Линклар

ЕХҲТ Ўзбекистонни қамоқдаги барча журналистларни озод қилишга чақирди

  • Озодлик

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Ҳарлем Дезир

«Мен ҳануз қамоқда қолаётган Дилмурод Саид, Юсуф Рўзимуродов, Бобомурод Абдуллаев ва бошқа барча журналистларни озод қилишга чақираман. Бу қилиш мумкин ва зарур бўлган ишдир”.

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Ҳарлем Дезирнинг бу чақириғи Тошкентда ўтказилган анжуман доирасида янграгани тўғрисида халқаро ташкилот расмий сайти хабар қилди.

17-19 октябрь кунлари Тошкентда ЕХҲТ ташкил қилган "Марказий Осиёда ошкора журналистика" номли анжуман бўлиб ўтди.

Бундай тадбир Ўзбекистонда сўнгги 15 йил ичида илк бор ўтказилди.

ЕХҲТнинг Оммавий ахборот воситалари бўйича 19-Марказий Осиё анжуманида хориж давлатларидан келган матбуот соҳаси эскпертлари ва журналистлардан иборат 80 киши иштирок этди.

Анжуманда қатнашган Ўзбекистон ва минтақалик журналистлар Марказий Осиёда бугунги журналистиканинг аҳволи ва муаммоларини муҳокама қилди.

Фарғона.ру агентлиги берган хабарга кўра, тадбирда ўзбекистонлик журналист Сергей Наумов ва Алексей Волосевичлар 27 сентябрдан буён ҳибсда қолаётган мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев тақдирига оид саволлар билан Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилишган.

Агентликнинг ёзишича, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова Бобомурод Абдуллаев "қонунни бузгани учун ҳибсга олингани, унинг ишини суд кўриб чиқаётгани, суд қарор қилмагунча", бу масалада бирор изоҳ бермаслигини айтиш билан чекланган.

2017 йилнинг 27 сентябрида Тошкентда қўлга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодекси 159-моддасининг 4-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) айбланмоқда. ​

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка тақдим этган 1 октябр кунги суд қарорида ëзилишича, "Абдуллаев “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” функционери сифатида шу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан 2011 йилдан буён Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган".

3 октябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида "Ўзбекистон Халқ ҳаракати" раҳбари Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар эълон қилиб келган журналист эканини маълум қилган эди.

Ўтган бир йил давомида 14 нафар журналист, сиёсий партиялар фаоллари ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Муҳаммад Бекжон, Аъзамжон Фармонов, Солижон Абдураҳмонов, Бобомурод Раззоқов, Ғанихон Маматхонов, Аъзам Турғунов, Рустам Усмонов, Самандар Қўқонов, Эркин Мусаев, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Даврон Тожиев ва Муҳаммадали Қорабоев озод этилди.

Ҳюман Райтс воч инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида яна 12 нафар инсон ҳуқуқи фаоли ва журналистлар қолмоқда.

ЕХҲТнинг матбуотга оид Марказий Осиё анжумани ҳар йили ўтказиб келинади. 18-анжуман Австрия пойтахти Венада ўтказилган.

Тошкент 2002 йилда 4-анжуманга ҳам мезбонлик қилган эди. Ўшанда “Матбуот эркинлиги ва коррупция” мавзуси муҳокама қилинган.

XS
SM
MD
LG