Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 03:14

Тадбиркорлар: Президент фармонига қарамай¸ банклар кредит таътили бериш сўровини рад қилмоқда


Марказий банк тижорат банкларига пандемия оқибатида оғиқ аҳволга тушган мижозларга кредит таътили беришни тавсия қилган¸ аммо тижорат банклари бу тавсияни қабул қилмаслик ваколатига эга.

Дунёнинг аксар давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ кескин чекловлар ва карантин оқибатида банкротлик ёқасида қолган тадбиркорлардан тортиб ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарилган оддий ишчиларга қадар банкдан олган кредити тўловларини қандай қайтариш муаммоси олдида қолмоқда.

24 март куни Озодликка боғланган ўзбекистонлик тадбиркорлар кредит тўловларини кечиктириб туришни сўраб банкларга мурожаат қилгани¸ аммо рад жавоби олганини билдирди.

Ўзбекистон Марказий банкининг Озодлик суҳбатлашган мулозими кредит тўловларни тўлашга қийналиб қолганларга 2020 йилнинг 1 октябригача тўлов таътили бериш ва кредит муддатини узайтириш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди.

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида яшовчи фермер Шодиқул Маткаримов 2018 йилда "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастури доирасида "Халқ банки" туман бўлимидан уч йилга 30 миллион сўмлик кредит олган.

Тадбиркор коронавирус билан боғлиқ чекловлар кредит тўловларини тўлаш имконидан махрум қилганини айтади.

Кредит олганмиз, саккиз фоизлик. Ойда 1 миллион 150 минг сўм тўлови бор. Шу пайтгача тўлаб келдик. Ҳозир ишимиз тўхтаб қолган. Коронавирус сабаб ҳеч қаерга қимирлай олмаяпмиз.

- Кредит олганмиз, саккиз фоизлик. Ойда 1 миллион 150 минг сўм тўлови бор. Шу пайтгача тўлаб келдик. Ҳозир ишимиз тўхтаб қолган. Коронавирус сабаб ҳеч қаерга қимирлай олмаяпмиз. Кўчага чиқманглар деяпти, шунга пул келиши тўхтаган. Карантин даврида тўловларни музлатиб турса яхши бўлар эди, лекин банклар тўламасаларинг пеня минади, деб огоҳлантиряпти, - дейди сардобалик фермер.

Тошкентдаги "Ватанпарвар" ташкилоти қошида ташкил этилган ҳайдовчилик мактаби ходими 24 март куни Озодлик билан суҳбатда ўзи ва ўнлаб ҳамкасби ойликсиз меҳнат таътилига чиқарилгани сабаб банк тўловлари тугул¸ коммунал хизматлар ҳақларини тўлашга қийналаётганини айтди.

Ҳали карантин бўлмасидан ҳамма автошкола ходимларини ўз ҳисобидан таътилга чиқаришди. Бир сўмсиз қолдик.

- Ҳали карантин бўлмасидан ҳамма автошкола ходимларини ўз ҳисобидан таътилга чиқаришди. Эртадан бошқа ташкилотларнинг ходимлари ҳам бессодержанияга чиқариляпти. Бир сўмсиз қолдик. Майли¸ ўз ҳисобимиздан бўла қолсин, лекин уйга олган ипотека кредит тўловларини, коммунал тўловларни карантин тугагунча тўхтатиб туришса яхши бўларди. Бошқа давлатларда шунақа қилишяпти, бизда йўқ, - дейди ҳайдовчилик мактаби ходими.

Озодлик кредит тўловларини тўлашга қийналаётганларнинг арзи юзасидан Марказий банк расмийлари билан боғланди.

Марказий банкининг 24 март куни Озодлик суҳбатлашган мулозими кредит тўловларни тўлашга қийналиб қолганларга 2020 йилнинг 1 октябригача тўлов таътили бериш масаласи кўриб чиқилаётганини айтди.

- Мижозларнинг имкониятларидан келиб чиқиб, уларга тўловлар бўйича 2020 йил 1 октябрига қадар имтиёз бериш ва шуни эвазига кредит шартнома муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқяпмиз. Жойлардаги тижорий банкларга бу бўйича тавсиялар берилган. Ҳар бир мижоз вазияти ўрганилиб, уларга имтиёзлар, жумладан тўлов таътили бериш кераклиги айтилган, - деди Марказий банк мулозими.

Озодлик билан суҳбатда бўлганлар Марказий банк тавсияси тижорат банкларида қабул қилинмаëтгани¸ ўзлари борган маҳаллий банк бўлимлари тўловларни кечиктириб туриш сўровини рад қилаётганини айтишди.

- Жума куни ҳам телефон қилдим, бугун ҳам телефон қилдим. "Халқ банки" ходими "тўлайсан, тўламасанг қўшимча қиймат минади устига", дейди. Тўловдан қочаётганимиз йўқ. Давлат уйдан чиқманглар деётган экан¸ бу ёғини ҳам қилсин, - дейди сардобалик тадбиркор Шодиқул Маткаримов.

"Халқ банки"нинг Тошкентдаги марказий идорасининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини истаган ходими кредит тўловларини кечиктириш сўралган мурожаатларнинг кўпайиб кетганини билдирди.

- Ҳар бир ҳолатни ўрганиб чиқяпмиз. Агар ҳақиқатан ҳам коронавирус сабаб мижозимиз тўлов имконисиз қолган бўлса, ишидан айрилган ёки ўз ҳисобидан таътилга чиқарилган бўлса¸ уларга¸ албатта¸ имтиёзлар берилади.

Айни пайтда на Марказий банк¸ на "Халқ банки" мулозими тўлов таътилинингг кимларга¸ қачондан бошлаб¸ қандай шартлар асосида берилишига аниқлик киритди.

Ўзбекистон президенти 2020 йил 20 мартда имзолаган "Коронавируснинг иқтисодиётга салбий таъсири ва глобал инқирозни юмшатиш бўйича фармони"да ҳам кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш ва кечиктирилган муддатда қарздорлик учун жарима қўлланилмаслиги ҳақида айтилган.

Молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган кредитлар тўловарини ҳам жарима санкцияларини ҳисобламаган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар узайтириш президент фармонида таъкидланган.

Айни фармонда, 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддатини 2020 йил 1 августга қадар узайтириш¸ жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддатини ҳам 2020 йил 15 октябрга қадар узайтириш топширилган.

Бутун дунë¸ хусусан¸ Ўзбекистонда ëйилиб бораëтган коронавирус пандемияси сизнинг бизнес фаолиятингизга қандай таъсир қилмоқда? Ҳозирги шароитда Ўзбекистон ҳукуматидан кичик ва ўрта бизнесни банкротликдан сақлаб қолиш учун қандай ëрдам кутяпсиз? Бу ҳақдаги фикрингизни Озодликнинг @ozodnews Telegram каналига ëзиб юборинг.

XS
SM
MD
LG