Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:25

Россия яна бир қидирувдаги ўзбекни Ўзбекистонга бериб юборди


Нурали Орзиевнинг "ориентировкаси"дан олинган фотосурат
Нурали Орзиевнинг "ориентировкаси"дан олинган фотосурат

Қашқадарёлик 29 яшар Нурали Орзиев Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарори борлигига қарамасдан Россия ҳукумати томонидан Ўзбекистонга эктрадиция қилинди. Ўзбекистонда “диний ташкилот тузиб, конституциявий тузумни ағдаришда” айбланаётган бу ўзбек муҳожири 2013 йилдан буён Қашқадарё Ички ишлаб бошқармасининг тергов бўлими томонидан халқаро қидирувга берилгани маълум.

Россия ҳукумати навбатдаги ўзбек қочқинини Ўзбекистонга бериб юборди.

Ўтган йилнинг декабр бошларидан буён Санкт-Петербургдаги Хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш марказида (СУВСИГ) миграция қоидаларини бузгани учун ушлаб турилган 1989 йилда Қашқадарёда туғилган Нурали Орзиев шу йилнинг январ охирларида Ўзбекистонга бериб юборилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Орзиевнинг Петербургдаги яқин дўсти Алина Нурали аллақачон Қарши тергов изоляторида экани тўғрисида тасдиқловчи хабар етиб келганини билдирди:

- У ерда телефонлари бор. 25 январ куни у охирги маротаба бизлар билан алоқага чиққан эди. У касал эканини айтганди – белидаги асаб томирини қисиб олган экан, шифокорлар унга укол қилаётган экан тинимсиз. У билан бирга ётган бошқа боллар кейинроқ унинг аҳволи ёмонлашгани ва уни изолятор касалхонасига олиб кетишганини айтишди.Шундан кейин у билан алоқа узилди... 6 феврал куни биз уни Красное Селога кўргани борсак, “Икки ҳафта олдин уйига жўнатиб юбордик!”, дейишди. Унинг Қашқадарёдаги амакиси бугун менга хабар бердики, Нуралига аталган кийим-кечак ва озиқ овқатни Қарши изоляторида олишибди, фақат у билан учрашишга рухсат беришмабди, деди Алина.

Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармаси ўзбекистонлик қочқин Нурали Орзиевнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилингани тўғрисида унинг яқинларига бирор ҳужжат тақдим этганича йўқ.

Нурали Орзиев
Нурали Орзиев

Орзиев ҳимояси билан шуғулланиб келаётган “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази ҳимоячиси Зуҳро Ҳамроева Инсон ҳақлари бўйича Европа судининг Нурали Орзиевни Ўзбекистонга бериб юбормаслик тўғрисида 39 Қоидасини қўллагани тўғрисида қарори борлигига қарамасдан ноқонуний экстрадиция қилишганини билдирди.

“Улар Россия қонунларини ҳам бузган ҳолда Орзиевни мамлакатдан чиқариб юборишди!”, дея давом этади ҳимоячи.

- Ўтган йилнинг декабр ойида у “миграция қонунчилигини бузганликда” айбланиб, Ўзбекистонга чиқариб юборилиши учун СУВСИГга жойлаштирилди. Биз Василеостровский судининг бу қарори устидан шикоят ёздик, ундан аввал эса Страсбург судига унга қўйилган айбловлар сохталиги туфайли бериб юбормаслик учун 39 Қоидани қўллашни сўраб, мурожаат қилдик. 2018 йилнинг 19 январида Европа суди Орзиев Нуралини Ўзбекистонга бериб юбормаслик тўғрисида ўз қарорини чиқарди. Қизиғи, 23 январ куни Петербург шаҳар суди “Орзиевнинг арзи номаълум шахслар томонидан берилгани” баҳонаси билан кўриб чиқишдан бош тортди. Яна бир неча кундан кейин – 26-27 январ кунлари Нурали пинҳона Ўзбекистонга бериб юборилди, деди ҳимоячи Зуҳро Ҳароева.

Нурали Орзиевнинг ҳибсда экани-эмаслиги тўғрисидаги Озодликнинг Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармасига қилган мурожаатига Орзиев қидирувда эканини тасдиқлашди, бироқ шундан ортиқ маълумот берилмаслигини билдиришди.

Халқаро қидирувда бўлган Нурали Орзиев 1989 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. 2013 йилнинг 29 августида Нурали Орзиев Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг Тергов бўлими томонидан халқаро қидирувга берилган.

Ўзбек махфий хизматлари ўзбек муҳожирини Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 моддаси 3 қисми (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз), 224.1 моддаси 3 қисми (жамоатчилик тартибига ва хавфсизлигига хавф туғдирадиган материалларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш), 244.2 моддаси 1 қисми (Диний экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш), 155 соддаси 1 қисми (Террорчилик) ва 223 моддаси 2 қисми (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) асосида жавобгарликка тортаётгани маълум бўлди.

2017 йилнинг 10 ноябрида Петербургнинг Василеостровский туман суди Нуралини халқаро қидирув асосида ҳибсга олган, бироқ қамоқдан чиқармасдан туриб, уни “миграция қонунчилигини бузгани” важи билан депортация марказига юборганини билдиришди унинг ҳимоячилари.

Орзиевнинг яқинлари ва ҳимоячилари ўзбек қочқини Қашқадарёда ўзига нисбатан жиноий иш сохталаштирилганини иддао қилиб келганини билдиришди.

Охирги йилларда Нурали Санкт-Петербургда савдо дўконида бошқарувчи бўлиб ишлаб келгани маълум.

“Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари маркази Россия Ички ишлар вазири Владимир Колоколцев номига ва Россия Бош прокуратурасига Нурали Орзиевнинг Ўзбекистонга ноқонуний бериб юборилиши масаласида тушунтириш бериш талаби билан махсус мурожаатнома йўллади.

XS
SM
MD
LG