Линклар

Европа парламенти "Озарбайжон пул ювиш машинаси"ни текширишга чақиради

  • Озодлик

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва унинг турмуш ўртоғи, вице-президент Меҳрибон Алиева

Европа парламенти вакиллари Озарбайжон идорий элитаси томонидан идора этилган хуфия жамғарма юзасидан текширувлар ўтказишга чақирди.

Европа парламенти пресс-релизга кўра, парламент вакиллари бундай резолюцияни 13 сентябрда қабул қилганлар.

Европа газеталари консорциуми ўтказган текширувга кўра, Озарбайжон идорий элитаси аъзолари "Озарбайжон пул ювиш машинаси" номли хуфия жамғармадан европалик сиёсатчиларга тўловлар ўтказиш, қимматбаҳо ҳадиялар сотиб олиш ва пул ювиш мақсадида 2,9 миллиард доллар сарфлаган.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш халқаро лойиҳаси (OCCRP) томонидан 4 сентябрда нашр этилган ҳисоботга кўра, пулдан фойдаланганлар орасида "камида учта европалик сиёсатчи, режим ҳақида ижобий мақолалар ёзган журналист ва ҳукуматни олқишлаган бизнесменлар" бор.

Унда таъкидланишича, 2012-2014 йиллар орасида Британиядаги тўртта шел компаниялари орқали минглаб тўловлар амалга оширилган.

Озарий мухолифатчилари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари нефтга бой Озарбайжондаги ҳукуматни систематик коррупция, овозларни қалбакилаштириш ҳамда мухолифат сиёсатчилари, ҳуқуқбонлар ва журналистларни таъқибга олишда айблайди.

Ҳисоботда иддао қилинишича, жамғарма ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг оиласи ўртасида алоқа бўлган.

Боку ҳукумати ҳисоботда илгари сурилган даъволарни рад этди.

Резолюцияда Европа парламенти вакиллари "Озарбайжон ва бошқа автократик режимларни ноқонуний воситалар билан Европа сиёсатчиларига таъсир кўрсатишга уринишда" айблади.

Резолюция Европа Иттифоқини иттифоққа аъзо бўлмаган мамлакатлар билан алоқаларда мавжуд анти-коррупция услубларини қўллаш ва Европа Иттифоқи молиялаган лойиҳаларни "яқиндан ва давомли" кузатиш ҳамда "инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига олиб келадиган систематик коррупция ҳолатлари"га қарши санкциялар қўллашга чақирди.

XS
SM
MD
LG