Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:48

Лола Исломова Матбуот агентлиги бош директорига очиқ хат билан мурожаат қилди


Anhor.uz сайтининг очиқ хат эълон қилинган саҳифаси.
Anhor.uz сайтининг очиқ хат эълон қилинган саҳифаси.

“Ҳеч бир инсон бирор шахс, шахслар гуруҳи ёки идора унинг нимани билиши мумкинлиги, нимани эса, билишга ҳаққи йўқлигини белгилашига ҳеч қачон рози бўлмайди”, - дейилади Anhor.uz сайти бош муҳаррири Лола Исломованинг Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриевга ёзган очиқ хатида.

Ўз хатида журналист Агентлик бош директорининг "Маънавиятга зарар етказганларни аямаймиз" сарлавҳали мақоласига ҳамда унинг ортидан эълон қилинган айрим оммавий ахборот воситаларига огоҳлантирувга ("Оғриқли нуқта" сарлавҳаси билан берилган) жавобдир.

“Холис ва конструктив танқид – ўз-ўзидан камчиликларни кўриш ва бартараф этишга ёрдам берувчи, ҳар қандай ишни олдинга силжитадиган, тараққиётнинг энг кучли воситаларидан бири. Аммо айнан шу туфайли мазкур воситадан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш зарур. Сизнинг мурожаатингиз ортидан кейин эълон қилинган "Оғриқли нуқта" мақоласи журналистика тақдиридан хавотирланишга мажбур қилади”, деб ёзади журналист.

Шундан сўнг,мамлакат фуқаролари таниқли инсонлар ҳаётининг қайси тарафини кўришлари "мумкин"лигию, қайси тарафини кўриш "мумкинмаслиги" билан шуғулланиш нафақат айрим шахслар, балки ҳеч бир давлат муассасасининг иши эмаслигини таъкидлаган Лола Исломова бундай ёзади:

“Бу инсон қадр-қимматининг энг сезувчан торларини чертувчи нозик моддият, асосийси унинг Ўзбекистон Конституциясида кафолатланган ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқидир. Ҳеч бир инсон бирор шахс, шахслар гуруҳи ёки идора унинг нимани билиши мумкинлиги, нимани эса билишга ҳаққи йўқлигини белгилашига ҳеч қачон рози бўлмайди”.

Очиқ хат муаллифи фикрича, Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори оммавий ахборот воситаларига, мулкчилик шаклидан қатъиназар, ҳаммага бирдай муносабатда бўлишга чақиради.

“Сиз мурожаатингизда хусусий ОАВлардаги журналистиканинг сифати паст эканлиги ҳақида айтгансиз. Аммо холислик учун мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ОАВ, биринчи навбатда молиялаштирилиши солиқ тўловчилар ҳисобига амалга ошириладиган давлат нашрлари ва сайтлари ҳам танқид қилиниши керак”, - деб ёзган Лола Исломова.

Anhor.uz сайти бош муҳаррири фикрича, Журналистлар этикаси миллий кодексини қабул қилиш лозим. Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорига мурожаат қилар экан, Лола Исломова бундай ёзади:

"Лазиз Хушбоқович! Журналистлар ўн йилга яқин вақтдан буён "Ўзбекистон журналистлари этикаси миллий Кодекси"ни қабул қилишни таклиф этиб келишмоқда. Сизнинг ёрдамингизда журналистлар ахлоқ кодекси ва ниҳоят дунё юзини кўришига ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилишига, сўнгра қабул қилинишига умид қилгимиз келади. Шубҳасиз, ахлоқ кодекси қонун эмас ва тавсиявий тусга эга, лекин у журналистлар учун ҳам, журналистларнинг ёзганларини танқид қилмоқчи бўлганлар учун ҳам аниқ бир мўлжал бўлади. Ахлоқ кодексининг қабул қилиниши медиа-ахлоқ соҳасидаги баҳсли масалалар бўйича қарор қабул қилувчи медиа-кенгаш тузилишини кўзда тутади. Қолган барча масалалар суд орқали ҳал этилади, - дейилган Anhor.uz сайти бош муҳаррири Лола Исломованинг Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори очиқ хатида.

Лола Исломова - Anhor.uz сайти бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг “Йилнинг энг яхши журналисти” мукофоти (2016) ҳамда “Олтин қалам” мукофоти (2016) соҳибаси.

XS
SM
MD
LG