Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 13:18

Коллежлардан лицейларга ўтмоқчи бўлган талабалар ҳуқуқлари бузилмоқда


Касб-ҳунар коллежларидан академик лицейларга ўтиш учун 2018 йил августида ота-оналар томонидан Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигига жами 99 ариза берилган бўлсада, вазирлик фақат 29 талабага академик лицейларга ўтишга рухсат берган холос.

Ўзбекистонлик Мирзо Субхоновдан келган мақола шу маълумотлар билан бошланади. Озодлик Субхоновнинг хатида келтирилган маълумотларни қўшимча текширгани йўқ, лекин уларга ишонмасликка ҳам асослари мавжуд эмас. Мавзу давом этиши, тегишли идоралар ўз изоҳини бериши мумкин, деган фикр билан Мирзо Субхоновнинг хатини эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.

Хатнинг давомини ўқинг:

Коллеждан лицейга ўтиш оддий ҳолга ўхшасада, бу нарса энг юқори турувчи орган Олий таълим вазирлиги тасарруфида эканлиги бизни ҳайратга солмоқда. Вазирликнинг ушбу ҳаракатларидан ота-оналар ҳам ўзларининг норозилигини билдиришмоқда.

Коллеждан лицейга ўтишга рухсат берилмаган ота-оналардан бирининг маълум килишича: «Олий таълим вазирлигидаги масъуллар томонидан ўкишни коллеждан лицейга кўчириш рад этилганлиги юзасидан асосли жавоб берилмаган».

Ушбу ҳолат юзасидан бизнинг қўлимизга етиб келган Олий таълим вазири биринчи ўринбосари О.Абдураҳмонов имзоси остидаги ҳужжатни батафсил ўрганишга ҳаракат қилайлик:

Олий таълим вазирлиги ушбу хатда коллеж талабаларини лицейга кўчириш Вазирлар маҳкамасининг 367-сонли карорига асосланган деб иддао килишган.

Аммо, 367-қарор коллеждан лицейга эмас, балки коллеждан коллежга ўтиш тартибини белгилашини алоҳида айтиб ўтиш керак. Бу нарса коллежлардаги турли йуналишларда ўтиладиган фанларнинг якуний касб-ҳунар дипломига туғри келиши билан боғлиқ. Шунга қарамасдан Вазирлар маҳкамаси қарори Олий таълим вазирлиги томонидан нотўғри талқин қилинган ва бу қарор қўшимча бюрократик тусиққа айлантирилган.

Бундан ташқари ушбу хатда лицейга ўтишга рухсат берилмаган талабаларга рад этиш сабаби айтиб ўтилмаган.

Аризаларини кўриб чиқишда вазирлик нообьективлигига ҳам асос булиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Хусусан, аксарият талабаларга рад берилган бўлсада, Бухоро иқтисодиёт ва банк коллежи иккинчи курс талабасига Бухоро давлат тиббиёт институти академик лицейи иккинчи курсига ўтишга рухсат берилган.

Вазирликнинг қайси талабларга асосланиб у ёки бу талабага лицейга ўтиш ёки ўтмаслиги бўйича қарор қабул қилганлиги номаълум. Вазирлик даражасида қабул қилинган ва Олий таълим вазири ўринбосари томонидан имзоланган хатда кўпгина техник хатолар мавжудлиги хам бизни таажжубга солди.

Президент Шавкат Мирзиёев коллежлар фаолиятини кескин танқид қилган эди ва 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олдинги, ўн бир йиллик мажбурий таълим тизимига ўтилди ва коллежлар фаолиятини қайта ташкиллаштириш белгиланган.

Ўзбекистон демократик давлат бўлиб, талабаларнинг коллеж, академик лицей ёки мактабларда ўкишлари уларнинг уз хоҳиши ёки вояга етмаган булса, ота-оналарнинг хоҳиш-иродаси билан амалга оширилиши шарт.

Юқорида келтирилган мисол эса, фуқароларнинг конституциявий хуқуқларининг чекланаётганлигига мисол бўла олади. Биз бу ҳолатга Олий таълим вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза килувчи органларнинг эътибор қаратишини хоҳлаймиз. Фуқароларнинг танлаш ва таълим олиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмаслиги керак.

Мирзо Субханов

XS
SM
MD
LG