Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 18:11

Вашингтон: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ҳеч кимга ҳужум қилинмаган


АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ҳезер Науэрт

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Хезер Науэртнинг тасдиқлашича, Тошкентдаги элчихонада Кубадаги сингари акустик ҳужум бўлмаган. Бу ҳақда бугун Америка матбуотида хабарлар пайдо бўлди. Расмийлар дейдики, дипломатларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги устувор масала, лекин ваҳима кўтаришга ҳожат йўқ.

​CБС телеканали сайтида чоп этилган мақолада қайд этилишича, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси ходимларидан бири ва унинг умр йўлдоши яқинда "акустик хуружга учраган" ва ватанига қайтган. Бундай ҳужумлар Кубада кузатилган эди.

АҚШнинг Гаванадаги элчихонасида дипломатларга қилинган хуружларда ўнлаб одам зарар кўрган. Бундай ҳужумлар инсоннинг эшитиш ва кўриш қобилиятини бузиб, асаб касалликлари ва уйқусизликка етаклаши мумкин. Кучли технология ёрдамида амалга ошириладиган бу ҳаракатларда Россия гумон қилинади. Кремль бу даъволарни қатъиян инкор этади.

CБС мақоласида ҳам айнан Ўзбекистон-Россия яқинлиги тилга олинади ва Москва бу қора ишда шубҳа остига олинади.

Давлат департаментига кўра, Тошкентда ҳеч ким Кубадагидек вазиятга тушмаган ва ўхшаш ташхис қўйилмаган. Науэртнинг "Twitter" тармоғида ёзишича, Ўзбекистондаги элчихонада бундай ҳолат кузатилмаган.

АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлигининг ва унинг Тошкентдаги ваколатхонаси ўрин олган элчихонадан ҳозирча бирор изоҳ йўқ.

"Америка овози" радиоси

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG