Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2019, Тошкент вақти: 19:12

Озарбайжон президенти ўз рафиқасини вице-президент қилди


Озарбайжон президенти Илҳом Алиев турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиевани Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти этиб тайинлади. Озарбайжон қонунларига кўра, агар президент вафот этса ёки ўз фаолиятини давом эттира олмайдиган аҳволга тушса, унинг вазифалари айнан биринчи вице-президент зиммасига юклатилади.

Алиевнинг ўз рафиқасини мазкур лавозимга тайинлаш бўйича буйруғи президентнинг расмий сайтида 21 февраль куни пайдо бўлди.

Биринчи вице-президент ҳамда иккита иккинчи вице-президент лавозимлари мамлакатда 2016 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган референдум асосида яратилган эди.

Янги конституция бўйича президентга бирор нима бўлган тақдирда унинг ваколатлари биринчи вице-президентга ўтади. Эски конституция бўйича бундай ҳолларда президент вазифалари бош вазирга юклатилган бўлар эди.

Мухолифатчилар ҳамда фаоллар референдум Алиев ваколатларини янада кенгайтирганини айтиб келадилар.

Алиев нефть заҳираларига бой бўлган Озарбайжонга 2003 йилдан бери етакчилик қилиб келади. Ундан аввал эса мамлакатни отаси Ҳайдар Алиев бошқарган.

52 ёшга тўлган Меҳрибон Алиева Янги Озарбайжон партияси етакчисининг ўринбосари ҳамда “Ҳайдар Алиев жамғармаси”нинг директоридир. 1993 йилда Озарбайжон президенти курсисига ўтирган Ҳайдар Алиев ўғлини президент этиб тайинлаганидан икки ой ўтиб вафот этган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳамда Ғарб давлатлари ҳукуматлари Илҳом Алиевни мухолифатчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларни сиқувга олишда айблаб келади.

Алиев эса бу айбловларни рад этиб келади.

Озодлик радиосининг Озарбайжондаги журналисти Хадича Исмоилова 21 февраль куни Меҳрибон Алиева мазкур лавозимга тайинланишидан олдин бир неча одамни полиция қўлга олгани ҳақида ёзди.

Исмоилова бир неча мухолифатчи фаол бир ойга қамалгани, бунинг сабаби Алиевнинг янги қарори бўйича намойишлар уюштирилиши олдини олиш эканлигини тахмин қилиш мумкинлиги ҳақида ёзди.

Эслатиб ўтамиз, Исмоилова молиявий жионоятларга қўл уришда айбдор топилиб, 2015-2016 йилларда 17 ой қамоқда қолди. Исмоилова ва уни қўлловчилар унинг қамалишини Алиев ва унинг яқинлари қўл урган коррупция ҳақида журналистик суриштирув олиб боргани учун сиёсий жазо ўлароқ баҳолашди.

XS
SM
MD
LG