Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:03

Тошкент ҳокими ажрашаётган эр-хотинларни ТВ орқали кўрсатмоқчи


Пойтахт ҳокимининг оила мустаҳкамлиги йўлида қўйган қадами тўғрисида qalampir.uz сайти хабар қилди. Сайт ўз хабарида Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг мана бу гапини келтирган:

“Ажрашаётган эр-хотинларнинг исм-фамилияларини ҳозирча ҳар 15 кунда соат 23:00да эфирга узатиладиган дастурда, ўзгариш бўлмаса, соат 21:00даэълон қиламиз. Агар яққол натижа сезилмаса, ажрашаётган оила аъзоларининг суратини эфирга узатамиз. Бу билан биз ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқларини топтамаймиз, аксинча, очиқ маълумотларни оммага тақдим этамиз”.

Шаҳар ҳокими қайси канални назарда тутаётгани тўғрисида айтилмаган.

Айтилишича, яқинда Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан эр-хотинларнинг ажрашиши масаласига бағишланган катта йиғилиш ўтказилган. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қурбонов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ҳабибулло Тўрахўжаев, Тошкент шаҳар прокурори Ботир Қудратхўжаев, Тошкент шаҳридаги туманлар ҳокимлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари иштирок этган.

Сўнгги тўққиз ойлик статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Тошкент шаҳрида тузилган оилаларнинг 32 фоизи ажрашиш даражасига етиб борган. Республиканинг бошқа ҳудудларида, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 8 фоиз, Хоразмда 6 фоиз, Сурхондарёда 9 фоиз, Қашқадарёда 10 фоиз, Бухорода 12 фоиз, Жиззахда 14 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичлар Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан айни мавзуда ташкил этилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова томонидан айтиб ўтилгани тўғрисида хабар қилди сайт.

Мазкур йиғилиш сўнггида Тошкент шаҳар ҳокими янги қарор устида иш бошлаб юборилганини, Тошкент шаҳрида ажрашган ҳар бир оила ҳақида маълумотлар – оила вакилларининг исм-фамилияси бундан буён “Тошкент” телеканали ва “Тошкент оқшоми” гезетасида бериб борилишини маълум қилди, деб хабар қилди сайт.

Айтилишича, шаҳар ҳокими бу ишга жиддий киришаётгани, ажрашаётган оилалар ҳақидаги маълумотлар телевидение орқали тарқатилажагини, бу эса, ажрашишларнинг камайишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этган.

Ҳокимнинг маълум қилишича, оилавий ажрашишларга сабабчи бўлаётганлар, хусусан, қайнота-қайноналар ва келинлар оммавий муҳокамага олиб чиқилиб, улар иштирокида телекўрсатувлар тайёрланади.

Материал qalampir.uz сайти хабари асосида тайёрланди

XS
SM
MD
LG