинг 10 йиллиги арафасида Озодлик билан суҳбатлашган Кильюнен шундай деди:

- Бу ғалати ҳолат, чунки мен парламент қарори билан persona non grata деб эълон қилинган дунёдаги ягона шахс бўлсам керак. Жаҳон бўйлаб бундай қарорни ҳукумат чиқаради ва ҳукумат уни қайта кўриб чиқиши мумкин.

Биз ҳақиқатни айтиб, содир бўлган ҳодисаларни бирма-бир бир таърифлаб, муаммони ҳал қилишга кўмаклашамиз, деб ўйлагандик, шунга чиндан умид қилгандик. Фактларни очиб, ким жабр кўрганини, қандай муаммоли ерлар борлигини кўрсатишга уриндик.

Комиссия ҳисоботида зўравонликларда ўзбеклар анча кўп жабр кўргани, ҳалок бўлганларнинг 74 фоизи ўзбеклар бўлгани қайд этилди.

Аммо Кильюнен қирғиз расмийлари ўтказган суд ва терговларнинг 80 фоизи ўзбекларни нишонга олганини айтади.

Комиссия, шунингдек, Ўшдаги ўзбек маҳаллаларга қилинган айрим ҳужумлар исботланса, инсониятга қарши жиноятга тенг келишини хулоса қилди.

Бундай жиноятлар орасида «қотиллик, зўрлаш ва жинсий зўравонликнинг бошқа шакллари, жисмоний зўравонлик ҳамда энтик белгиларига кўра таниб олиш мумкин бўлган гуруҳни таъқиб қилиш» каби жиноятлар бор.

Кильюнен 10 йил олдин ёзилган ҳисобот ҳақида сўзлар экан, расмий Бишкек ҳануз унга эътибор бермаётганини, чунки «қирғиз халқи уни ўқишни ва муаммони тан олишни истамаганини» айтди.

- Марказий Осиё давлатлари орасида, айтайлик, энг очиқ ва демократик мамлакат бўлган Қирғизистонда бундай зўравонлик содир бўлгани бутун халқаро ҳамжамиятни хавотирга солиб, лол қолдирди.

Кильюнен ҳисоботдаги тавсиялар Қирғизистондаги миллий тангликни юмшатишни кўзлаб ёзилганини ва самимий ўйларга асосланганини айтди.

- Фактларни кўриб чиқиб, бир-бирларини кечиришлари мумкин эди. Аммо фактларни очмасангиз, нима бўлганини рад этсангиз, зўравонлик қайталаниши мумкин, - деди Кильюнен.

Қирғизистон жанубида 10 июнь куни зўравонликлар бошланганида Ўтунбаева етакчилигидаги ҳукумат атиги икки ой олдин тузилган эди.

Ўтунбаева Озодликка берган интервьюсида ҳукумат ўша пайтда барқарор ёки кучли бўлмаганини, Бакиев ағдарилганидан кейин Бишкекдаги вазиятни барқарорлаштириш билан банд бўлганини тан олди.

Собиқ президент зўравонликларга Қирғизистонда миллатлар ўртасидаги муносабатлар ёмон аҳволдалиги сабаб бўлганини таъкидлади.

Ўтунбаева Ўш воқеалари бошланишидан икки ой олдин Ўш губернатори этиб тайинлаган Сўўрўнбай Жээнбеков ҳозир Қирғизистон президентидир.

Қирғизистон суриштирув комиссияси Жээнбеков фавқулодда вазият эълон қилиниши ортидан ваколатларини Ўш комендантига топшириб, тўғри йўл тутган, дея хулоса қилди. Шунингдек, ҳисоботда Жээнбеков қишлоқлардаги қирғизлар мобилизациясини олдини олишга кўрсатма бергани айтилди.

Аммо ҳисоботда айрим ҳукумат ва ҳарбий расмийлар кўрган чоралар этник қирғиз тўдаларнинг ўзбеклар маҳалларига бостириб киришига тўсқинлик қила олмагани эътироф этилди. Хусусан, комиссия Ўш шаҳри ва вилояти коменданти Бақит Алимбеков ҳамда Жалолобод коменданти Қубатбек Байболов зўравонликни тўхтатиш учун етарлича чора кўрмагани ҳамда тинчлик ўрнатишда инсон ҳуқуқларига амал қилинишини таъминламаган, деб топди.

Шунингдек, ҳисоботда Ўшнинг ўша пайтдаги мэри Мелис Мирзақматовнинг миллатчилик руҳидаги чиқишлари танқид қилинди.

Ҳисоботда кейинчалик Қирғизистон бош прокурори этиб тайинланган Байболов жиноятлар Қирғизистоннинг ички ва халқаро мажбуриятларига амал қилинган ҳолда олиб борилишини таъминлаш учун курашмагани ҳам айтиб ўтилди.

Ҳисобот эълон қилинганидан бери Human Rights Watch ҳамда Amnesty International каби халқаро ташкилотлар қонли воқеалар ортидан қирғиз расмийлари очган 5 мингга яқин жиноят иши асосан этник ўзбекларни нишонга олганини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG