Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:57

Президент Администрацияси раҳбари лавозимидан четлатилган Зайнилобиддин Низомиддинов ким?


49 яшар Зайнилобиддин Низомиддинов (чапда) Ўзбекистон сиёсатининг "кулранг кардинали" деб таърифланган
49 яшар Зайнилобиддин Низомиддинов (чапда) Ўзбекистон сиёсатининг "кулранг кардинали" деб таърифланган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Қорақалпоғистонда камида 18 инсоннинг ҳаётига зомин бўлган қонли воқеалар ортидан ишдан олинган биринчи ва энг юқори мартабали мулозим бўлди.

Расмий хабарда айтилишича, Низомиддинов "саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан" лавозимдан бўшатилган.

Кейинроқ унинг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари лавозимига тайинлангани хабар қилинди. Администрация раҳбари лавозими ҳозирча вакант қолмоқда.

Низомиддиновнинг истеъфоси расман Қорақалпоғистондаги воқеаларга боғланган ёки йўқлиги номаълум.

Аввалроқ Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбалари Президент Администрацияси раҳбари Қорақалпоғистонда қон тўкилишига олиб келган Ўзбекистон Конституцияси янги таҳриридаги ўзгартишларга бош-қош бўлганини айтишганди.

Президент Мирзиёевнинг ўзи 2 июль куни Нукусдаги чиқишида Қорақалпоғистондаги воқеалар учун масъулиятни маҳаллий қонун чиқарувчилар зиммасига юклаган.

49 ёшли Зайнилобиддин Низомиддинов Шавкат Мирзиёев Администрациясининг лавозимни тарк этаётган биринчи раҳбаридир.

У собиқ президент девонига Мирзиёев билан бир вақтда, у вақтинча президент лавозимини эгаллаган 2016 йил сентябрида ўтган ва аввалига Мирзиёев ижроия аппаратининг раҳбари этиб тайинланган. Бунгача асли Сурхондарёнинг Сариосиё туманидан бўлган Низомиддинов бош вазир Мирзиёев ижроия аппаратининг раҳбари эди.

Озодлик манбалари Тошкент Халқ хўжалиги институти – ҳозирги Иқтисодиёт университети битирувчиси бўлган Низомиддиновнинг Шавкат Мирзиёевга жуда яқинлиги, Мирзиёев ўтмишда Низомиддиновлар оиласининг бошқа аъзолари билан ҳам борди-келди қилганини айтишади.

Президент Администрацияси Ўзбекистонда расман ҳокимиятнинг алоҳида бўғини эмас, аммо мавжуд ҳокимият иерархиясида ҳал қилувчи рол ўйнаши, амалда Вазирлар Маҳкамаси ва парламентдан юқори туриши айтилади.

Ваколатларига кўра, Низомиддинов юқори ҳокимиятда президентдан кейинги иккинчи одамга тенглаштирилган.

У бошқа ваколатлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатларини амалга ошириш учун масъул бўлган.

Президент Мирзиёев 2018 йил 26 августида "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида" махсус фармон билан Каримов давридаги «Президент девони»ни «президент Администрацияси»га ўзгартирган эди.

Айни фармон билан Администрация раҳбарининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилган. У жумладан,

  • давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таминлаш бўйича ваколатлари амалга оширилишига кўмаклашиш;
  • мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таминлашга кўмаклашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини шакллантириш, суверенитетни муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш

учун масъул бўлган.

Бу ваколатлар Низомиддиновни Ўзбекистон сиёсатининг «кулранг кардинали»га айлантирган. Озодлик манбаларига кўра, Низомиддинов мамлакат тарихидаги энг қудратли Администрация раҳбари бўлган бўлиши мумкин.

Ўтган вақт мобайнида Зайнилобиддин Низомиддиновнинг бизнес манфаатлари, мамлакатдаги алоҳида саноат-молия гуруҳларига яқинлиги ва ўзи туғилиб ўсган Сурхондарё вилоятидаги қариндошларининг бизнеслари борасида турли маълумотлар интернетга сиздирилган.

Хусусан, 2020 йил майида ўпирилган Сардоба сув омбори ва мамлакатдаги бошқа йирик сув иншоотлари қурилишларининг асосий буюртмачиси бўлган «Ўзгидроэнерго» АЖ раиси Абдуғани Сангинов Низомиддиновнинг ҳамюрти ва яқин ҳамкори экани айтилган.

Шунингдек, Озодлик манбалари ҳозирда қамоқда бўлган блогер Отабек Сатторий Администрация раҳбарига яқин шахсларнинг коррупцияга алоқадорлиги борасидаги маълумотларни текшириш жараёнида ҳибсга олинганини иддао қилганлар.

Таҳлилчилар Низомиддиновнинг президент Мирзиёевга яқинлиги ва жорий президент Администрацияси, амалда ҳозирги ҳокимият вертикали шаклланишидаги ролидан келиб чиқилса, унинг сиёсий саҳнадан бирданига йўқолиб қолишини эҳтимолдан узоқ деб баҳолашмоқда.

Уларга кўра, Низомиддинов Қорақалпоғистондаги қонли воқеалар ортидан жамоатчилик кўзида ҳисобдорлик учун вазифасидан четлатилган ёки “қурбонликка келтирилган” бўлиши мумкин.

Айни пайтда, уларга кўра, Администрация раҳбарининг истеъфоси ҳукумат, жумладан, куч тизимлари, хусусан, ДХХ раҳбариятида ҳам кадрлар ўзгаришига олиб келишини кутиш мумкин.

XS
SM
MD
LG