Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:42

Диний қўмита "интизомсизлиги" учун бўшатган имом "Вақф"га масъул бўлди


Одилхон қори Исмоилов (чапда) Ислом ота масжиди очилиши муносабати билан ëзилган эҳсон дастурхонида шу масжид имоми Абдулҳаким қори билан. 2016 йил, октябрь.
Одилхон қори Исмоилов (чапда) Ислом ота масжиди очилиши муносабати билан ëзилган эҳсон дастурхонида шу масжид имоми Абдулҳаким қори билан. 2016 йил, октябрь.

Бундан икки ой олдин бир қатор камчиликлари, хусусан, масжид тартиб-интизомига риоя этмагани учун ишдан бўшатилган Одилхон қори Исмоилов “Вақф” хайрия жамоат фондидаги масъул лавозимга тайинланди.

Айни пайтда тилга олинган фонд билан боғлиқ яна бир янгилик маълум бўлди: намозхонлардан тушадиган пул маблағлари “Вақф”га ўтказила бошлаганидан буён масжидлар муҳтожларга моддий ёрдам беролмай қолган.

Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидининг собиқ имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг Диний-маърифий тарғибот бўлими мудири этиб тайинлангани тўғрисида тилга олинган фонднинг исми сир қолишини истаган мулозими хабар қилди.

“Одилхон қори ака ишга тайинландилар, бироқ ҳали ишга чиқмаганлари учун эълон қилмай тургандик”.

Жорий йил июлида “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиблигидан бўшатилган Одилхон қори Исмоиловнинг ўзи билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати аввалига имомнинг ўз аризасига кўра ишдан бўшагани тўғрисида хабар қилган, орадан 3 кун ўтиб эса, Одилхон қори Исмоиловнинг интизомсизлиги учун ишдан бўшатилгани ҳақида баёнот берилган эди. Идора Матбуот хизматининг 24 июлдаги баёнотида бундай дейилган:

“Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов масжид тартиб-интизомига риоя этмагани, кундалик намозларда мунтазам бўлмагани, тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлар ҳамда беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли ишдан олинди”.

Одилхон қори Исмоилов ишдан олиниши арафасида қилган чиқишларидан бирида болаларнинг масжидга қўйилишига изн берилганини хушхабар деб айтган ва бу чиқиш ёзилган видео ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эди.

Диний идора фикрича, "масжид тартиб-интизомига риоя этмаслик, кундалик намозларда мунтазам бўлмаслик, тасдиқланмаган хабарларни Интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлари бор" одам қандай қилиб мамлакат миқёсидаги “Вақф”нинг Диний-маърифий тарғибот бўлими мудири этиб тайинланди?

Бу саволни Диний идора раҳбариятига беришнинг иложи бўлмади.

Маълумотларга қараганда, Одилхон қори Юнусхон ўғли Исмоилов 1998-1999 йилларда Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги “Ҳазрати Умар” жоме масжидида имом – хатиб, 1999-2000 йилларда Шайхонтоҳур туманидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имом ноиби вазифасида ишлаган. 2010 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом - хатиби ўринбосари. 2011 йилдан 2018 йилнинг 20 июлигача Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби ва “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом–хатиби бўлиб ишлаган.

Масжидлар пулини "Вақф" санамоқда

Одилхон қори Исмоиловнинг “Вақф”га ишга ўтиши шу ташкилот билан боғлиқ ягона янгилик эмас. Кейинги кунларда Озодликка масжидларга тушаётган пуллар билан боғлиқ хатлар ҳам келмоқдаки, улардан бири мана бундай бошланган:

“Масжидлардаги эҳсон қутилари кучли назоратга олинган. Ҳамма пул МХХ контролида. 1 сўмигача опкетишвотти...”

Озодлик мавзуни ўрганаркан, “эҳсон қутилари кучли назоратга олингани” ростлигини, бироқ “ҳамма пул МХХ контролида” эканлиги бироз оширилган гап эканлигини аниқлади.

Андижон вилоятидаги масжидлардан бирининг имом-хатибидан ҳам, Тошкент шаҳридаги масжидлардан бирининг мутаваллисидан ҳам бир хил гапни эшитдик. На масжиди номи, на исми айтилишини истаган бу икки суҳбатдошимиз бу йилги Рамазон ҳайитидан буён пул кўринишида масжидга қилинаётган хайриялар фақат қутига ташлатилаётгани, жума намозларида намозхонлардан этак ёйиб пул йиғилмай қўйгани, хайрия қутилари солиқчилар ва бошқа тегишли идоралар ҳамда масжид вакиллари иштирокида муҳрланаётгани, қутилар ҳар жума яна комиссия томонидан очилаётгани, пулни солиқчи махсус банк қопига солиб, сурғучлаб олиб кетаётганини айтди.

Имом-хатиб ҳам, мутавалли ҳам пул “Вақф”га тушишини билади. Айни пайтда, иккала суҳбатдошимиз ҳам бир-биридан мустақил равишда бир хил гапни айтди.

“Илгари, яъни пуллар “Вақф”га топширилмайдиган даврда ҳам ҳамма пул ўзимизда қолмасди – Диний идорага кетар эди. Лекин у даврда масжиддан ёрдам сўраб келадиган эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатиш имконимиз бўлар эди. Эндиликда ўшандай имкон мутлақо қолмади. Ҳамма пулни топширишга мажбурмиз”.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ҳамда “Вақф” хайрия жамаот фонди мулозимлари (булар ҳам исмлари айтилишини истамади) имом-хатиб ва мутавалли айтган гапларни тасдиқлади. Уларнинг айтишича, масжидлардан “Вақф”га тушадиган маблағнинг 75 фоизи масжидларнинг ўзларига қайтарилади.

“Вақф” фонди мулозимининг айтишича, “дотациядаги” масжидлар ҳам мавжуд, яъни улардан тушадиган пул масжид хизматчилари маоши ва бошқа эҳтиёжларини қоплашга етмайди ва шундай пайтда “Вақф” ўша камомадни қоплайди.

Айни пайтда масжидларга худди ишлаб чиқариш корхонаси ёки савдо муассасаси сифатида ёндошилаётгани, яъни улар зиммасига “пул топшириш плани” юкланаётгани ҳам Озодликка маълум.

Қашқадарё вилоят, Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжиди эшигига илинган эълон
Қашқадарё вилоят, Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжиди эшигига илинган эълон

Андижондаги масжид имом-хатиби ойига 500 минг сўм, Тошкентдаги масжид мутаваллиси ойига 1 миллион сўм маош олаётганини билдирди.

Озодликнинг “Масжидларнинг муҳтожларга ёрдам бериш имкони қолмабди, ҳамма пулни олиб қўяяпсизлар экан”, деган репликасига жавобан “Вақф” мулозими “муҳтожларга ёрдамни биз ўзимиз бераяпмиз”, деди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат ташкилоти жорий йил 10 май куни Адлия Вазирлиги рўйхатидан ўтказилган.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2 минг 37 та масжид бор. Уларда жами 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиблари ишламоқда.

XS
SM
MD
LG