Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:54

Оскар қўмитаси: "Фариданинг икки минг қўшиғи" учун Оскар эшиклари бутунлай ëпилмади


"Фариданинг икки минг қўшиғи" фильмидан кадр
"Фариданинг икки минг қўшиғи" фильмидан кадр

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Fox music cinema» студияси томонидан суратга олинган Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» Лос Анжелесдаги Оскар мукофоти танловига қатнашадиган 90 фильмдан бири бўлиши учун ҳали имкон бор.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Оскар қўмитаси координатори Мухлиса Азизова маълум қилди. Азизовага кўра¸ продюсер айби билан овоз параметрлари нотўғри бўлган нусҳаси АҚШдаги танлов комиссиясига юборилган. Комиссия уни қабул қилмаган.

«Ҳозир АҚШдаги Оскар мукофоти танлови вакиллари билан музокора олиб боряпмиз. Ёлқин Тўйчиев суратга олган «Фариданинг икки минг қўшиғи» муаллифлик фильми Оскар танловидаги «энг яхши чет эл киноси номинациясига қўйиладиган 90 фильмдан бири бўлишига ҳали февралгача имкон бор».

Сансоларлик?

«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмини «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олган «Fox music cinema» студияси продюсери Дониёр Агзамов Озодлик билан суҳбатда «фильм белгиланган вақтда юборилмагани сабаб "Оскар"да қатнашмаслигини» билдирди.

Агзамовга кўра, Ўзбекистон Оскар қўмитаси маъсулиятсизлиги боис 28 ноябрдан 5 январга қадар фильмни АҚШ киноакадемиясига юборилмаган.

«Тайёр нарсани юборишмаган. 28 ноябрь куни уларнинг қўлига тутқазганман. Шу кунгача юбордингларми, деб сўраганимизда ‘ҳа, юбордик’ дея жавоб бериб келишган. Декабрь ойининг бошида фильмни Америкага ҳам жўнатганман, 50 та DVDP, битта катта терабайтли хардда, DSP форматда, ‘Сурроунд’ форматида юборилган. Лекин Оскар ташкилотчилари видеони сўраб, Ўзбекистон Оскар қўмитасига 3-4 марта ёзишган, қўмита жавоб ҳам бермаган. Оскар қўмитасининг қўлида фильмнинг ҳамма форматдаги нусҳаси турибди, нима сўрашган бўлса, қилиб берганман. Биз шу вақтгача Ўзбекистон Оскар қўмитасига ишониб келган эдик. Ҳозир асабий ҳолатдаман. Тўғри тушунинг. Бизга фильм танловда қатнашмайди, деб очиқ-ойдин айтилди. 5 январь куни менинг шахсан ўзимга АҚШ киноакадемиясидан электрон почтамга хат келди, сизларга соат 5 гача охирги муддат, деган. Биз шокка тушиб қолдик. Улгура олмасдик, чунки компьютер ‘загрузка’нинг ўзига 18 соат кетиши аниқ эди».

Фильм 100 йил олдинги Туркистон ҳақида
Фильм 100 йил олдинги Туркистон ҳақида

Ўзбеккино вакили: Биз қўлимиздан келганча ëрдам қилдик

«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми Оскар танловида иштирок этиши ëки этмаслиги борасида Озодлик саволига жавоб берган «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати бошлиғи Нозим Сафарий «фильм жўнатилмаганида» ўз ташкилотининг айби йўқлигини таъкидлади.

«Авваламбор, "Фариданинг икки минг қўшиғи" фильми Оскар мукофоти саралаш босқичида қатнашмайди, дейиш тўғри эмас. Оскар қўмитаси котиби Ойбек Абдушукуровнинг агентликка маълум қилишича, Қўмита мукофот ташкилотчилари билан фильмни талаб этиладиган шаклда тақдим этиш бўйича келишмоқда. Фильм қабул қилиниши ҳам мумкин. Ўз навбатида, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ёлқин Тўйчиевнинг "Фариданинг икки минг қўшиғи" фильмини Оскар талабларига мослаштириш, таржима ва субтитрлар учун қўшимча маблағ тўлаб берганлигини айтиш лозим. Шунингдек, агентлик Ўзбекистон Оскар қўмитасининг фильмларни саралаш жараёни ва ғолибни аниқлаш маросимини ўтказиш учун барча шароитларни яратиб, кўмак берган. Фильмнинг Оскар мукофоти саралаш босқичига қабул қилиниши бўйича ҳам ҳозирда кўмак берилмоқда".

Фильмдаги роллардан бирини таниқли актёр Баҳром Матчонов ижро этган
Фильмдаги роллардан бирини таниқли актёр Баҳром Матчонов ижро этган

Ким айбдор?

Озодлик мухбири "Фариданинг икки минг қўшиғи" фильми Оскар мукофоти саралаш босқичига жўнатишга алоқадор барча тарафлар билан гаплашди; «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва жамоатчилик ташкилоти бўлган Ўзбекистон Оскар қўмитаси, фильмни суратга олган «Fox music cinema» студияси. Озодлик тасарруфидаги ўнлаб ҳужжат ва ëзишмалардан ким айбдор эканини аниқлаш қийин бўлди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги вакли Сафарийга кўра, раҳбарият ҳам бу саволга жавоб изламоқда:

«Ўрганяпмиз, Оскар қўмитаси продюсерни айбламоқда, продюсер қўмитани. Биз томонимиздан зарур ҳамма ёрдам берилган. Оскар форматига тайёрлаш учун 74млн сўм тўлаб берилган. Субтитрлаш, таржима, видео ва овоз форматини ўзгартиришга фаол ëрдам қилинган".

Россияда ижод қилаëтган ўзбек киночиси Улуғбек Йўлдошев «Фариданинг икки минг қўшиғи» асари билан боғлиқ муаммолар ўзбек кино саноатидаги носоғлом муҳит ва "кўролмаслик" каби иллат оқибати, деган фикрда.

«50 кун давомида турли ва айни пайтда ўта арзимас техник сабаблар билан кинонинг АҚШга боришини пайсалга солишни бошқача талқин қила олмайман», - дейди Йўлдошев.

2019 йил баҳорида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилинган эди. Комиссиянинг 2020 йил 21 ноябрь куни ўтказган йиғилишида Оскар мукофотининг «Энг яхши хорижий бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми танланган.

Оскар қўмитаси кординаторин Мухлиса Азизованинг Озодликка айтишича, қўмита учта фильмдан биттасини танлаган:

«Аюб Шаҳобиддиновнинг «Рангсиз тушлар»¸ Жаҳонгир Қосимовнинг «Ибрат» ва Ëлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи « фильмлари танловга қўйилди. Тўйчиевнинг фильми танланди. Чунки фильмнинг халқаро фестивалда ютиб чиқиш учун барча жиҳати тўкис эди».

93-Оскар тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтади.

Оскар мукофоти кино соҳасидаги олий соврин
Оскар мукофоти кино соҳасидаги олий соврин

Фильм нима ҳақда ?

Продюсер Дониëр Агзамовга кўра, «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади.

«Фильмни кўриш, эшитиш ва ҳис қилиш керак. Фильмга сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев, постановкачи оператор Баҳодир Йўлдошев ва постановкачи рассом Бектош Ражабовнинг меҳнати сингган. Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Ўлжаева, Санобар Ҳақназарова, Нодира Хожиқулиева каби актёрлар маҳорати бор кинода».

Ўзбек киночиларининг бадиий фиьм суратга олиш жараёни
Ўзбек киночиларининг бадиий фиьм суратга олиш жараёни

Ўзбекистон тарихида илк бор режиссёр Умид Ҳамдамов суратга олган «Иссиқ нон» фильми 2020 йилда Оскар номзодлари рўйхатига кирган эди. Озодлик билан суҳбатда Умид Ҳамдамов «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмини томоша қилгани ва бу фильм катта совринларга лойиқ эканлигини билдирди:

«Фильм гўзал олинган. Ташкилий масала сабаб Оскар номзодлари рўйхатига кирмай қолиши эҳтимолидан хафаман. Лекин бу ҳолат фильмнинг аҳамиятини туширмайди», - деди киночи Озодлик билан суҳбатда.

XS
SM
MD
LG