Линклар

Шошилинч хабар
03 Sentabr 2026, Toshkent vaqti: 08:57

"Нисбатан енгилроқ бўлди". Ислом Каримовсиз ўтган 10 йил ҳақидаги фикрлар

Ислом Каримов
Ислом Каримов

2016 йил 2 сентябрда постсовет ҳудудидаги энг қаттиққўл диктаторлардан бири деб аталган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафот этди. У мамлакатни 27 йил — умрининг охиригача бошқарди. Каримов вафотининг 10 йиллиги муносабати билан Азаттык Азия суҳбатдошлари унинг қандай раҳбар сифатида хотирада қолгани ва унинг вориси президентлиги даврида мамлакатда қандай ўзгаришлар юз бергани ҳақида фикр юритди.

"Бошқа бир мамлакатни кўрдим"

"Каримов вафотидан ўн йил ўтиб, Ўзбекистонга бордим ва бошқа бир мамлакатни кўрдим, — дейди ҳозир АҚШда яшаётган тадқиқотчи Баҳодир Файз Азаттык Азияга ватанига сафари ҳақида. — Мукаммал ёки муаммолардан холи мамлакатни эмас. Шунчаки бошқа мамлакатни. Очиқроқ. Жўшқинроқ. Дунёнинг қолган қисмига яқинроқ".

Файз Ўзбекистонни ёшлигида тарк этган. 1992 йилда Туркияга ўқишга йўл олар экан, бўлажак публицист ва социолог 30 йилдан ортиқ вақт давомида она юртига қадам қўя олмаслигини тасаввур ҳам қилмаган. Файзнинг тушунтиришича, бу унинг хоҳиш-иродаси билан бўлмаган.

1994 йилда Анқара билан сиёсий келишмовчиликлар фонида расмий Тошкент Туркиядаги ўзбекистонлик талабалардан ватанга қайтишни талаб қилди. Ўзбекистон ҳукумати ёшлар ўша мамлакатда фаолият юритган ўзбек мухолифати етакчилари — "Эрк" партияси асосчиси ва Ислом Каримовнинг асосий рақиби Муҳаммад Солиҳ ҳамда "Бирлик" партияси асосчиси Абдураҳим Пўлатов таъсирига тушиб қолишидан хавотирда эди.

Бурсада талабалар алмашинуви дастури доирасида социология йўналишида таҳсил олган Файз ўқишини тўхтатишни истамади ва ватанга қайтишдан бош тортди.

1999 йилда ўқишини тамомлаган Файз Ўзбекистонга қайтиш талабига бўйсунмагани учун қаттиқ жазоланишдан қўрқиб, АҚШга муҳожир бўлди. Ватанидан минглаб километр узоқда яшаса-да, у мамлакатдаги вазиятни ўрганишни тўхтатмади.

"Каримов бошқарувининг дастлабки йилларида давлатнинг қаттиққўллигини беқарорликдан қўрқиш билан изоҳлаш мумкин эди. Аммо вақт ўтиши билан барқарорликни таъминлаш учун барпо этилган ўша деворларнинг ўзи мамлакат тараққиётига тўсқинлик қила бошлади, — дейди Баҳодир Файз. — Охир-оқибат барқарорлик ўрнини турғунлик эгаллади. Шоирона ибора билан айтганда, "қабристон сукунати" чўкди. Халқ жим эди, матбуот сукут сақларди, сиёсат эса йўқ эди. Цензура, сиёсий таъқиблар, мажбурий меҳнат, Андижон воқеалари ва мухолифатнинг йўқ қилиниши. Каримов даврининг охирига келиб, Ўзбекистон ҳатто яқин қўшниларидан ҳам ўзини ажратиб қўйган давлатга айланган эди".

Баходир Файз
Баходир Файз

Аммо Файзнинг айтишича, Каримов даврининг асосий муаммоси иқтисодиётнинг ёпиқлиги эди. Мамлакатда валюта айирбошлашнинг қора бозори авж олган, Ўзбекистонга инвестициялар кириб келмаган, банк сектори ривожланмаган.

"Валюта конвертациясининг йўқлиги. Импорт ва экспортдаги қийинчиликлар. Давлатнинг ҳаётнинг мутлақо барча соҳаларидаги иштироки. Монополия, бюрократия, коррупция. Балки бу модел маълум вақт иқтисодий таназзулнинг олдини олгандир. Аммо кейинчалик у мамлакатнинг ривожланиш салоҳиятини чеклай бошлади. Бунинг энг оғир оқибатларидан бири миллионлаб Ўзбекистон фуқароларининг иш излаб Россия ва бошқа мамлакатларга кетиши бўлди", — дейди Баҳодир Файз.

Каримовсиз ўтган 10 йил ичида мамлакатдаги вазият ўзгарди. 2026 йил май ойида Файз Ўзбекистонга сайёҳ сифатида боришга қарор қилди. Унинг тан олишича, дастлаб аэропортда тўхтатиб, узоқ сўроқ қилишлари, мамлакатга киритишдан бош тортиб, ортга қайтариб юборишларидан хавотирланган. Аммо бундай бўлмади ва Файз ватанида бир ой қолди.

"Одамларнинг гап-сўзларида аввалги йилларга хос қўрқув йўқолганини ҳис қилдим, — дейди Баҳодир Файз. — Одамлар гапира бошлаган. Улар ҳукуматни ҳам, ҳокимни ҳам, нархлар ва коррупцияни ҳам танқид қиляпти. Ҳатто Ўзбекистон ҳақидаги ижобий таассуротларимни ўқиб, мени ҳақорат қилганлар ҳам бўлди. Аммо бундан ҳам хурсанд бўлдим. Чунки одамлар ўз фикрини очиқ айта бошлаган. 20 йил аввал режим ҳақидаги пост остида изоҳ қолдириш жасорат талаб қиладиган иш эди. Бугун эса одамлар мени эркин танқид қиляпти. Бу ҳам ўзгаришларнинг бир қисми".

Фасад ва унинг ортидаги воқелик

1989 йилдан буён мамлакатни бошқариб, Конституцияга ўзгартишлар киритиш орқали ҳокимиятда қолиш муддатини бир неча бор узайтирган Ислом Каримовнинг вафоти ҳақида Тошкент 2 сентябрда хабар берди. Унинг ўлими ҳақидаги миш-мишлар бундан бир неча кун аввал тарқала бошлаган эди. Ўлимнинг расмий сабаби инсульт деб кўрсатилди.

Каримовнинг дафн маросимини ташкил этиш бўйича давлат комиссиясига Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилди. Кейин у мамлакатнинг навбатдаги президенти бўлди. Мирзиёев иқтисодиётни либераллаштиришни қамраб олган ислоҳотларни амалга оширди ва яқин қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини йўлга қўя бошлади.

Мирзиёев даврида ўнлаб таниқли сиёсий маҳбуслар, мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқдан озод қилинди, диний сабабларга кўра судланганлар ҳам эркинликка чиқди. "Мемориал" ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази маълумотларига кўра, Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар сони бошқа барча собиқ совет республикаларидаги сиёсий маҳбусларнинг жами сонидан ҳам кўп бўлган.

"Яқинда айнан шу ҳақда — Каримов режими ҳақида ўйлаб қолдим, — дея хотирлайди таниқли тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева Азаттык Азия билан суҳбатда. — 2015 йилда жияним Анна Украинадан Ўзбекистонга бувисининг, яъни ўша пайтда 80 ёшга тўлган онамнинг юбилейига келганди. Шунда ҳаммамизни ҳибсга олишди: Аннани уйимизда бир суткадан ортиқ яшагани учун — биз уни ҳали рўйхатдан ўтказишга улгурмаган эдик — ушлашди. Онамни эса, ёши шунчага етганига қарамай, гўё унга ўз хонадонини яшаш учун бергани учун суд қилишди. Ҳозир ўйлайман: "Ё Худойим, биз қандай мамлакатда яшаган эканмиз?!" Каримов давридаги режим жуда қаттиққўл эди. Биз буларнинг барчасини ўз бошимиздан кечирдик. Унинг даврида фақат кулфат, зарбалар ва таъқибларга чидадик".

Каримов президентлиги йилларида Елена Урлаева бир неча бор ёпиқ руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран жойлаштирилган. У илк бор 2001 йил апрелида йўл қурилиши оқибатида уй-жойидан айрилган фуқароларнинг норозилик акциясига бошчилик қилганидан кейин у ерга тушган. Ҳуқуқ ҳимоячиси сўнгги марта 2017 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти вакили билан учрашишига тўсқинлик қилиш мақсадида шифохонага ётқизилган. Унинг айтишича, шундан буён мажбурий даволанишга бирор марта ҳам юборилмаган.

"Каримов даврида жуда кўп азоб чекдик. Жуда кўп мусулмонлар, сиёсий фаоллар — ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар қамаларди. Ўша пайтда бизга жуда қаттиқ ҳужум қилишарди: бизни уришар, қўлларимизни қайиришарди. Ҳар ҳафта қайсидир туман ички ишлар бўлимида ҳибсда ўтирардик. Бу гўё қонунга айланган эди, — дея хотирлайди Урлаева. — Бир сафар уч нафар ҳуқуқ ҳимоячиси почтада учрашгандик, бизни ўша ернинг ўзида тутиб олишди. Ҳатто учрашиш ҳам мумкин эмасди. Ҳозир нисбатан енгилроқ бўлди. Масалан, 8 август куни Олий суд судьялари билан бемалол учраша олдик. Улар маслаҳат беради, судьялар фуқароларни қабул қилади. Бу ҳам жуда яхши".

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов рақсга тушмоқда, бош вазир Шавкат Мирзиёев (ўнгда) эса унинг ёнида қарсак чалмоқда. Тошкент, 2007 йил 31 август.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов рақсга тушмоқда, бош вазир Шавкат Мирзиёев (ўнгда) эса унинг ёнида қарсак чалмоқда. Тошкент, 2007 йил 31 август.

Аммо ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек эмас, дейди Францияда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева. У Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиларини очиқ таъқиб қилиш ҳолатлари камайгани ҳақидаги халқаро кузатувчилар баҳосига қўшилади. Бироқ Атаева бунинг сабабини ҳукуматнинг бағрикенглигида эмас, балки мустақил ҳуқуқ ҳимояси муҳити амалда йўқ қилинганида деб билади.

"Парадокс шундаки, диктатор Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ҳозиргидан кўпроқ эди, — дейди Атаева. — Ўлим хавфига қарамай, улар қийноқларни ҳужжатлаштирар, суд жараёнларини кузатар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақида дунёга хабар берарди. Халқаро яккаланиш ҳукуматни ўз обрўсига етказиладиган зарарни ҳисобга олишга мажбур қиларди. Россия ва Хитойнинг Тошкентга таъсири анча кам эди. Ҳозир бу ҳамжамият деярли янгиланмаяпти: янги мустақил ташкилотлар рўйхатдан ўтказилмайди, янги фаоллар деярли пайдо бўлмаяпти, қолган ҳуқуқ ҳимоячилари эса жамоатчилик фикрига сезиларли таъсир кўрсатиш учун жуда оз".

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари деярли қолмаганидан сўнг, ҳукуматга аввалгидек кенг кўламли репрессияларни қўллашга эҳтиёж қолмади, дея давом этади ҳуқуқ ҳимоячиси.

"Бу ислоҳотларнинг чегарасини яққол кўрсатади: ҳукумат фуқаролик жамияти мавжудлигини намойиш этишга тайёр, аммо унинг мустақиллигига тоқат қилишга тайёр эмас, — дейди Атаева. — Ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланиш имконияти амалда танлаб берилади ва фаолнинг ҳукуматга қай даражада содиқ ҳамда бошқарувга мойил эканига боғлиқ. Мирзиёев авторитар тизимни барҳам топтирмади — уни янада мослашувчан, технологик ва ташқи кўринишдан жозибадор қилиб модернизация қилди. Каримов даврида ҳукумат сукутни талаб қиларди. Мирзиёев даврида эса у ошкора садоқатни талаб қилмоқда. Бу демократлашув эмас, балки мустақил фуқаролик жамияти ривожлана олмайдиган ва ҳокимиятга ишонч пайдо бўлиши мумкин бўлмаган янгиланган авторитаризмдир".

Бундай шароитда мамлакатда демократик ўзгаришлар ва инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ҳақида гапириш қийин. Мирзиёев даврида сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият дастлабки нисбий эркинлашувдан блогерлар ва мустақил журналистларга босим ҳамда таъқиблар кучайиши томон ўзгарди.

Ўзбекистон "Чегара билмас репортёрлар" ташкилотининг Матбуот эркинлиги индексида 147-ўринни эгаллаган. Ташкилот мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият дунёдаги энг оғир ҳолатлардан бири бўлиб қолаётганини таъкидлайди.

"Ўзбекистон ҳукумати очиқлик ва ислоҳотлар қиёфасини яратишда давом этмоқда, аммо бу фасад ортида медиа муҳитида сезиларли яхшиланиш кузатилмаяпти. Мустақил журналистика ўта заифлигича қолмоқда, танқидий материаллар учун майдон эса торайишда давом этяпти", — дейди "Чегара билмас репортёрлар" ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бюроси раҳбари Жанна Кавелье.

Human Rights Watch халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати "мустақил ҳуқуқ ҳимояси фаолияти ва фикр билдириш эркинлигини чеклаётгани ва бостираётгани", одамларни "Интернетда президентни ҳақорат қилиш" каби зўравонлик билан боғлиқ бўлмаган қилмишлар учун қамоққа ташлаётганини билдирган. 2025 йил февралида Дауран Алламбергенова суд қарори билан мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. Унинг Telegram’даги постлари сабаб "сепаратизм" ва "Интернетда президентни ҳақорат қилиш" бўйича иш тергов қилинган. Тошкентлик блогер Шоҳида Саломова эса уч йилдан ортиқ вақтдан буён мажбурий психиатрия даволанишида сақланмоқда. У Ўзбекистон ҳукумати ва президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви, спорт амалдори Отабек Умаровни танқид қилган постларидан сўнг ёпиқ муассасага жойлаштирилган.

Ўсаётган иқтисодиёт ва сиёсий рақобатнинг йўқлиги

Иқтисодиёт ўсиб бораётгани (2025 йилда ЯИМ 147 миллиард долларни ташкил этиб, бир йилда 7,7 фоизга ошган) ва мамлакатга инвестициялар кириб келаётганига қарамай, миллионлаб ўзбекистонликлар ҳамон ишлаш учун хорижга, асосан Россияга кетмоқда. У ерда улар ҳарбий ёлловчилар нишонига айланмоқда. Украинанинг "Яшашни хоҳлайман" давлат лойиҳаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганлар сони (қарийб беш минг киши) ва Украинада асирга тушганлар сони бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради.

Иқтисодчи, профессор ва мухолифатчи сиёсатчи Хидирназар Аллақуловнинг фикрича, мамлакатда иқтисодий фаровонлик ҳақида гапиришга ҳали эрта.

"Инфляция ва нархлар жадал ошиб бораётган бир пайтда ҳукумат ҳар йили пенсия, нафақа, иш ҳақи ва стипендияларни атиги 7–10 фоизга оширади. Айни пайтда, иқтисодий таҳлилчилар баҳосига кўра, умумий инфляция йилига камида 15–16 фоизга ўсмоқда. Озиқ-овқат нархлари эса 20 фоиздан кўпроққа қимматламоқда. Бу номинал иш ҳақи ошишига қарамай, аҳолининг турмуш даражаси пасайиб, реал харид қобилияти ва реал иш ҳақи тушиб бораётганини англатади. Аҳолининг турмуш даражаси ҳақиқатан ҳам пасайди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев бошқаруви йилларида одамлар кредитга қаттиқ ботди. Фоиз ставкалари ниҳоятда юқори — 25 фоиздан 49 фоизгача. Бундай кредитларни олаётганлар мажбур бўлгани учун олади: уларда бошқа йўл йўқ. Ўртача турмуш даражасига эга одамлар учун бундай қарзлар камбағалликка тушишни, кам таъминланганлар учун эса қашшоқликка ботишни англатади", — дейди Аллақулов.

Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 271 минг сўмни (қарийб 84 доллар), мамлакатдаги ўртача иш ҳақи эса қарийб 6 миллион 380 минг сўмни (тахминан 535 доллар) ташкил этади. Иқтисодчиларнинг баҳолашича, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 14,5 миллион киши бўлган бир пайтда, Ўзбекистоннинг 2–3 миллионга яқин фуқароси хорижда. Мамлакатда қолган 11 миллион меҳнатга лаёқатли фуқаронинг ярмидан кўпи ўртача маошдан кам иш ҳақи олади. Экспертлар ҳукумат очиқ статистикани эълон қилмайди, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, муҳожирлар юбораётган пул ўтказмалари Ўзбекистон иқтисодиётида ҳамон муҳим ўрин тутади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистонга келиб тушган шахсий пул ўтказмалари ЯИМнинг қарийб 14,3 фоизини ташкил этган.

Хидирназар Аллақулов учун сиёсатчи сифатида қонуний майдонда ҳукуматга мухолиф бўлиш осон эмас. Мирзиёев бошқаруви йилларида иқтисодчи Ўзбекистонда ўз партиясини рўйхатдан ўтказишга бир неча бор уринди, аммо ҳар сафар маъмурий босим, жарималар ва суд таъқибларига дуч келди.

Америкада яшаётган ўзбекистонлик Баҳодир Файз она юртида сиёсий эркинликлар билан боғлиқ муаммолар етарли эканини тан олади.

"Мен мамлакатда демократия тўлиқ қарор топди, демаяпман. Ҳақиқий сиёсий рақобат ҳали шакллангани йўқ, — дейди Баҳодир Файз. — Мустақил мухолифат сиёсий жараённинг бир қисмига айланмади. Матбуот ва сўз эркинлигига чекловлар бор. Суд-ҳуқуқ тизими, коррупция ва давлат бошқарувига оид ҳал этилмаган кўплаб масалалар қолмоқда. Аммо Ўзбекистонда одамларга ишонч аста-секин қайтаётганини ҳис қилдим. Буни статистикада кўриб бўлмайди. Буни мамлакат кўчаларида кўриш мумкин. Таксичининг сўзларида. Ёшларнинг кўзларида. Тунда одамлар билан гавжум кафеларда. Тошкент аэропортидаги сайёҳлар орасида. Ва, албатта, тирбандликларда. Мамлакат келажаги осмонўпар биноларининг баландлиги билан ўлчанмайди. У халқининг кўзидаги умид билан ўлчанади. Мен бугун кўрган Ўзбекистонда ана шу умид бор эди".

XS
SM
MD
LG