Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:12

ЖЧ-2018: Ўзбекистон-Эрон ўйинига чипталар чайқовчилар қўлида сотилмоқда


"Бунёдкор" стадиони кассаси олдидаги бундан 3 йил олдин кузатилган вазият худди бугунги ҳолатни эслатади. 2013 йилнинг 7 июни.
"Бунёдкор" стадиони кассаси олдидаги бундан 3 йил олдин кузатилган вазият худди бугунги ҳолатни эслатади. 2013 йилнинг 7 июни.

6 октябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2018 саралаш босқичи доирасида Эронга қарши майдонга тушади. Терма жамоа мухлисларидан келиб тушаётган хабарларга кўра, ўйин олдидан яна икки кун бўлишига қарамасдан, “Бунёдкор” стадионида ўтказилажак ўйинга чипталар аллақачон сотилиб бўлган. Айни пайтда номинал нархи 25 минг сўмлик билетларни олибсотарлар стадион атрофида 100 минг сўмдан пулламоқда.

“34 минг чипта 2 кунда сотиб тугатилди!”

Футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионати 3- саралаш босқичи доирасида “А” гуруҳидан ўрин олган Эрон кейинги учрашувини 6 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўтказади.

Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда терма жамоалар ўйинига қизиқувчиларнинг чипталар сотилиши тўхтатилганидан норозиликлар кўпайиб бормоқда.

“Фейсбук”даги саҳифалардан бирида “Эрон билан учрашувга чипталар мана шундай сотилаяпти))” ёзуви остида “Бунёдкор” стадиони атрофида йиғилиб турган одамлар фотосурати пайдо бўлди.

"Билет нархи 100 мингга чиқди"
"Билет нархи 100 мингга чиқди"

Бу суратга келган изоҳлардан бирида “Бундай нархга чипта сотиб олишнинг кераги йўқ. Кимдир янги “Каптива” ёки “Малибу” сотиб олиши учун 100 минг сўм беришдан на ҳожат? Ўз нархи 25 минг сўм”, дея фикр билдирилди.

Маълум бўлишича, 6 октябр куни бўладиган ўйинга билетларни сотиш душанба, 3 октябрда бошланган ва эртасига якунига етган.

“Бунёдкор” стадиони кассири Озодлик мухбирига 5 октябр куни бундай деди:

- 6 октябрга, Эрон-Ўзбекистон ўйинига чипталарга қизиқаяпсизми? Афсуски, ҳаммасини кечаёқ сотиб бўлганмиз. Ҳаммаси бўлиб 34 минг жойга сотилган. Чипталар душанба кундан икки кун давомида Чилонзордаги ва стадионнинг ўзидаги иккита кассада сотилди. Сотувда бирорта ҳам қолмаган, деди афсусланиб кассир Алина.

Икки кун давомида (!) иккита кассада (!) 34 минг чипта (!) сотиб тугатилганини кассир бир кишига 4 тадан билет сотилгани билан изоҳлади. Унинг айтишича, "стадион маъмуриятининг ташқарида чайқовчилар сотаётган чипталарга алоқаси йўқ".

Озодликнинг мобил мухбирларидан бири “Бунёдкор” стадиони атрофида Эрон-Ўзбекистон ўйинига чипталарни сотаётган чайқовчилар тўда-тўда бўлиб турганини хабар қилди.

WhatsApp ижтимоий тармоғи орқали Озодликка юборилган аудифайлларда унинг олибcотарлардан бири билан қилган савдоси акс этган:

- Энг арзони 50 мингми? Нега касса ишламаяпти?

- Тугаб бўлди... Ҳа, икки кун сотилди. Менда ҳозир 4 дона қолган – 50 минг деяпмиз. Энг арзони – 45 мингга беришим мумкин. Сизга нечта керак? Ўртоқларим тўрттаси келмайдиган бўлгани учун сотиб юбораяпман. ВИПга 200 мингдан бор билет. Центрнинг ёни 70 минг, ака. Дарвозанинг орқаси – 55 минг сўм. Кеча тугаган чипталар: бор-йўғи 4 соатга очилди касса, дейди потенциал мижозига “Бунёдкор” атрофида “бизнес” қилаётган олибсотарлардан бири.

Хабарни йўллаган тошкентлик футбол ишқибози стадион олдидаги пиёдалар йўлагида ўнлаб “ўртоқлари ўйинга келолмайдиган” сотувчилар турганини маълум қилди.

"Бунёдкор" кассасида "Билетлар сотилди!" ёзуви пайдо бўлди
"Бунёдкор" кассасида "Билетлар сотилди!" ёзуви пайдо бўлди

Мобил мухбиримизнинг гувоҳлик беришича, бўш турган “Бунёдкор” кассаси дарчасига “Билетлар тугаган!” ёзуви осилган. У футбол ишқибозларига чиптани қўлдан сотиб олишдан бошқа илож қолмаганини айтди.

Озодликнинг Ўзбекистон Футбол Федерациясига мазкур масалада қилган мурожаати жавобсиз қолди.

Ўзбекистон терма жамоаси ўз гуруҳида биринчи

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Футбол бўйича 2016 йилги Жаҳон чемпионати 3- босқичи доирасидаги Эронга қарши ўйини 6 октябрь куни соат 18:00 да бошланади.

Ўзбекистон–Эрон учрашувини Бенжамин Уильямс бошчилигидаги австралиялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян журналистлар саволларига жавоб бериб, ўзбекистонликлар гуруҳ фаворитига қарши тўп суришини маълум қилди.

ЖЧ-2018 3- саралаш босқичи 2-тури доирасида Самвел Бабаяннинг шогирдлари Доҳада Қатарни 0:1 ҳисоби билан мағлубиятга учратган эди. Ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг “А” гуруҳида пешқадамликни сақлаб келмоқда.

Айни пайтда, 9 октябрь куни Краснодарда бўлиб ўтадиган Россия-Коста-Рика ўртоқлик учрашувида ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов ҳакамлик қилиши маълум бўлди. Унга ёрдамчилар сифатида судялар Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидовлар майдонга тушади.

XS
SM
MD
LG