Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2019, Тошкент вақти: 01:22

Хоразмда намоз ўқимайдиган шахс "Жиҳодчилар" раҳбари сифатида судга тортилди


Хоразмнинг Урганч шаҳрида иккинчи гуруҳ ногирони Озат Масабуров "Жиҳодчилар" оқими раҳбари сифатида судга тортилди. Озат Масабуров ва яна тўрт айбланувчиконституциявий тузумни ағдаришга уринишда айбланмоқда. Аммо, тергов хулосасидан маълум бўлишича, Озат Масабуров наинки "Жиҳодчилар" гуруҳи раҳбари, балки намоз ҳам ўқимаслигини айтган. Халқаро ташкилотларга кўра, "Жиҳодчилар" номли оқим ер юзида умуман мавжуд эмас.

Озодлик қўлга киритган тергов хулосасидан маълум бўлишича, 55 яшар Озат Масабуров ва унинг жиноий шериклари сифатида кўрилган яна тўрт шахс - 56 яшар Кўпалбой Жуманиёзов, 45 яшар Баҳодир Ўразбоев, 44 яшар Матёқуб Масабуров ва 43 яшар Ғайрат Рўзиметов - 2016 йил, сентябрь ойининг 16-23 кунлари оралиғида Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинганлар.​

"Жиҳодчилар"

Тергов хулосаси
Тергов хулосаси

​Айбланувчилар яқинларига кўра, айблов хулосаси айбланувчиларга улар ҳибсга олинганидан деярли тўрт ой ўтиб, 13 январда суд бошланиши ортидан берилган.

Хоразм вилояти ИИБ Тергов бошқармаси катта терговчиси, капитан Абдиримов имзоси билан битилган айблов хулосасида "тақиқланган диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ғоялар йўғрилган" гуруҳ раҳбари сифатида кўрилган Масабуров қуйидаги "жиноий амаллар"ни содир этишда айбланмоқда:

- Суриядаги жиҳодий ҳаракатларда қатнашиш мақсадида ҳижратга даъват қилиш;

- "Жиҳодчилар" оқими тарафдорлари таъсири остида мазкур оқим ғояларидан сабоқ олиш;

- "Жиҳодчилар" оқими мафкуралари ва ғояларини мунтазам равишда қўллаб-қувватлаш;

- Диний жамоат тузиш ва унга раҳбарлик қилиш;

- "Жиҳодчилар" оқимига ёшларни жалб қилиш;

- Диний йиғилишларда фаол қатнашиш;

- Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган сиёсатни қоралаш;

- Намоз ўқишда жамоада имомлик қилиш;

- Диний мавзуларда ўзаро суҳбатлар ўтказиш

- Аёлларга ҳижоб ўрашни ва эркакларга соқол қўйишни тарғиб қилиш;

Бироқ, тергов хулосасидан маълум бўлишича, Масабуров тергов пайтида айбловларнинг бирортасига иқрор бўлмаган.

Масабуров кўрсатмасида, жумладан, шундай дейилади:

"Мени ушбу қарорда кўрсатилган ҳолатларга алоқам йўқ. Мен қарордаги шахсларни танимайман. Буларнинг ҳаммаси менга нисбатан туҳмат. Мен намоз ўқимайман. Мен иккинчи гуруҳ ногирониман. Бировни жамоатга жалб қилмаганман. Мен Сурия давлатини ҳайвонларни уруштиришга ўхшаш одамларни уруштираётган жой деб биламан. Мен бунга ўта салбий муносабатдаман. Чунки у ерга ақли норасо шахс бориб урушади. Улар ким учун урушиб юришганларини билишмайди."

"Жиҳодчилар" оқими" фақат Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тилга олинадиган "диний экстремист оқим" сифатида танилган.

Бироқ, дунёнинг бирон бир минтақасида бу ном билан фаолият юритган гуруҳнинг мавжудлиги қайд этилмаган.

Озодликка интервью

Озодлик суҳбатлашган икки адвокатнинг қайд этишича, терговчилар айбланувчиларнинг Озодлик радиосини тинглаганликлари ва Озат Масабуровнинг Озодликка интервьюлар бергани ҳолатини "жиноий қилмиш" сифатида квалификация қилишга уринганлар.

"Озат Масабуров бир пайтлар Озодликка бир неча марта интервью берган экан. Тергов хулосасида терговчилар ўша интервьюларни гўёки жиноий қилмиш, деб квалификация қилишга уринган," деб айтди айбланувчилардан бирининг адвокати.

Айблов хулосасида гувоҳ сифатида қайд этилган Урганч шаҳридаги "Чакка" маҳалласи раиси Руслан Султонов ҳам ўз кўрсатмасида Озат Масабуров давлат "сиёсатидан норози бўлиб" Озодлик радиосида чиқишлар қилганини билдирган:

"Озат Масабуров давлатимиз сиёсатидан норози бўлиб, Озодлик радиосига чиқиб гапирганлигидан барча маҳалладошларининг хабари бор. Озат Масабуровнинг уйига шубҳали шахслар келиб-кетиб турар эдилар. Озат Масабуров шубҳали тарзда ҳаёт кечириб, ўзининг яшаш уйида диндорлар келиб-кетиб юрганлиги ҳақида маълумотга эга бўлганимдан кейин ҳозирги кунда халқимизнинг тинчлигини сақлаш мақсадида уларнинг ҳаракатларини текшириб, уларга нисбатан чора кўришлик учун бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига ариза билан мурожаат қилганман," дейилади Руслан Султоновнинг кўрсатмасида.

Бироқ, судни кузатаётганлар айбланувчилар яқинлари ва унда иштирок этаётган адвокатлардан икки нафарига кўра, айбланувчилар суд жараёнида тергов пайтида ўз ихтиёрларига қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганликларини айтганлар.

Жумладан, Руслан Султонов айбланувчиларни умуман танимаслигини, кўрсатмага терговчи талаб қилгани учун имзо қўйганини айтган.

Айни пайтда Озат Масабуров истиқомат қилган "Шоликор" маҳалласи раиси Маримбой Худойберганов ҳам худди қўшни маҳалладаги касбдоши сингари кўрсатма берган:

"Озат Масабуров давлатимиз сиёсатидан норози бўлиб, Озодлик радиосига чиқиб гапирганлигини барча маҳалладошларининг хабари бор," дея таъкидланади Маримбой Худойберганов кўрсатмасида.

Бироқ, судни кузатаётганларнинг айтишича, у ҳам 7 февралда ўтган навбатдаги суд мажлисида мазкур кўрсатма унга тегишли эмаслигини айтган.

Озат Масабуров 2011 йил 17 мартида Озодликка Қодирберган Сайиджонов номи билан интервью берган ва унда Урганчда газ муаммоси мавжудлиги ҳақида фикр билдирган эди.

Озодлик мухбири айни масала юзасидан Урганч туман суди ва прокуратурасига боғланди, аммо унинг муносабат олиш уринишлари натижа бермади.

Ўзбекистон президенти 1997 йил 24 апрелда имзолаган "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланади; Ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Озодлик суд жараёнини кузатишга ҳаракат қилмоқда.

Шарҳларни кўринг (14)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG